Коронавирусни худди уйингизда “меҳмон” қиладигандек, бозорга чопманг!

Турклар меҳмон келса, "Бошимиз устида ерингиз бор", дейишади. Самарқандда тожик оғайниларимиз "Хуш омадед, нури дийда тожи сар", яъни "Хуш келибсиз, кўзимизга нур, бошимизга тожсиз", дейишади.

Хуллас, кутдикми, кутмадикми, бизга ёқадими, ёқмайдими, коронавирус Ўзбекистонга келди!

Ҳамма худди коронавирусни ўзи, ўз уйида меҳмон қиладигандек, бозорга чопди! Ун, ёғ, шакар, макарон, ҳатто тузга ёпишди одамлар!

Тавба қилдим, олган нарсангизни қанча вақт ейсиз? 14 кунми? Кейин-чи? Яна ташқарига чиқасизми?

Менимча, коронавирусни яхши кутиб олмаяпмиз. Ҳовлиқиб қолдик, менимча. Коронавируснинг ўзидан қанча зарар кўрамиз, ҳали буни Аллоҳ билади, аммо унинг ваҳимасидан, васвасадан кўпроқ зарар кўришимиз мумкин.

Мен бошқа нарсани ўйлаб қолдим. Ўлимни. Жанозаларни. Эътибор берганмисиз, ўлимда, айниқса, жанозаларда бир ибрат бор: ҳамма бир-бирига меҳрибон бўлиб қолади, одамлар жипслашади. Топилмаган нарсалар топилиб, ҳал бўлмай юрган муаммолар ҳал бўлиб кетади. Ўлган одамнинг кўчаси асфальт бўлиб қолади, ҳеч бўлмаса, тош тўшалади, чор-атроф тозаланади. Энг муҳими, жаноза куни одамлар ўзларининг ЎЗБЕК эканини эслаб қолади, эркаклар тўн, дўппи кийиб, белига белбоғ боғлайди. Аёллар сандиққа кириб кетган лозимларини олиб кийишади, устига ҳам авратини тўсадиган кийим кийиб, бошига рўмол ўрайди. Уларни кўрган эркаклар "Четда туринглар, аёллар ўтиб кетсин!" дейди. Жаноза кунигина ўзбек қандай бўлиши керак бўлса, шундай бўлиб қолади. Тавба қилдим, кўнглимдан ғалати гаплар ўтади ўшандай пайтлари: "Ҳар куни жаноза бўлиб турса яхши экан..."

Хўш, коронавирус келди, энди нима қиламиз?

Менимча, коронавируснинг ҳам яхши томонини кўра билшимиз керак, коронавирусдан ҳам ибратланишимиз керак. Худди жанозадагидек, жипслашишимиз, бир-биримизга меҳрли, мурувватли бўлишимиз керак.

Васваса билан бозорга чиқиб, бозорни супуриб-сидириб келсак, қолганлар очликдан қирилиб кетмасин яна!

Кейин бу ишимиз олиб-сотарларнинг ҳам тегирмонига сув қўйиши аниқ. Ҳали коронавирус келмай туриб, 500 сўм турган ниқобларни 4000-5000 сўмдан сота бошлаган, ҳали камида 10.000 сўмга сотаман, деб бекитиб қўйган бу муттаҳамлар нарх-навони кўтариб юбормаслигига ким кафил?

"Нархни оширсанг, жазолайман", дегани билан ҳамма бирдан оширса, кимни жазолаб бўлади?

Оломон ёмон! Оломонни бошқариб бўлмайди! Бошқа масалада нима бўлса, бўлди, мана шу коронавирус масаласида оломонлашмаслигимиз шарт!

Ҳамкасбларим бўлган журналистларга мурожаат қилмоқчиман: васвасага тушган, қўлига илинган нарсани уйига ташиётган одамларни кўрсангиз суратга, видеотасвирга олманг! Тарқатманг! Сиз ўйлаганнинг тескариси бўлиши, эълон қилган нарсангиз сиз кутмаган ёмонликка хизмат қилиши мумкин. "Ана, кўрдик, шунақа экан", деб қолганлар ҳам ваҳимага тушиб, сичқон доригача ертўласига ташиб кетиши мумкин!

Ҳаммани оғир-босиқликка чақираман! Шу пайтгача ишламай турган ақлларни ишлатишга, ҳар қачонгидан ҳам ақлли, вазмин бўлишга чақираман!

Майли, кўпга келган тўй, балки айримлар бу вирус туфайли ўлар, коронавируссиз ҳам ҳар куни қанча одам ўлади. Ўлим содир бўлса ҳам ваҳима қилмай, босиқлик билан, барча эҳтиёт чораларини кўриб, дафн қилайлик, бундан ҳам пиар қилмайлик, ўлаётган одам тасвирларини тарқатиб юбориб, одамларни ваҳимага солмайлик.

Хуллас, пиар қилиш, ахборот оламида лидерликка, машҳурликка интилиш, шов-шув ясаш ишларини орқага суриб қўядиган пайт келди.

Ҳаммага соғлик, саломатлик тилайман!

Аллоҳ юборган бу синовдан ҳам элнинг бошига тушган сон-саноқсиз синовлардагидек, сабр-тоқат билан, муносиб ўтишингизни тилайман!

Бало даф бўлганда, катта тўй ва катта байрамларда кўришиш барчамизга насиб бўлсин!

Каримберди ТЎРАМУРОД.