Маҳмуд Тоир: "Ўзни излаганга китоб керакдир"
Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир 1952 йил 31 августда Тошкент вилоятининг Паркент тумани, Паркент қишлоғида туғилган.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университетининг филология факультетини тамомлаган. “Янги аср авлоди” нашриёти, Ўзбекистон радиосида фаолият юритган.
Ҳозирда “Паркент тонги” газетасининг бош муҳаррири. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими раҳбари вазифасида фаолият олиб бормоқда.
Дастлабки шеърий тўплами — «Айт энди, юрагим» 1991 йилда чоп этилган. Шундан кейин шоирнинг «Биз нечун учрашдик», «Муҳаббат шеваси», «Оқиб кетган армонлар», «Бармоқлар бодаси», «Ҳакни таниб», «Юзтўртлик», «Сайланма», “Отамнинг ўкинчи”, “Шеър ҳикмати”, “Янги Тошкентнома”, “Бедорларга беринг дунёни” каби шеърий тўпламлари нашр этилган.
2001 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган, 2005 йилда Ўзбекистон халқ шоири унвонига сазовор бўлган.
***
Китоб керакдир
Суврат асли нурни сийратдан олур,
Сийрат эса илму ҳикматдан олур,
Одамдан эзгулик, муҳаббат қолур,
Саодат сайлига савоб керакдир,
Кўнгилнинг майлига китоб керакдир.
Китоб – дил боғида гулнинг рангидир,
Китоб – оташ ичра дилнинг рангидир,
У – қалбнинг камоли, ақл жангидир,
Кўкни кўзлаганга хитоб керакдир,
Ўзни излаганга китоб керакдир.
Ўқиган, уққанга эли эргашгай,
Оқил йўлга чиқса йўли эргашгай,
Жаннатдай жилмайиб чўли эргашгай,
Савол юз очганда жавоб керакдир,
Жавоб жарангига китоб керакдир.
Китоб – бу осмоннинг ўзига нарвон,
Китоб – бу жаҳоннинг кўзига нарвон,
Тирик тарихларнинг сўзига нарвон,
Тунда талпинганга моҳтоб керакдир,
Кундай кулай десанг китоб керакдир.
Олам оламлигин билмоқ учун ҳам,
Одам одамлигин билмоқ учун ҳам,
Қилни қирқ тилимга тилмоқ учун ҳам,
Тиғни тутгувчига шитоб керакдир,
Туғни тутгувчига китоб керакдир.