Криштиану Роналду коронавирус юқтириб олди

Таниқли футбол юлдузи, Италиянинг “Ювентус” футбол жамоаси ва Португалия терма жамоаси аъзоси Криштиану Роналдуда коронавирус инфекцияси аниқланди. Бу ҳақда Португалия футбол федерацияси сайтида хабар берилди.

Унда ёзилишича, 35 ёшли футболчида ҳеч қандай асоратлар кузатилмаган, айни вақтда у карантинга олинган.

Роналду терма жамоадаги ўйинлардан озод этилди, у бугун Лиссабонда бўлиб ўтадиган УЕФА Миллатлар Лигаси гуруҳ  босқичидаги Швеция терма жамоасига қарши ўйинда майдонга тушмайди.

13 октябрь куни эрталаб Португалия терма жамоаси ўйинчилари топширган COVID-19 тест таҳлили натижаларига кўра, жамоанинг бошқа ўйинчиларида коронавирус инфекцияси аниқланмаганлиги ҳақида маълум қилинди.

Маълумот ўрнида: Роналду – беш карра “Олтин тўп” соҳиби, Португалия терма жамоаси таркибида Европа чемпиони. Футболчи ўтган мавсумда умумий ҳисобда 46 та ўйин ўтказди ва 37 та гол урди.