“Kundalik. com” платформасидан воз кечилмоқда, навбат “e.maktab.uz”га
Ўқитувчилар, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари учун рақамли таълим платформаси - “Kundalik.com” тизими ўзини оқламади. Кейинги пайтда ўқитувчилар дарс жараёнида асосий вақтини “Kundalik.com”ни тўлдиришга сарфлади, тизимни ишлатиш фоизини кўтариш учун ота-она ўрнига ҳам платформага ўқитувчи кирди. Ўқувчилар исталган пайт баҳоланди, қўйилган баҳолар хоҳлаганча ўзгартирилди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хабарига кўра, бу каби муаммоларга барҳам бериш мақсадида жорий йилги ўқув йилидан “e-maktab.uz” платформаси ишга туширилади.
Арслонбек Раҳмонқулов, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ахборот коммуникацияларини жорий этиш ва рақамлаштириш бўлими мутахассиси:
- “Kundalik.com” платформасида айрим камчиликлар бор эди. Нотўғри талқинларни бартараф этиш мақсадида “e-maktab.uz” платформасига ўтишга қарор қилинди.
Бу тизимни яратиш учун соҳа мутахассислари кўп изланиш ва ўрганишлар олиб борди. Тизим янада такомиллаштирилди ва замон талабларига мослаштирилди. “e-maktab.uz” нафақат электрон кундаликни ва электрон журнални, балки ўқитувчилар учун “кундалик смарт” тизимини ҳам ўз ичига олган.
Бунда ўқитувчи уйга вазифа бераётганида рақамли таълим ресурсларидан фойдаланган ҳолда болаларни таълимга жалб қилиш учун кўпгина имкониятлардан фойдаланиши мумкин. Мисол учун, ўқитувчи ўқувчига уйга вазифани ўйин ёки мультфильм шаклида бериши ҳам мумкин.
Қайд этиш лозимки, “e-maktab.uz” платформасига ўтиш учун ижтимоий сўровномалар ташкил қилинди, жамоатчилик фикри ўрганиб чиқилди.
“e-maktab.uz” платформасига ўтиш ўқитувчини ортиқча қоғозбозлик ташвишидан озод этади. Шаффофликни таъминлайди. Энг асосийси, ота-оналар фарзандининг таълим олиш жараёнини назорат қилишга жалб қилинади. Ота-она бу мобил иловани юклаб олса, дунёнинг қайси нуқтасида бўлмасин, фарзандининг давоматини, баҳоларини ва эртанги дарс режаларини текшириш имконига эга бўлади.
Олдинги ҳолатда баҳоларни ўзгартириш, ўқувчи кундаликни йўқотиб қўйиш каби муаммолар кўп учраган. Энди “e-maktab.uz” платформасида бу муаммолар бўлмайди. Бу платформада ҳар бир ўзгартириш ўз изини қолдиради.
Сардор Раҳимбоев, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги таълим ташкилотларини давлат аккредитацаясидан ўтказиш бўлими бошлиғи:
- Янги баҳолаш тартиби ўқувчиларнинг умумтаълим фанларини ўзлаштиришини ягона стандартлар асосида баҳолаш тартибини белгилайди. Ўқувчиларнинг бирор бир фанни ўзлаштириши форматив ва сумматив баҳолаш турлари асосида баҳолаб борилади.
Форматив баҳолаш - бу ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги доимий фикр алмашиш, мулоқот қилиш жараёнидир. Форматив баҳолаш асосан ўқувчини йўналтириш, рағбатлантириш хусусиятига эга. Бу ўқувчига кўпроқ рағбат, мотивация беришга хизмат қилади.
Сумматив баҳолаш эса маълум бир боб якунида ўқувчи эгаллаши керак бўлган стандарт билим ва кўникмалар баҳоланади.
Сумматив ва форматив баҳолаш тизими таълими ривожланган деярли барча мамлакатларга жорий этилган бўлиб, бу тизим келгусида мактаб таълимида инсон омили, нисбий баҳо беришга барҳам бериш, ўқувчиларни ҳаққоний баҳолашга хизмат қилади.