Маҳалла раислари қай тариқа ўқитилади?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги «Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида маҳалла масъулларининг малакасини ошириш, уларда замонавий бошқарув кўникмалари шаклланишига кўмаклашиш белгиланган.
Таҳлилларга кўра, бугунги кунда вилоятда маҳалла раисларининг 90 фоизи олий, 10 фоизи ўрта-махсус маълумотли ҳисобланади. Шунингдек, 1 фоизи 30 ёшгача, 17 фоизи 31-40 ёш, 31 фоизи 41-50 ёш, 38 фоизи 51-60 ёш, 13 фоизи 60 ёшдан катталарни ташкил этади.
Катталарни ўқитиш масалалари билан андрогогика фани шуғулланади. Педагогика фанидан фарқли ўлароқ, андрогогикада таълим олувчининг эмас, балки ўқитувчининг ўрни бўлиши керак. Маърузаларда назарий материални ўзлаштириш ўрнига андрогогика асосан аниқ кейслар, мунозаралар, ишбилармонлик ўйинлари ва бошқаларни ҳал этиш шаклида амалий машғулотлар назарда тутилади.
Вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув курсида маҳалла раислари фаолиятининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиб, андрогогиканинг асосий тамойилларига таянган ҳолда ўқув дастури ишлаб чиқилган.
Тингловчилар билан савол-жавоблар, анкета сўровлари мониторинги шуни кўрсатадики, самарали жамоатчилик билан алоқа, нотиқлик техникаси ва бошқа мавзуларга талаб йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Шунинг учун малака ошириш курслари ўқув дастурига “аҳолини Ватанга муҳаббат ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашда маҳалланинг ўрни ҳамда маҳалла раисларининг раҳбарлик маҳорати ва мулоқот маданиятини шакллантириш йўллари” мавзуси киритилган. Тренернинг фикрига кўра, мулоқот кўникмалари маҳалла раисининг фуқаролар билан конструктив мулоқот қилиш, нотиқлик кўникмаларини, ишонтириш техникасини эгаллаш, ишончли муносабатларни ўрнатиш, музокаралар олиб бориш ва ноқулай вазиятларда ўз ҳис-туйғуларини бошқариш қобилиятидир.
Президентимизнинг Ўзбекистон халқи ва Олий Мажлисга Мурожаатномасида “... қайси маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси ва маҳалла банкири лойиҳа қилиб, уни асослаб берса, зарур маблағни олсин. Шунда адолатдан бўлади,” деб таъкидлаган эди.
Шундан келиб чиқиб “Маҳаллада менежмент функцияларини самарали қўллаш, натижадор қарорлар қабул қилиш компетенсияларини шакллантириш” мавзуси бугунги кунда энг долзарб бўлмоқда.
Умуман, бугунги раис "hard skills"га, яъни қаттиқ ёки техник кўникмалар - бу конкрет касбга оид, ўқитиш, ўлчанадиган ва сертификат ёки диплом билан тасдиқланиши мумкин бўлган махсус ва касбий билимлар ҳамда маҳоратлар, масалан, хорижий тил билиш, молиявий ҳисоб-китоб ва компьютер дастурларидан фойдаланиш кўникмаларига эга бўлиши керак.
Бундан ташқари раислар “Soft skills” - юмшоқ кўникмаларга ҳам эга бўлиши керак. Улар касбга боғлиқ бўлмайди, лекин инсоннинг ҳаётдаги муваффақиятига таъсир кўрсатади. Одамлар билан муомала қилиш маданияти, низоларни ҳал қилиш қобилияти, одамларни ишонтириш маҳорати, мослашувчанлик, масъулиятлилик, пухталик, ҳар ишни ўз вақтида бажариш, танқидий фикрлаш, креативлик каби хусусиятлар "юмшоқ кўникмалар"га мисол бўлади.
Барча ўқув дастурлари тингловчилар таркибининг ўзига хос хусусиятлари, уларнинг касбий иш тажрибаси, шунингдек, юқорида қайд этилган эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда тузилади. Биринчи сайланган раислар учун ўқитиш дастури тажрибали раислар ўқув дастуридан фарқли бўлишига эътибор қаратилмоқда.
Масалан, биринчи сайланган раислар учун ўқитиш дастурида асосий тушунчалар самарали коммуникациялар, нотиқлик маҳорати, можароларни ҳал этиш ва жамият билан мулоқот ва ўзаро ҳамкорликни юритиш қоидалари, жамият билан коммуникацияларда фойдаланиш бўлиши керак.
Бундан ташқари, яқинда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон - 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича Давлат дастури тўғрисида”ги Президент фармони лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Давлат дастури лойиҳасида бошқа масалалар қатори асосий ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи 2 мингдан зиёд қонунчилик ҳужжатлари хатловдан ўтказилиши белгиланмоқда. Бу орқали улардаги коллизиялар, номувофиқликлар, «ноаниқ» қоидалар ва бошқа коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар бартараф этилиши кўзда тутиляпти.
Демак, маҳалла раислари ҳам бу жараёндан хабардор бўлиши, унинг бевосита иштирокчисига айланиши керак. Қолаверса, лойиҳада давлат органлари раҳбарларининг ўзи раҳбарлик қилаётган идора ёки тизим фаолиятида йўл қўйилган жиддий хато ва камчиликлар учун сиёсий жавобгарлиги институтини жорий қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилиши кўзда тутилган.
Бу, табиийки, раисларга сиёсий уйғоқ бўлиш талабини қўяди. Зотан, лойиҳада сиёсий лавозимларни эгаллаган давлат хизматчиларининг халқ олдида масъуллиги, уларга нисбатан ишончсизлик билдирилиши асослари ва тартиби назарда тутиляпти.
Қайд этиш ўринлики, 24 соат назарий, 12 соатлик амалий машғулотларда бу каби масалалар ҳам эътиборга олинган. Келгусида асосий қисм амалий машғулотларда ишбилармонлик ўйини, кейс вазифаларини ҳал этиш, ҳақиқий воқеалар видеороликларини таҳлил қилиш керак, деб ўйлаймиз. Тингловчиларнинг мақоми ва даражасини ҳисобга олган ҳолда таълим оддий ва ностандарт вазиятларда жамоа ва халқни самарали бошқариш бўйича касбий кўникмаларни, шунингдек, коммуникатив фазилатларни ривожлантириш ва такомиллаштиришга қаратилган бўлиши зарур.
Дарвоқе, ўқув курслари дастурларида назарда тутилган барча талабларни бажарган ва синов имтиҳонини муваффақиятли топширган тингловчиларга белгиланган намунадаги сертификатлар берилади.
Тоштемир ЭРГАШЕВ,
вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув курси директори.