Мажбурий ижро: Ҳар бир ходимга алимент ундириш бўйича 750 та ижро иши бор

Айни кунда Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими иш юритувида алимент ундируви билан боғлиқ 5259 та ижро ҳужжати мавжуд бўлиб, улар билан боғлиқ ижро ишларига 7 нафар давлат ижрочиси бириктирилган. Бу ҳар бир ходимга ўртача 750 та ижро иши юклатилганини англатади. Хўш, улар бу вазифани уддалай оляптими? Вилоят матбуот уйида бўлиб ўтган матбуот анжуманида масъуллар шу ва бошқа саволларга жавоб беришди.

— Албатта, рақамлар катта, лекин бу ходимлар ҳар бир қарздор билан алоҳида шуғулланади, дегани эмас, - дейди Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими бошлиғи ўринбосари Яҳё Бекназаров. – Мазкур алимент тўловчиларни икки гуруҳга, инсофли ва инсофсиз тўловчиларга бўлиб ўрганамиз. Табиийки, инсофлилар даромадини яширмайди, ойлик тўловлар уларнинг маошидан тегишли дастур асосида автоматик тарзда ечиб олинади. Мутахассисларимиз асосан инсофсиз - даромадини яширувчи ёки атай алимент тўлашдан бўйин товлаётган шахслар билан ишлайди. Ундирувчилар томонидан бўладиган мурожаатлар ва норозиликларнинг барчаси шу гуруҳ билан боғлиқ.

Таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг алимент ундирувлари билан боғлиқ ижро ишлари юзасидан эълон қилинган “Долзарб 10 кунлик” тадбирлари давомида мазкур тоифадаги ижро ишлари доирасида 71 та оила яраштирилган. Шунингдек, 10 та алимент тўловчи қарздордан жами 308 миллион сўм алимент пуллари ундирилган, 25 нафар қарздорга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди билан ҳамкорликда ўтказилган очиқ сайёр судларда 10 нафар қарздорга маъмурий жазо қўлланилган.

Барча огоҳлантиришлар, маъмурий чораларга қарамай, қасддан алимент тўлашдан бўйин товлаётган фуқаролар ҳам йўқ эмас. Бюро томонидан ўтган вақтда 7 нафар шундай қарздорга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Уларнинг 2 нафари бунга қадар ҳам алимент тўлови бўйича жиноий жавобгарликка тортилган.