Маҳаллаларда ифторлик дастурхонлари ёзилмоқда

Рамазон ойи муносабати билан Самарқанд вилоятида ҳам меҳр-мурувват, саховат тадбирлари амалга оширилмоқда.
Жумладан, Нуробод туманидаги Наврўз маҳалласи аҳолиси учун ёзилган ифторлик дастурхонида эҳтиёжманд, ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар вакиллари, рўзадорлар иштирок этди.
Файзли дастурхон атрофида кечган суҳбат жараёнида туманда ҳудудларни обод қилиш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди. Рамазон ойининг фазилатлари, одамларнинг бир-бирига меҳр-оқибати мустаҳкамланиб бораётгани таъкидланди.
Самарқанд шаҳридаги Янги ҳаёт маҳалласида ўтказилган ифторлик маросимида шаҳар ҳокими Ф.Умаров иштирок этиб, аҳолини муборак ой билан табриклади. Айни пайтда юртимизда кечаётган 30 апрель куни ўтказиладиган референдумга тайёргарлик жараёнлари, мазкур сиёсий тадбирнинг аҳамияти ҳақида аҳолига маълумот берди.
– Шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан ёзилган ифторлик дастурхонига маҳалламиздаги 100 нафардан зиёд кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар вакиллари, нуронийлар таклиф этилди, – дейди Янги ҳаёт маҳалласи раисининг кексалар масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдуқаҳҳор Қудратов. – Улар давлатимизнинг эътибор ва ғамхўрлигидан миннатдор бўлиб, юртимизга тинчлик, оилаларимизга тотувлик, рўзғорларимизга барака тилаб дуо қилдилар.
Бу каби хайрия тадбирлари, ифторлик маросимлари вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидаги маҳаллаларда давом этмоқда.