Маҳаллийлаштириш: 2025 йилда Самарқандда 119 та лойиҳа бўйича 2,8 трлн. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш мўлжалланмоқда  

Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ривожланаётган иқтисодиётнинг асоси ҳисобланади.

 Мамлакатимиз тараққиётининг кейинги етти йилида маҳаллийлаштириш саноатни ривожлантиришнинг устувор йўналиши этиб белгиланди. Тармоқлар ва ҳудудлар доирасида маҳаллийлаштириш дастурлари шакллантирилди, корхоналарга импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича манзилли ёрдам бериб бориш тизими йўлга қўйилди. Маҳаллий саноат маҳсулотларининг давлат харидларида иштирокини кенгайтириш мақсадида cooperation.uz электрон кооперация портали яратилди. Саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш мақсадида ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркалари фаолияти доимий тарзда ташкил этиб борилмоқда.

Самарқанд вилоятининг 2024 йилдаги маҳаллийлаштириш дастурида 64 та корхонанинг 105 та лойиҳаси доирасида 2,8 трлн. сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, режа 119,2 фоизга бажарилди. 550 та янги иш ўрни яратилиб, 114,6 млн.долларлик маҳсулот экспорт қилинди.

Вилоятнинг бу йилги маҳаллийлаштириш дастурига 119 та лойиҳа бўйича 2,8 трлн. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган. Жумладан, 38 та лойиҳа янги маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ва 81 та лойиҳа мавжуд лойиҳаларни кенгайтиришга қаратилган.

Доимий асосда “ички бозор эҳтиёжларини ўрганиш – импортни таҳлил қилиш – ресурс базасини аниқлаш – янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш” тамойили асосида ишлаш орқали мавжуд имконият ва салоҳиятдан фойдаланиш, янги ишлаб чиқаришни ташкил этиш йўналишида тадбирларга устуворлик берилади.

Мамлакатимизда қурилиш соҳасининг жадал ривожланиши қурилиш материалларига талабни ошиб бораётганлигига олиб келмоқда. Шунинг учун маҳаллий минерал ва бошқа хом ашё манбаларини фойдаланилган ҳолда қурилиш материалларини ишлаб чиқаришга инвестиция киритиш яқин йилларда маҳаллий ва хорижий тадбиркорларга жозибадор бўлиб қолади.

Вилоятимизда бу йўналишда жуда катта имконият бор. 185 та норуда конларда 3,2 млн. тонна каолин, 17,6 млн. тонна оҳактош, 149 млн. метр куб табиий пардозбоп тошлар, 61 млн. тонна гипс ва ангидрид, 1,6 млн. тонна дала шпати, 10,2 млн. тонна шиша ва 537 млн. тонна цемент хом ашёси мавжуд. Агар 2024 йилда республика бўйича 89 миллион долларлик мармар, гранит каби қурилиш маҳсулотлари импорт қилинганлигини эътиборга олсак, эҳтиёж мавжуд бўлган маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқариш орқали импорт ўрнини босиш, валютани чиқиб кетишнинг олдини олиш мумкин.

Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришнинг янги босқичи

Маҳаллийлаштириш сиёсатини изчил давом эттириш, импорт қилиниб келаётган ҳар бир маҳсулотни маҳаллийлаштиришни ўйлашимиз керак. Вилоятимизда импорт улуши ва салмоғи катта товарлардан бири – фармацевтика маҳсулотларидир. Республикамиз бўйича дори воситалари улгуржи савдоси билан шуғулланадиган корхоналарнинг катта қисми вилоятимизда жойлашган бўлиб, улар томонидан 2024 йилда 255,2 млн. долларлик фармацевтика маҳсулотлари импорт қилинган ва 2023 йилга нисбатан 11,9 фоизга ўсиш бўлган.

Вилоятда “SAMARKAND ENGLAND ECO MEDICAL” қўшма корхонасида инфузион ва таблетка шаклидаги дори воситалари, “OPTIMA SOBIRJON” МЧЖда тиббиёт қўлқоплари ва инфузион системалар, “URGUT FORTUNA MEDICAL”  корхонасида суюқ шаклидаги дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқарилиб, уларнинг ассортиментини кенгайтириш устида ишлар олиб борилмоқда.

Оқдарё туманидаги “VAKTSINA MEDICAL” корхонаси таблетка ва капсула шаклидаги ва Жомбой туманидаги “POLIDAR PHARM” корхонаси шарча шаклидаги (суппозитарий) дори воситалари ишлаб чиқариш қувватларини яратган.

Маҳаллийлаштириш сиёсати нафақат импорт ўрнини босадиган бутловчи буюмлар ва маҳсулотлар ишлаб чиқаришга, балки амалга оширилаётган инвестицион лойиҳаларида маҳаллий маҳсулотлар улушини, маҳаллий контентни оширишга қаратилади.  Бу ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш янги босқичи учун белгиланган биринчи йўналиш бўлиб ҳисобланади.

Вилоятимиздаги масъулияти чекланган жамият шаклидаги “AZIA METALL PROF” қўшма корхонасида маҳаллий ва хорижий инвесторлар дастлабки цех қурилишидан бошлаб маҳаллий контентни кўпайтиришга қарор қилишди. Биринчи навбатда, ишлаб чиқариш биноларини қуришда зарур бўлган сэндвич панеллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди ва ўз эҳтиёжлари учун сэндвич панелларни корхонада ишлаб чиқармоқда. Шунингдек, корхона маҳсулотлари қурилиш материаллари бозорига ҳам сотилмоқда.

Янги цехларни қуришда зарур бўлган металлдан тайёрланадиган конструкцияларни импорт қилмасдан, ишлаб чиқарувчи чизмалари асосида корхонага олиб келинган металлдан ясаш ва ўрнатиш йўлга қўйилди. Бу орқали корхона учун яна битта бизнес йўналиши – буюртма асосида металл конструкцияларни тайёрлаш хизмати пайдо бўлди.

Вилоятимизда 2025 йил учун режалаштирилган умумий қиймати 2,8 млрд. доллар бўлган 77 та инвестицион лойиҳа бўйича 1,3 млрд. долларлик маҳаллий контент белгилаб олинди. Бу лойиҳалар доирасида маҳаллий маҳсулотлар ва хизматлардан кенг фойдаланиш натижасида импорт ўрнини босиш бўйича 478,7 млн. долларлик самарадорликка эришиш режалаштирилган.

Фикримизча, маҳаллий контентни кенгайтиришни ҳудудларда ҳар бир инвестицион лойиҳага қўллаш мақсадга мувофиқ. Бунда лойиҳабай ишлаш тизимини чуқурлаштириш, ҳар бир лойиҳанинг ташаббускор тадбиркор билан чуқур муҳокама қилиш зарур.

2025 йилда хорижий инвестициялар иштирокида 1,4 млрд. долларлик 108 та лойиҳа амалга ошириш прогнози берилган. Уларда маҳаллий маҳсулотлар улуши камида 432 млн. долларни ташкил этиши мумкин. Агар улар импорт қилинмасдан маҳаллий корхоналардан харид қилинса, бу корхоналар учун 5,7 трлн. сўмлик ишлаб чиқарилган маҳсулот бўлади.

Маҳаллийлаштиришни кенгайтиришдаги иккинчи йўналиш ҳудудларда амалга оширилаётган стратегик хом ашё ишлаб чиқарувчи корхоналар маҳсулотини қайта ишлаш босқичларини ташкиллаштиришдир.

“AZIA METALL PROF” қўшма корхонасида йилига 120 минг тонна рухланган ва полимерланган тунука маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга цех фаолият кўрсатмоқда. Ички ва ташқи бозорда бу маҳсулотларга ўсиб бораётган талабни ҳисобга олган ҳолда қўшма корхона таъсисчилари ишлаб чиқаришни кенгайтиришга қарор қилишди. Йиллик қуввати 360 минг тонна бўлган янги цех ишга тушиш арафасида. Ушбу цех ишга тушиши билан корхона бозорга 4 баробар кўп турли қалинликдаги рухланган ва полимерланган тунука маҳсулотларини чиқариш имконияти пайдо бўлади.

Ушбу корхонанинг 2025 йил охирида ишга туширилиши режалаштирилган эритиш цехида ишлаб чиқариладиган 800 минг тонна ўрамали металл маҳсулотлари учун бозор топиш зарур. Унинг қарийб 60 фоизи корхонанинг ички истеъмолига кетган тақдирда ҳам қолган қисмига бозор топиш устида олдиндан ишлаш муҳим ҳисобланади.

Учинчи йўналиш – йирик тармоқ корхоналари маҳаллий корхоналарни “Шатакка олиш” тизими орқали ишлаб чиқариш қувватларини ташкил қилиш.

Бунда республикада ишлаб чиқарилмайдиган ва маҳаллий корхоналарга ўзлаштириш учун таклиф этилаётган янги маҳсулот турлари салоҳиятли ишлаб чиқарувчиларга таклиф қилинади ва маҳсулотга бўлган техник параметрлар, сифат кўрсаткичлари, йиллик талаб ҳажми, максимал харид нархи, шунингдек, стандартларга мувофиқлаштириш бўйича талаблар қўйилади. Лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувга эришилгандан сўнг маҳсулот ишлаб чиқарилгунга қадар тармоқ корхонаси маҳсулотга қўйилган талабларга эришиш бўйича ишлаб чиқарувчига кўмак кўрсатиб, жараённи кузатиб боради.

Бу эса эртага маҳсулот ишлаб чиқарилгандан кейин уни харид қилиш жараёнида турли хил важлар билан рад қилишнинг олдини олади.

“Шатакка олиш” тамойили асосида саноатда кооперация алоқаларини ўрнатиш ва ривожлантириш тажрибаси Навоий кон-металлургия комбинатида яхши йўлга қўйилган ва ҳозирги кунда Навоий вилоятида шу йўналиш орқали жадал ривожланган корхоналар сафи кенгайиб бормоқда.

Бизда бугунги кунда МЧЖ шаклидаги “SAM AUTO” қўшма корхонаси томонидан ушбу тизим қўлланилиб, бир қатор корхоналар “шатакка” олинган. Масалан, корхонага 2024 йилда Паст Дарғом туманидаги “ESMAK AUTOMOTIVE” МЧЖ автобуслар учун 38 миллиард сўмлик автоматик эшиклар, ҳайдовчи ва йўловчилар ўриндиқлари, кондиционерлар, “LOGIC AUTOMOTIVE AND ENGINEERING” хорижий корхонаси юк автомобиллари учун 1,3 млрд. сўмлик каркаслар, Самарқанд шаҳридаги “SHERDOR ELITA PLAST” МЧЖ 2,8 млрд. сўмлик автотент, шамол қайтаргич, стеклопластик қопламалар,  Иштихон туманидаги “MITAN O’G’DU ELEKTRIK” МЧЖ 4 млрд. сўмлик автобус, юк автомобиллари салонларини ёритиш ва иситиш тизимларини етказиб берган.

Шу тизимни республиканинг барча ҳудудларида камида битта йирик корхона асосида ташкил этиш лозим.

Тўртинчи йўналиш – импорт қилинаётган маҳсулотларни маҳаллий муқобил ишлаб чиқарувчилар маҳсулоти билан алмаштириш.

            Бугунги кунда вилоятимизда 39 та ёғ ишлаб чиқариш корхонаси мавжуд бўлиб, уларнинг қуввати 40-50 фоизга юкланган, холос. Шу сабабли ўтган йил вилоятга 24,7 млн. долларлик кунгабоқар ёғи импорт қилинган.  Бугунги кунда “0” ставкада божхона орқали кириб келаётган ёғ маҳсулотларига қўшилган қиймат солиғини тўлаб келаётган маҳаллий корхоналар рақобат қила олмаяпти. Ёғ бозорида хорижий ва маҳаллий корхоналар учун тенг рақобат муҳитини яратиш, импорт божларини қайта кўриб чиқиш нафақат ёғ ишлаб чиқарувчилардаги иш ўринларини сақлаб қолиш ва солиқ тушумларини оширишга, балки кунгабоқар чиқиндисидан ем сифатида фойдаланиш натижасида чорва ва парранда гўшти миқдори ошиши ва таннархи пасайишига таъсир кўрсатади. 2024 йилда вилоятимиз тадбиркорлари 2,4 млн. долларлик 21,2 минг тонна кунгабоқар кунжарасини импорт қилгани эътиборга олинса, бу масаланинг ечими етарли самара беришига ишончни мустаҳкамлайди.

            Яна бир мисол, 2024 йилда вилоятга 21,5 млн. долларлик 13 400 тонна товуқ гўшти импорт қилинган. Айни пайтда маҳаллий паррандачилик хўжаликлари ўз маҳсулотларини сотишда қўшилган қиймат тўловчилари бўлганликлари учун импорт билан нархларда рақобатлаша олмаяпти, қувватлардан тўлиқ фойдаланилмаяпти, соҳанинг ривожланишига тўсиқ бўляпти.

            Иккинчидан, ишлаб чиқариш бор, лекин мавжуд қувватлар истеъмолни тўла қоплай олишга етмайдиган маҳсулотлар бўйича қувватларни ошириш ва янги қувватларни ташкил қилиш бўйича янги инвестиция лойиҳалари шакллантириш зарур.

            Вилоятда қурилишлар учун кафель ишлаб чиқариш бўйича “PRIME CERAMICS” МЧЖ, фасад ғиштлари ишлаб чиқариш бўйича “CERAMIC BRIKS” қўшма корхонаси маҳсулотлари ички эҳтиёжни тўла қондира олгани йўқ. Шу сабабли 2024 йилда вилоятга умумий қиймати 7,6 млн. долларлик 22,1 минг тонна кафель ва умумий қиймати 853, минг доллар бўлган қоплама ғишт маҳсулотлари импорт қилинган.

            Ҳозирги кунда Нуробод туманида Австриянинг “Lasselsberger” хорижий компанияси таркибидаги “Cemix” хорижий корхонаси томонидан умумий қиймати 110,0 млн. АҚШ долларлик, йилига 5,0 млн. кв.м. йирик форматли керамогранит ва 2,0 млн.кв.м. фасад плиталари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бошланган.

            Шунингдек, ўтган йил вилоятимизга умумий қиймати 9,7 млн. доллар бўлган 2 400 тонна мол гўшти ва қиймати 354,4 минг доллар бўлган 119,2 тонна қўй гўшти импорт қилинган. Бу маълумотлардан чорвачилик соҳасида қорамол ва қўйларни боқишни кенгайтиришга қаратилган янги инвестицион лойиҳаларга эҳтиёж катталигини кўриш мумкин.

            Учинчидан, Ўзбекистонда умуман ишлаб чиқарилмайдиган маҳсулотлар бўйича истиқболли лойиҳаларни шакллантириш ва салоҳиятли маҳаллий ва хорижий инвесторларга таклиф этиш лозим. Масалан, турли асбоб-ускуналар, инструментлар, ярим ўтказгичлар ва электроника учун микрочиплар, шиша линзалар шулар жумласидандир.

Бешинчи йўналиш – маҳаллий корхоналар орасида кооперация алоқаларини кенгайтириш ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларини сотиш учун шарт-шароитлар яратиш. Бу борада Самарқанд шаҳридаги “SAM AUTO” корхонаси қошида автомобилсозлик корхоналари саноат кооперацияси штабини тузиб, унинг фаолиятига вилоятдаги металлни қайта ишлаш ва пластик маҳсулотлар ишлаб чиқариш корхоналарини таклиф этиб, тизимли тарзда саноат кооперацияси жараёнига қўшилиш, “шатакка олиш” тамойили жорий этиш ишлари олиб бориляпти. Жумладан, “DAMAS” русумли автомобиллар учун 5 турдаги турли бутловчи буюмлар ишалб чиқариш лойиҳалари шакллантирилди.

Олтинчи йўналиш – тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маҳаллий саноат корхоналари маҳсулотларини ички бозорда сотиш, уларнинг экспортига кўмаклашиш давом эттирилади. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар cooperation.uz электрон кооперация портали фаолияти, унинг функциялари кенгайтириб борилади, давлат харидларида бу портал иштирокчиларига устуворлик берилиши давом эттирилади.

Шу билан бирга, ҳудудларда саноат ярмаркалари орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларини танитилишини кучайтириш ва сотилишини кўпайтириш тадбирлари йўлга қўйилди ва 2025 йилда ҳудудий саноат ярмаркалари давом этади.

Президентимиз ташаббуси билан 2021 йилда Жомбой туманида давлат-хусусий шериклик асосида доимий асосда фаолият кўрсатадиган “SOF EXPO SAMARKAND” халқаро кўргазмалар маркази ташкил этилган эди. 2024 йилда марказда турли йўналишдаги 8 та кўргазма ўтказилди. 2025 йил 22-25 февраль кунлари ушбу мажмуада бўлиб ўтган анъанавий “Қишлоқ хўжалиги техникалари, технологиялари AGRO EXPO 2025” IV Халқаро кўргазмасида мамлакатимиз тадбиркорлари билан бирга Россия, Туркия, Хитой, Эрон давлатларидан 110 та корхона 4 мингдан ортиқ маҳсулоти билан иштирок этди. Кўргазмада 70 млрд. сўмлик шартномалар имзоланиб, кўплаб меморандумлар расмийлаштирилиб, ўзаро манфаатли ҳамкорлик музокаралари бўлиб ўтди.  

Еттинчи йўналиш – маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар, бутловчи буюмлар таннархини пасайтириш, сифатини ошириш устида ишлаш. Бу йўналиш нафақат маҳаллийлаштириш билан шуғулланувчи тадбиркорлар, балки барча маҳаллий ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчи корхоналарнинг доимий диққат марказида бўладиган масала. Унинг долзарблиги мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилоти  (WTO)га аъзо бўлиши муносабати билан янада ошади. Чунки унда маҳаллий тадбиркорлар юқори сифатни таъминлаш билан бирга хорижий бизнес билан рақобатбардош нархларни таклиф этгандагина ўз бозорини сақлаб, барқарор ривожланишда давом этиши мумкин.

Нозир Ибрагимов,

вилоят ҳокимининг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси, иқтисод фанлари доктори, профессор.