Лондонда ўтказилган Наврўз байрамидан махсус репортаж
Буюк Британия пойтахтида ушбу давлатда истиқомат қилувчи Марказий Осиё давлатлари фуқаролари учун Наврўз байрами бўлиб ўтди. Лондон шаҳридаги мазкур байрам бутун жаҳон халқлари ошхонаси ҳамда кичик бизнес тармоқлари учун офислардан иборат Mercato Metropolitano мажмуасида ўтказилди.
Одатда Лондонда миллий байрамларимизни кенг миқёсда нишонлаш ҳомийлар маблағлари асосида ташкил этилади. Бу йилги байрам Европа тараққиёт ва қўллаб-қувватлаш банки, TEZ Parcel корхонаси, OshPaz & ORZU театрлари, Британияда яшовчи ўзбекистонликлар жўнатмалари билан шуғулланувчи фирма асосчиси Фаррух Расулов ва бошқаларнинг ташаббуси ҳамда ташкилотчилигида ўтди.
Айтиш керакки, байрам бу сафар ҳар йилгидан кўра ранг-баранг ва юртимизни эслатувчи кўринишларга бой бўлди. Павильонда сумалакдан тортиб, турли миллий таомлар пиширилди ва тарқатилди.
Шунингдек, Марказий осиёлик ҳунармандлар томонидан ясалган буюмлар намойиши, мамлакатимизнинг турли ҳудудларига хос куй ва рақслар ижроси байрамга йиғилган турли халқ ва миллатларнинг қизиқишига сазовор бўлди.
Байрамда нафақат ўзбекистон, балки қўшни давлатлар, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон, Қозоғистон вакиллари ҳам қатнашиб, ўз миллий куй-қўшиқларини намойиш этишди.
Зоҳида Милне-Бойматова,
Лондондан Zarnews.uz сайти учун махсус.