Маиший газ баллонлардан фойдаланишда хавфсизликва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинг
Кейинги пайтларда фуқаролар томонидан маиший газ баллонлардан фойдаланиш жараёнида хавфсизлик ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмасликлари натижасида ёнғинларнинг келиб чиқиши, ушбу ёнғинларда фуқароларни тан жароҳати олиши ҳолатлари кузатилмоқда.
Бунинг асосий сабаби - аҳолининг маиший газ баллонлардан нотўғри фойдаланишидан келиб чиқмоқда.
Гап шундаки, ёнғиннинг пайдо бўлиши маиший газ баллонларидан газнинг сизиб чиқиши ёки баллонларнинг портлашидан келиб чиқади. Бу фуқароларнинг лоқайдлиги ва бу борада етарли кўникмага эга эмаслигидан далолат беради.
Маълумки, суюлтирилган углеводород газлар таркибида бир неча хил токсин моддалари мавжуд. Булардан асосийси сероводород моддаси бўлиб, у ҳар йили маиший газ баллонларнинг 0,1 мм қатламини емириб боради. Шунинг учун баллонлардан фойдаланиш муддати Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 11 ноябрдаги 326-сонли қарорига мувофиқ, 15 йил деб белгиланган. Мазкур қарорга асосан ушбу баллонлар ҳар икки йилда синовдан ўтказилиб, таъмирланиб турилиши шарт. Лекин баъзи маиший газ баллонлари ишлаб чиқарилганига 30-40 йил бўлганлигига қарамасдан, фойдаланиб келинмоқда. Бу эса юқорида таъкидлаганимиздек, ёнғин келиб чиқишига, фуқароларимизни куйиш тан жароҳати олиши, ҳатто ҳалок бўлиши каби фожиали оқибатларга олиб келмоқда.
Шуни қайд этиш лозимки, ҳудудимизда маиший газ баллонларининг газ билан тўлдирилишида меъёрий ҳужжатларга асосан, баллон 80 фоизгача газ билан тўлдирилиши таъкидлаб ўтилган. Лекин бизнинг иқлим шароитимиздан келиб чиқадиган бўлсак, куз-қиш мавсумларида ҳамда баҳорнинг бошларида баллон 80 фоизга тўлдирилиши мумкин, аммо ёзги мавсумда баллонга солинадиган газ миқдори 65 фоиздан ошмаслиги зарур.
Маиший газ баллонларидан фойдаланишда қуйидагилар қатъиян ман этилади:
- синовдан ўтмаган ташқи қисмида ишлатишга яроқли белгиси бўлмаган газ баллонларини ишлатиш;
- маиший газ баллонларини ҳаво ҳарорати +35 даражадан юқори бўлган яшаш хоналарида, гаражларда ишлатиш ва сақлаш;
- маиший газ баллонларини очиқ олов, электр ускуналари ёнида сақлаш ва ишлатиш;
- маиший газ баллонларини махсус шланглардан ташқари сув шланглари орқали фойдаланиш;
- босим кўрсатгичи редуктори мавжуд бўлмаган, жўмраги носоз газ баллонларидан фойдаланиш;
- газ баллонларини уй шароитида тўлдириш, ечиб олиш, таъмирлаш, қуёш нури остида ёғли таркиблар билан ёнма-ён ва юқори қаватли уйларда газ баллонларини сақлаш ва ишлатиш;
- 3 ойдан зиёд фойдаланилмаган маиший газ баллонларини қайта синовдан ўтказмасдан ишлатиш.
Тимур Сатторов,
Самарқанд вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ЁТМ мутахасси, катта сержант.