Маҳалла «Олтин балиқча» эмас. Аммо...

Бугунги кунда аксарият маҳалла фуқаролар йиғинида асосий муаммолардан бири айрим фуқароларни боқимандалик кайфиятидан қутқариш, бу тушунчани бутунлай бартараф этишдан иборат бўлиб қоляпти. Негаки...

Халқ қабулхоналарига билдирилаётган мурожаатларнинг аксариятини моддий ёрдам сўраш, нафақа пули тайинлаш, уй таъмирига, тўй ўтказишга ёрдамлашиш каби масалалар ташкил этяпти.

Мисол учун, Оқдарё тумани маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимига 2020 йил мобайнида вилоят ва туман Халқ қабулхоналари орқали келиб тушган 400 дан зиёд аризанинг 80 фоизи шу мазмундаги мурожаатлардан иборат. Маҳаллалардаги айрим оилалар боқимандаликка шунчалик ўрганиб қолишганки, “Темир дафтар”дагилар рўйхатига кириш учун маҳалла оқсоқоли ва жамоатчилик комиссияси аъзолари билан даҳанаки жанг қилишгача боряпти. Уларга “оилангизнинг даромади бу йил талабдаги меъёрдан ошган, энди бу рўйхатдан чиқариласиз”, деб кўринг-чи, балога қоласиз. Шикоят, аризабозлик бошланади.

Беихтиёр ўйланиб қоласан киши. Наҳотки, бундай одамлар бир умр ночорлар рўйхатида туриш, ёрдам пули олишни хуш кўрса?!

Яқинда вилоятнинг олис туманидаги маҳаллалардан бирида ўтказилган йиғилишда аёллар маҳалла оқсоқолига шундай талаб қўйди: “Қани кам таъминланган оилаларнинг рўйхатини ўқиб беринг-чи, улар бизлардан ҳам хароб яшармикан?” Рўйхатга киритилган 40 та оиланинг номи ўқиб берилди.

Масалага бошқа томондан назар соладиган бўлсак, вилоят, республикамиз бўйлаб “Бизнинг маҳалламизда камбағал оила бўлмайди”, деган шиор амалга оширилаётган бир пайтда битта маҳаллада 40 та кам таъминланган оиланинг мавжудлиги жуда ачинарли, мулоҳаза юритишга ундайдиган ҳолат.

Маҳалла жамоасининг асосий муаммоларидан яна бири мурожаат хатларини ёпиш ва моддий талабгорларга ҳомий излашдан иборат. Аслида ҳар қандай моддий ёрдам – бу эҳсон. У жанжал ёки шикоят ёзиш билан олинмайди, балки чин кўнгилдан ҳадя қилинади.

Ота-боболаримиз ўзгадан ёрдам сўрашдан, оиласидаги камчиликларни бировга ошкор этишдан ҳамиша ор қилган.

Энди танганинг орқа томонига ҳам бир назар ташлайлик. Аёлларнинг маҳаллага ёрдам сўраб боришига яна бир сабаб борга ўхшайди. Айрим фуқаролар йиғинлари раислари кам таъминланганлар учун давлат томонидан ажратилаётган маблағни ошна-оғайниси, таниш-билишига тиқиштиришга уринади. Ойни этак билан ёпиб бўлмаганидек, бу ҳолатдан хабар топганлар юқорига ариза ёзишга, оқсоқолнинг устидан шикоят қилишга тушади. Айрим ҳолларда эса нафақа пули тайинлашдаги ортиқча расмиятчилик, мутасадди идораларнинг ночор оиладаги аҳволни яхши билмасдан қарор чиқариши хотин-қизларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Қўлига бир кунлик егулигини тугиб олиб, фермерларнинг даласига отланган хотин-қизлар, бир тоғора сомсани пишириб, тонг саҳардан идора-ташкилотларни айланиб сотиб юрган аёллар, велосипедига асбоб-анжомларини ортиб мардикорликка кетаётган усталар, бозорда юк ташиётган йигитларни кўрганингда, уларни тўхтатиб беихтиёр раҳмат айтгинг келади киши.

Ота-онаси, эри ёки хотини, маҳалла, қолаверса, ватанига боқиманда бўлмасдан меҳнат қилаётган, рўзғорини эплаб, борига шукур қилиб яшаётганлар доим омон бўлсинлар. Рўзғор ташвишларига дош беролмай, боласини энага-ю, меҳрибонлик уйларига топшириб, алиментни эрининг бўйнига илиб, ўзлари четга кетаётган жувонлар ёхуд оила ва болани боқишдан кўра, уларни ёмонотлиқ қилиб кўчага ҳайдаётган эркаклар ёнгинасида ҳалол меҳнат қилаётган фидойи инсонлардан ўрнак олсалар қанийди?!

Маҳалла “олтин балиқча” эмас. У ҳамманинг истагини бирдан муҳайё қила олмайди.

Ёрмамат Рустамов.