Маҳкумларнинг ҳам ҳуқуқи бор

Ҳар ким соғлиғини сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини қонунда белгиланган тартибда давлат ҳисобидан олишга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган ушбу тамойил озодликда юрган вақт сезилмаслиги, қайсидир маънода керак бўлмаслиги мумкин. Бироқ жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар учун унинг аҳамияти, қадри катта....

Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) нинг вилоятдаги минтақавий вакили, вилоят соғлиқни сақлаш ҳамда ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармалари ҳамкорлигида Паст Дарғом туманидаги 37-сонли жазони ижро этиш манзил колониясида мониторинг тадбири ўтказилди.

Минтақавий вакил дастлаб маҳкумларнинг узоқ муддатли учрашувларга келган оила аъзолари билан ҳам суҳбатлашди. Уларга муассасада яратилган шарт-шароитлар, маҳкумлар учун оила аъзолари ва фарзандлари билан узоқ муддатли учрашувлар ўтказиш имкониятлари ўрганилди.

Манзил колониядаги ошхона ва озиқ-овқат маҳсулотлари сақланаётган хоналар ҳам минтақавий вакил эътиборидан четда қолмади. Бу ерда овқатланиш шароити, озиқ-овқат маҳсулотларини қандай сақланаётгани билан қизиқди.

Шунингдек, манзил колонияда маҳкумлар меҳнат қиладиган ишлаб чиқариш объектлари кўздан кечирилди. Меҳнатга ҳақ тўлашда қонунчиликка қай даражада амал қилинаётгани маҳкумлар билан суҳбат давомида мониторинг қилинди.

Умумий суҳбатдан сўнг минтақавий вакил билан яккама-якка тарзда учрашишни сўраган маҳкумларни қабул қилди. Уларни қийнаётган масалалар юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, айримлари бўйича амалий ёрдам кўрсатиш белгилаб олинди.

- Шу куни махсус шифокорлар гуруҳи маҳкумлар учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказди, - дейди Омбудсманнинг вилоятдаги вакили Д.Ҳусанов. - Улар томонидан 320 нафар маҳкумларга 16 турдаги тиббий хизматлар кўрсатилди. Тиббий кўрик жараёнида 6 нафар маҳкум ва маҳкумаларни операцияга эҳтиёжи борлигини аниқланди. Улар шакллантирилган рўйхат асосида маҳаллий бюжет маблағлари ҳисобидан даволанади.

Бундан ташқари, турли хасталиклар аниқланган, бироқ дори-дармон олишга шароити йўқ маҳкумларга уларни бепул етказиб бериш чоралари кўрилди.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси ходимлари томонидан эса манзил колониядаги 6 нафар ногиронлиги бор маҳкум ва маҳкумаларга 2 та ногиронлик аравачаси, 4 та қўлтиқ таёқ ва 2 та ҳассалар берилди.