Маҳалла раислигига сайловлар бошланди

Бугун, 1 май кунидан бошлаб республикамизда фуқаролар йиғини раиси сайлови жараёнлари бошланди. Хусусан, вилоятимизнинг 16 та шаҳар ва туманида ҳам биттадан маҳаллада намунали шаклда сайлов тадбири ўтказилди.
Айтиш жоизки, тегишли қонун билан “Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида”ги Қонунга бир қатор ўзгартиришлар киритилган. Жумладан, энди фуқаролар йиғини раисининг ваколат муддати 3 йилдан 5 йилга узайтирилди. Фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар комиссияларининг ваколатлари аниқлаштирилди.
Сайловни ташкил этиш ва ўтказиш мақсадида вилоятимизга 1,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилиши режалаштирилди. Бу ҳар бир маҳалла бўйича тақсимланади.
Бундан ташқари, фуқаролар йиғини раиси сайловини ташкил этиш, ўтказиш ҳамда унинг муддатини белгилаш халқ депутатлари ҳудудий кенгашлар ваколатига ўтказилди. Сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар олдидаги асосий вазифалар белгиланди.
Шунга мувофиқ, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг сессияси қарори билан вилоятимизда ҳам сайловга кўмаклашувчи комиссия таркиби ҳамда уни ташкил этиш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланган эди. Ўтган вақтда мазкур “Йўл харита”си асосида вилоятнинг барча ҳудудларида халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг сессиялари ўтказилди ҳамда уларда маҳалла раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи ҳудудий комиссияларнинг 320 нафар аъзодан иборат таркиби тасдиқланиб, ташкилий йиғилишлар ўтказилди.
Маҳаллаларда ташкил этилган 10192 нафар аъзони ўз ичига олган ишчи гуруҳлар томонидан амалга ошириладиган ишлар белгиланиб, уларга тавсия ва намунавий ҳужжатларнинг тўплами тарқатилди.
Бугун Паст Дарғом тумани Туркман маҳалласида ўтказилган сайловда маҳалла фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Унда кўрсатилган номзодлар ўзининг 5 йиллик дастури, режалари, мақсад ва вазифалари ҳақида йиғилганларга маълумот беряпти. Шундан сўнг сайлов жараёни бўлиб ўтди.
Шоҳруҳ АҲРОРОВ,
Маҳаллалари уюшмаси вилоят бошқармаси шуъба раҳбари.