Наврўз пайшанба кунига тўғри келса, неъматлар мўл, ёғингарчилик кўп бўлади
Бугун юртимизда байрам - табиат уйғониб, Наврўзи олам кириб келди.
Минг йиллар давомида маънавий ҳаётимизнинг кўрку зийнати бўлиб келаётган бу ажойиб, хосиятли байрам бугун қалбларимизга яна чексиз қувонч ва завқ бағишламоқда.
Наврўз қадим ва боқий байрам. Хусусан, Наврўз ҳақида «Авесто»да шундай битиклар бор: «Зардўштийлар эътиқодига кўра, кўклам гиёҳлари униб, дарахтлар куртак ота бошлагач ўша атрофдаги қора кучлар маҳф бўлган».
Таъкидлаш жоиз, Абу Райҳон Беруний Наврўз тарихи борасида Сосонийлар (226-650) давлати давридаги ажойиб байрам тантаналаридан ривоятлар сўйлайди. У йилнинг айрилишини илмий асосда исботлаб берган олимлардан саналади. Алишер Навоий кун билан тенглашган (Қуёш тақвими билан 21 март) паллани шундай изоҳлайди:
Юз очиб билдирди қад бирла сочи тенг эрканин,
Зоҳир ўлғондек туну кун тенглиги Наврўздин.
Наврўз XI асрда шарқ астроном мунажжимлари ишлаб чиққан ва амалга киритган 365 кунлик қуёш календари бўйича кирадиган янги йилнинг бир куни сифатида (бу ҳам 21 мартдан) байрам қилинади. Бу тақвим Малик шоҳ (ҳукмронлиги 1072-1097 йиллар) даврида киритилган. Унинг ойлари юлдуз туркумлари номи билан аталгани учун “буржий” (яъни, юлдуз туркумлари – арабча бурж ёки ҳозирги астрономик) календарь деб номланган. Қадимда Наврўз бир ҳафта, аниқроғи, олти кун байрам қилинган.
Умар Хайём «Наврўзнома» асарида шундай дейди: «Қачонки, Ҳамал қошидан ўз айланиш даври бўйлаб йўлга чиққан офтобни осмон яна уйига қайтариб келтирса, унинг бошқатдан фалак сайрига чиқишдан бошлаб оламни ўзгартириб юборадиган янги тарих бошланади».
Буюк аллома Ҳаким ат-Термизийнинг “Наврўзнома” асарида Наврўз ҳафтанинг қайси кунида келишига кўра, унинг бирорта сайёрага тааллуқли экани, йилнинг қандай кечишини, деҳқончилик, савдо-сотиқ ҳамда бошқа соҳаларда табиат ва замоннинг авзойи айтиб ўтилган. Масалан, душанба куни келса, ойга тааллуқли бўлиши ва ёмғир кўп ёғиши, ноз-неъматларга бой йил бўлиши, сешанба келса, Миррих (Марс)га тегишли бўлиши, чоршанба нишонланса, Аторуд (Меркурий)га қарашли бўлиб, роҳатчилик бўлиши, пайшанбага тўғри келса, Муштарий (Юпитер)га тааллуқли бўлиб, аксарият жойларда неъматлар кўп, баъзи жойларда кам бўлиши, қор-ёмғир кўп ёғиши, жума куни бўлса, Зуҳра (Венера)га дахлдор бўлиб, йил шодлик ва фаровонлик йили бўлиши, шанба куни келса, Зуҳал (Сатурн)га тааллуқли бўлиб, ёмғир кўп ёғиши, кузги экинларнинг яхши бўлиши, қиш охирида қаттиқ совуқ бўлиши, якшанбада эса қуёшга дахлдор бўлиб, йилнинг фаровон бўлиши кўрсатиб ўтилган.