Лойишга кириш йўли карантин даврида ҳам асфальт қилинмоқда

Оқдарё тумани маркази Лойиш шаҳарчасини реконструкция қилиш, кўчаларини кенгайтириш, йўлларни таъмирлаш ишлари икки йил олдин бошланганди. Жумладан, вилоят автомобиль йўлларидан фойдаланиш бош бошқармасининг йўлсозлари томонидан шаҳарчага кириш йўли кенгайтирилиб, тош-шағал тўкилди ва асфальт ётқизииш ишлари бошланди. Аммо орадан кўп ўтмай ишлар тўхтаб қолди. Қурувчилар бу ҳолатни маблағ етишмаслиги билан изоҳлашди. Чунки йўл қурилиши катта маблағ талаб қилади.

Қурилиш ишлари икки йилдан буён бир неча бор тўхталишлар билан давом эттирилди. Ниҳоят, жорий йилнинг январь ойидан йўлнинг чала қолган қисмини ҳам таъмирлаш бошланди. Лойиҳага кўра, туман марказини реконструкция қилиш ишларига 45 миллиард сўм маблағ ажратиш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунгача 16 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилган.

- Айни пайтда шаҳарчамизнинг марказий Амир Темур кўчасини кенгайтириш ва ободонлаштириш ишларида 60 нафардан зиёд қурувчилар меҳнат қилмоқда, - дейди туман ҳокими ўринбосари Бобомурод Аралов. – Ҳозиргача улар томонидан йўлнинг 8400 квадрат метрдан зиёд қисмига асфальт ётқизилди. Ўнта юк машинаси, 3 та экскаватор, 3 та асфальт ётқизувчи трактордан иборат 20 та турли транспорт воситалари жалб қилинган.

“Каттақўрғон йўл қурилиш-таъмирлаш” унитар корхонасининг 28 нафар ишчилари томонидан М-37 автомагистраль йўлидан то Лойиш шаҳри ичидан кесиб ўтган 6 километрлик йўлнинг 3,5 минг метр қисми 14 метрдан 21 метргача кенгайтирилиб, тош-шағал тўкилди. Йўл четига эса бетон ариқлар ўрнатилди.

- Лойиҳага асосан таъмирлаш ишлари 2021 йилнинг декабрь ойида тугаши керак, - дейди “Каттақўрғон йўл қурилиш-таъмирлаш” унитар корхонаси участка бошлиғи Равшан Ортиқов. – Аммо юртимизда эълон қилинган каратин ҳолати туфайли ҳозирда ишчиларимизнинг ярмига уйларига жавоб берганмиз. Шу сабабли ишларимиз бироз сусайиб қолди. Карантин тугаши билан яна ишларни жадаллаштириб, тезда якунлашга ҳаракат қиламиз.

Оқдарёликлар икки йилдан буён туман марказининг ўйдим-чуқур кўчаларидан юравериб, безор бўлишган. Уларнинг кенг ва текис кўчалардан юриш орзуси тез орада амалга ошадиганга ўхшайди.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.