Купедаги ажина
(Мистика)
Бундан тахминан 10 йиллар олдин илмий сафарга йўл олдим. Мен чиққан Самарқанд-Москва йўналишли поезддаги 13-вагонда одам жуда кам эди. Купeдa бир қари чoлдан бошқа шерик бўлмагани сабабли вагон кузатувчиси Рафиқ ака деган киши билан яхшигина ўртоқ бўлиб олдим.
Иккаламиз кузатувчилар хонасида тун ярмигача у ёқ-бу ёқдан суҳбат қуриб ўтирдик. Соат иккидан ўтганда хона эшиги очилиб, остонада кийимлари анча кир, оқ сочлари тўзғиб кетган, рўдапо кўринишли бир кампир пайдо бўлди.
- Менга бир дамлаб олишга лойиқ қуруқ чой беринглар, - синаётган шох товушига монанд овозда сўради у.
Рафиқ ака ўрнидан туриб токчадаги чиннидан ярим қисм қуруқ чой олиб, кампирга узатди. Кампир "раҳмат”ни ҳам насия қилиб, купедан чиқиб кетди. Биз бунга жиддий эътибор бермасдан суҳбатни давом эттирдик. Вагондаги сув қайнатувчи “титан” ўчирилгани сабабли чой ўрнига лимонад ичиб, эрмак қилиб ўтирардик. Рафиқ ака ичимлик шишасини олиб иккита стаканга лимонад қуя туриб бирдан тўхтаб қолди.
- Шерзодбой ака, бояги келган кампирнинг хаёли жойида эмас шекилли, қаранг, эътибор қилмабмиз, вагонда қайноқ сув йўқ-ку! “Титан” ўчириб қўйилганига уч соатдан ошди. Ахир, шунинг учун ҳам лимонад ичиб ўтирибмизку! - норози оҳангда ғудраңди Рафиқ ака.
- Менга қуруқ чой беринглар! – Рафиқ аканинг гапи тугар-тугамас шу мурожаат билан хонага бояги кампир кириб келди.
- Хола! Э йўқ, бе йўқ эшикни тақиллатмай купега кириб келдингиз, индамадим, ҳозир яна шу тарзда хонага кирдингиз, бундан уч дақиқа олдин қуруқ чой олган эдингиз, ҳозир уялмай яна чой сўраб турибсиз. Бир кишига бир вақтда икки марта чой берилмайди. Қолаверса, вагонда қайноқ сув йўқ, ахир “титан” ўчириб қўйилган-ку! Бу ҳам етмагандек вақт алламаҳал бўлиб қолган. Хуллас, хонангизга бориб дам олинг, сизга ҳозир ҳеч ким қуруқ чой бермайди бу хонадан! – тутоқиб тушунтирди Рафиқ ака.
Кампир бундай муомаладан шунчалик норози бўлдики, натижада шусиз ҳам тиришган пешонаси янада бужмайиб, ғижимланган гармонга ўхшаб қолди. Лаблари тортилиб, тепа сочи кўтарилгандай, кўзлари олайиб, совуқ ўт чақнагандай бўлди. Ўзи эса итга ҳамла қилмоқчи бўлган мушук ҳолатига тушди. Кампирнинг бундай важоҳатини кўриб, Рафиқ ака иккаламиз “қотиб” қолдик.
- Рафиқ, сув қўйиб, қайнат, мен келаман, - кампир пичирлаган овоз билан гапириб хонадан товушсиз чиқиб кетди.
Рафиқ ака ўрнидан тура солиб хона эшигини очди, бироқ эшик орқасида бирор жонзот йўқ эди. Иккаламиз бироз карахт аҳволда жимиб қолдик. Жимликни Рафиқ ака бузди.
- Шерзодвой, устимдан кулманг-у, бу кампир ажинага ўхшайди, - шивирлаб гапирди Рафиқ ака.
-Қўйсангиз-чи, Рафиқ ака, кампир шунчаки чойга хумор бўлиб қолибди, холос. Ярим кеча чанқаб уйғониб кетганлиги сабабли сизнинг олдингизга келиб чой сўради, бунинг ҳеч ғайритабиий жойи йўқ. Қолаверса, аллақандай ажина-пажина ҳаётда бўлмайди, сизнинг бундай чўпчакларга ишонишингизнинг ўзи ғалати, - ўзимни ҳам шу гапга ишонтириш учун дадил гапирмоққа ҳаракат қилдим.
- Яхши, - Рафиқ ака ўнғайсиз ҳолатдан чиқиш ва фикрини асослаш учун гапини давом эттирди, - агар хоҳласангиз мен сизга ўзимни бошимдан ўтган бир воқеани гапириб бераман.
-Майли гапиринг, - дедим мен.
Рафиқ ака лимонаддан бир ҳўплади-ю, ҳикоясини бошлади.
- Янги, 1966 йил кириб келаётган кеча эди. Соат кечки ўнлар атрофида дадам, аям ва мен байрам билан табриклаш учун қўшниникига чикдик. Катталар дастурхон атрофида, биз болалар эса байрам кайфиятида ўйин билан овора эдик. Бироздан кейин катталарнинг ичимлиги тугаб қолгани сабабли дадам менга ичимлик келтиришни буюриб, уйга юборди. Қўшни билан бизнинг ҳовлимиз орасида девор бўлмаганлиги сабабли, у уйдан бу уйга ўтиб-қайтиш шунчаки одатий ҳолат эди.
Мен ҳовлимиз томон юра бошладим. Икки ҳовли чегарасига етганимда мендан тахминан 20 метрлар нарида қандайдир шарпанинг ҳаракатларини сездим. Диққат қилиб “шарпа"га қарасам, аям тоғорада кир юваётган экан. Аямнинг янги йил кечаси, совуқ қиш тунида, яна ташқарида кир ювиши мени ниҳоятда ажаблантирди. Шу пайт аям икки қўлларини олдинга, мен томонга узатиб, “Рафиқ, Рафиқ, кел қучоғимга”, деб исмимни айтиб мени ўзи томон чорлай бошлади. Беихтиёр "шарпа" томон юрдим, орамизда чамаси уч метр масофа қолганида мен бу “шарпа"нинг кўзларини кўрдим. Улар ниҳоятда каттариб, совуқ нур таратарди, оғзининг икки чеккасида эса сўйлоқ тиши кўриниб турарди. Шу пайт аямнинг уйда дастурхон атрофида ўтиргани ёдимга тушди. Баданимни муздек тер қоплаб, оёқ-қўлимда мажол қолмади. Аям қиёфасидаги шарпа ажина эканлигини тушуниб етдим. Оёғим гарчи ерга замбилдай ботиб кетгандек туюлса-да, бор кучимни йиғиб, "дод” солиб, жон ҳолатда уйга югуриб кетдим. Эшикка етиб бориб орқамга қарасам, ажина кўрқинчли, ғaйритабиий тарзда тиржайиб, мен томон келарди. Менинг даҳшатли қичқириғимдан аям ва дадамнинг узоқдан югуриб келаётганларини кўриб ўзимни йўқотдим. Аям юзимга муздек сув сепганидан кейин ўзимга келиб, ота-онамга бўлиб ўтган воқеани гапириб бердим. Ўша тундан бошлаб аямнинг қиёфасидаги ажина мени таъқиб қила бошлади. Уйда ёлғиз қолганимда ажина эшикдан кириб келарди ва ҳар доимгидай исмимни айтиб ўзига имлаб чорларди.
-Кимсан? Мендан нима истайсан? - қичқирардим унга.
- Аянгман, Рафиқжон, кел бағримга, - деб ўзига имлашини давом эттирарди у.
- Бор йўқол! Сен аям эмассан! - деб, уни хонадан қувиб, ташқарига чиқариб юборардим.
Ташқарида эса янада ғалати воқеалар рўй берарди. Ажина ташқарида ҳам мени чорлашда давом этарди. Атрофда эса кучукваччаларга ўхшаш аллақандай жирканч махлуқлар уймалашарди. Улар мени кўришлари билан тишлаб олиш учун мен томонга югуриб келишарди. Бир куни шу махлуқлардан бирини тутиб олдим-да, шартта сўйиб ташладим. Бу махлуқ уч кун тушимга кириб, кесилган бошини ёнбошида қўлтиқлаганча “нега раҳминг келмай, мени сўйдинг”, деб ҳоли-жонимга қўймасди. Тўртинчи кундан бошлаб эса ажиналар мени умуман тинч қўйишди...
Рафиқ аканинг ҳикоясини эшитиб, ишонқирамай турдим-да, сўнг вақт алламаҳал бўлгани сабабли купега боришга тараддудлана бошладим, оёғимга эндигина шиппагимни илган эдимки, купега яна бояги кампир кириб келди.
- Чой тайёрми? - сўради у.
- Йўқ, бизни тинч қўясизми, йўқми? - бақириб берди Рафиқ ака.
Шунда кампирнинг кўзлари олайиб, оғзининг икки четидан сўйлоқ тишлари кўринди. У Рафиқ ака тасвирлаган ажина қиёфасига кирди-да, қўлларини Рафиқ ака томон чўзиб, уни ўзи томон чорлай бошлади:
- Рафиқ, нега онангнинг айтганини қилмайсан? Рафиқ, мен онангман, кееел қўй-ним-гааа!..
Эркин МУСУРМОНОВ.