Наврўз тарихи ҳақида нималарни биламиз?
Наврўз байрамининг илдизи ибтидоий тузум одамларининг далаларда янги иш мавсуми бошланишидан олдин ўтказган кўкламги урф-одат, анъаналарига бориб тақалади.
Олимлар фикрига кўра, унинг шаклланиши зардуштийлик динининг пайдо бўлишигача давом этган даврни ўз ичига олиб, Хитойдан Ўрта денгизгача бўлган ҳудудларда яшовчи халқларнинг севимли айёми бўлиб келган. Ўша кунларда ҳатто уруш-жанжаллар ҳам тўхтатилган, гина-кудуратлар кечириб юборилган.
Энг қадимги ёзма манбалардан бири – зардўштийликнинг муқаддас китоби “Авесто”га кўра, баҳор қайтиши яхшиликнинг ёвузлик устидан ғалабасини англатган. Кейинги йилларда олиб борилган тадқиқотлар зардўштийларнинг эътиқодида Наврўз байрами муҳим ўрин тутганлигини кўрсатди. Хусусан, Самарқанддаги Кофирқалъа ёдгорлигидан зардўштийларнинг ҳосилдорлик ва сув илоҳи ҳисобланган Нана акс этган ёғоч паннонинг топилиши фикримиз далилидир. Археолог олим А.Бердимуродовнинг таъкидлашича, ёғоч панно Сўғд ҳукмдорларининг шаҳар ташқарисидаги саройида жойлашган бўлиб, у жойлашган хона диний ва дунёвий маросимларни, жумладан, Наврўз ва Меҳржон байрамларини нишонлаш учун хизмат қилган.
А.Фирдавсийнииг “Шоҳнома”сида Наврўз байрами шоҳ Жамшид номи билан боғланади. Жумладан, Жамшид юртга яхшилик қилиш мақсадида одамларга касб ўргатади, темир эритиб қурол ясайди, ип йигириб кийим тўқийди, иморатлар барпо қилади, табиблик сирларини очади, кема ясайди, боғ бунёд қилади. Ниҳоят, ишлари гуркираб мева берганда, тахт ясатиб, унда осмонга кўтарилади. Ушбу афсонага кўра худди шу кундан бошлаб Наврўз нишонланган. Байрам ҳақидаги маълумотлар Абу Райҳон Берунийнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”, Умар Хайёмнинг “Наврўзнома” асарида ҳам учрайди. М.Кошғарийнинг “Девону луғотит-турк” асарида Наврўзга оид маълумотлар келтирилган. Тарихчи олим Абу Бакр Наршахий (899- 959) ўзининг “Бухоро тарихи” асарида Наврўз куни Сиёвуш қабри бошида одамлар жонлиқ сўйишларини ва бунга уч минг йилдан ортиқроқ вақт ўтганини ёзган.
Темурийлар даврида Наврўз энг улуғ ва энг азиз, инсонларга чексиз қувонч улашувчи байрам сифатида нишонланган. Алишер Навоий ҳам ўз асарларида “Ҳар тунинг қадр ўлубон, ҳар кунинг ўлсун Наврўз”, деб бежиз бу кунни алоҳида ёд этмаган.
Баҳор ва меҳнат байрамининг пайдо бўлиши ҳақидаги тарихий маълумотлар даврлар ўтиши билан турли ўзгаришларга учраб, шу кунларгача етиб келган. Барча қадимги афсоналарда эса бу умумхалқ байрамининг пайдо бўлиши аждодларимизнинг баҳор фасли ва кўкламги дала ишларининг бошланишига алоқадор удумларига боғланади. Наврўз 21 мартдан 22 мартга ўтар кечаси “Қозон тўла” удуми билан бошланади. Шу оқшомда кечаси билан кўпчилик бўлиб сумалак ва ҳалим ҳам пиширилган. Бу таомлар қозони эртасига очилган. Наврўз “қозон тўладиган”, яъни қут - барака тантана қиладиган халқ байрами ҳисобланган.
Наврўзга бағишланган халқ қўшиқларидан бирида шундай дейилади:
Улус куни қозон тўлса,
Йил бўйи сут мўл бўлар,
Улуғлардан олқиш олсанг,
У йил ўлжанг мўл бўлар!
Асрлар ўтиши билан турли халқларда Наврўз байрамини ўтказиш маросимлари уларнинг турмуш тарзига, мафкурасига мослашган. Тарихий манбаларга кўра, бу кунни байрам қилиш расман аҳамонийлар давридан бошланган ва Ўрта Осиё, Эрон, Афғонистон ҳалқларида энг катта байрамлардан бири ҳисобланган.
Ҳозиргача Марказий Осиёда Наврўзнинг расмий ва норасмий тарзда нишонланиши хусусида махсус тадқиқотлар олиб борилмаган. Таниқли олим А.Маликовнинг тадқиқотида Бухоро ва Самарқандда Наврўзнинг нишонланиши, ислом динининг ёйилиши ва руслар истилосидан кейинги трансформация жараёнларига тўхталиб, Ўрта Осиёнинг маданий жиҳатдан турли хил бўлган мусулмон аҳолиси ғояларини ўзида мужассам этган байрам сифатида таърифлаган.Ўзбекистон ҳудудида яшаган халқлар бу кунни янги йилнинг бошланиши сифатида қувонч билан кутиб олганлар. Бир неча кун илгари тайёргарлик ишлари бошланган. Буғдой ундирилиб, унинг майсасидан сумалак тайёрланган. Ўтдан чучвара, ялпиз сомса каби таомлар пиширилган, отчопар, улоқ, кураш сингари халқ ўйинлари, сайиллар ўтказилган, баҳор, кўклам ҳақида қўшиқлар куйланган. Байрамнинг биринчи куни қишлоқ жойларида болалар тўп-тўп бўлиб хонадонлар эшиги олдида Наврўзга бағишланган қўшиқлар айтишган. Хонадон эгаси уларни совға-салом ва егуликлар билан сийлаган. Бу удум ҳозир ҳам Самарқанд ва Жиззах вилоятларининг айрим қишлоқларида сақланиб қолган.
ХХ асрнинг 80-йилларида Наврўз асоссиз равишда диний байрам ва маросимлар қаторида ман қилинди. Марказий Осиё давлатлари мустақилликка эришгач, бошқа қадриятлар қаторида Наврўз байрами ҳам тикланди. Ҳозир юртимизда ҳам Наврўз - умумхалқ байрами сифатида нишонланиб, 21 март дам олиш куни деб эълон қилинган. Ҳар йили шу куни республиканинг барча вилоятларидаги ҳиёбон ва майдонларда байрам сайиллари ташкил қилинади, концерт-томошалар уюштирилади.
Юртимиз тарихи давомида кўплаб ҳукмрон сулолалар, динлар ва мафкуралар алмашган бўлса-да, бироқ халқимиз Наврўз байрамини ҳамон нишонлаб келмоқда. Шу сабабли у билан боғлиқ фольклор – халқ қўшиқлари, болалар ўйинлари, афсона ва ривоят, маросимларни тўплаб, алоҳида мажмуа ҳолида нашр эттириш қадим удумларимизни сақлаб қолишда катта аҳамиятга эга бўлади.
Маҳмудхон ЮНУСОВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори.