Наврўз сайли: "Кўкламойим кўкингдан бер бир чимдим"
Қўшработ туманида Наврўз муносабати билан ўтказилган тадбир ҳар йилгидан-да кўтаринки руҳда ташкил этилди.
Қирқовул қишлоғида яшил майсалар билан қопланган қир-адирлар бағрида бўлиб ўтган сайилда миллий урф-одатларимиз, анъаналаримиз акс этган кўргазмали чиқишлар, спорт мусобақалари, мушоиралар, таниқли санъаткорларнинг куй-қўшиқлари тўпланганларга чинакам баҳорий кайфият улашди. Улоқ-кўпкари мусобақаси юртимизнинг турли вилоятлари, ҳатто қўшни мамлакатлар чавандозларини бир жойга жамлади.
- Кўпкари мард йигитлар ўйини, - дейди меҳнат фахрийси Тилов Омонов. – Тўғриси, орада кўп йиллар бу мусобақа ўтказилмай қўйганди. Кейинги йилларда мамлакатимизда от спортига, хусусан, кўпкарига алоҳида эътибор қаратиляпти. Бу галги ўтказилган мусобақада турли ҳудудлардан, ҳар хил миллат вакиллари қатнашгани билан аҳамиятли бўлди. Кўпкарида қатнашиш истагида келган меҳмонлар хушмуомалалик билан кутиб олинди, қўноқлар ташкил қилинди.
Байрам тадбири доирасида ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларнинг 20 нафар фарзанди учун хатна тўйлари ўтказилди, уларга совғалар улашилди.
***
Наврўз Нуробод туманида ҳам кенг нишонланди.
Туман марказидаги «Меҳнат» ўйингоҳида ўтказилган байрам тадбирида миллий таом кўргазмаси, халқ ўйинлари, бахшилар ва фольклор жамоаларининг чиқишлари намойиш этилди.
- Бугунги кунда ёш авлод кўпроқ телефондаги ўйинларга қизиқади, - дейди Лутфия Сафарова. – Ҳаппак, макмак, чиллак, податўп ва бошқа шу каби қадимий ўйинларимиз деярли унутилиб кетяпти. Бу ўйинларда иштирок этган киши ҳам руҳан, ҳам жисмонан куч олади. Уларнинг инсон саломатлиги учун аҳамияти катта. Наврўз байрами шу каби фойдали ўйинларни авлоддан авлодга мерос қолдириш учун хизмат қиладиган қутлуғ байрам.
Янгиланиш ва яшариш байрами - Наврўз тантаналари вилоятимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам кўтаринки кайфиятда давом этяпти.
Тўлқин СИДДИҚОВ.