Маҳаллий шартномалардаги айрим ҳолатлар палата томонидан тасдиқланади

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 20 августда тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб қабул қилинган фармонда илк бор Савдо-саноат палатасига маҳаллий шартномалар доирасида юзага келадиган енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш ваколати берилди.

Гап Президентимизнинг 2021 йил 15 сентябрдаги “Тадбиркорлик субъектлари учун маъмурий ва солиқ юкини янада камайтириш, бизнеснинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳақида бормоқда. Ушбу ҳужжат билан тадбиркорларнинг имкониятлари янада кенгайтирилди.

Илгари бу масала Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 15 февралдаги 63-сонли қарори билан тасдиқланган “Енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги Низом" асосида амалга ошириларди. Шунингдек, Адлия вазирлиги, Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Савдо-саноат палатасининг таклифлари асосида 2021 йил 1 октябрдан давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг назорат функцияларини 16 ҳолатда, яъни ташувчилар томонидан санитария қоидаларининг бузилиши ҳолатларига йўл қўймаслик юзасидан тизимли назорат ташкил этилади. Мулкчилик шаклидан қатъи назар экин майдонларида, томорқа ерларида, иссиқхона хўжаликларида фитосанитария ҳолати устидан доимий кузатув ва назорат олиб борилади. Акциз маркаларидан фойдаланиш ва уларни сотиш, шунингдек, акциз маркалари билан маркаланмаган тамаки маҳсулотлари ва спиртли ичимликларни савдо тармоғи (чакана, улгуржи) орқали сотиш назорат қилинади. Қурилишда металл прокатининг қўлланилиши юзасидан тегишли назорат таъминланади. Коммунал хизматлар тўлови ва мажбурий бадалларни тўлаш бўйича қарзларни ундириш тўғрисида даъволар билан судга мурожаат қилиш ва бошқа давлат бошқарув органлари ва маҳаллий давлат органларининг назорат функциялари бекор қилинди.

Бундан ташқари, Фармон билан Савдо-саноат палатаси аъзоси бўлган тадбиркорлик субъектларида 2022 йил 1 январдан назорат қилувчи органлар тадбиркорлик субъектлари фаолиятини белгиланган тартибда тасдиқланган саволнома бўйича текширади. Савдо-саноат палатаси аъзоси бўлган тадбиркорлик субъектининг фаолиятини текширишда ушбу тадбиркорлик субъекти розилиги билан палата ходимлари иштирок этилиши таъминланади.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувларни ўтказишда қонунбузилишларга йўл қўйилишининг олдини олиш бўйича профилактика тадбирлари белгиланган тартибда ўтказилгандан сўнг йўл қўйилади. Шунингдек, текширишларни рўйхатга олиш китобининг назорат қилувчи органлар томонидан эмас, келгусида унинг ҳисоби электрон тарзда Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан юритилади.

2022 йилдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига маъмурий босим даражасини аниқлаш ва енгиллаштириш, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган Тадбиркорлик фаолияти эркинлиги индекси жорий этилади.

Эгамберди РЎЗИЕВ,

Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғининг ўринбосари.