Мажбурий меҳнатнинг олдини олишда жамоатчилик назорати зарур
Самарқанд вилояти Матбуот уйида жорий йилги пахта йиғим-терими мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, теримчилар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш масалаларига бағишланган анжуман ўтказилди.
Анжуманда мазкур масала юзасидан вилоятда фаолият кўрсатаётган республика ишчи гуруҳи аъзолари иштирок этиб, бугунги кунда юртимизда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга чек қўйилгани, бунинг ҳуқуқий асослари яратилганини таъкидлади. Айниқса, пайхта йиғим-терими даврида бундай ҳолатларнинг олдини олишга барча давлат ва жамоат ташкилотлари масъуллиги, кучли жамоатчилик назорати зарурлиги қайд этилди.
– Биз икки кундан буён Нуробод ва Нарпай туманларида бўлиб, пахта йиғим-теримининг бориши, жойларда ташкил этилган отрядлар фаолияти билан танишдик, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Д.Ҳамзаев. – Кластер корхоналари раҳбарлари, фермерлар ва теримчилар билан суҳбатлашдик. Мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслигидан ҳамма хабардор ва бунинг учун зарур чора-тадбирларни кўрган. Шунинг учун бундай ҳолатларни кузатмадик. Лекин барибир кенг аҳоли қатлами ўртасида тушунтириш-тарғибот ишларини олиб боришимиз лозим. Айниқса, вояга етмаганларнинг меҳнатидан фойдаланиш, меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш учун қонунчилигимизда белгиланган жавобгарлик чораларини масъул шахсларга ҳам, аҳолига ҳам етказишимиз керак.
Матбуот анжуманида Олий Мажлис Сенати аъзолари Ф.Боқиев, Ф.Тошев, Қонунчилик палатаси депутати Ф.Саматов ва бошқалар теримчилар ва фермер хўжаликлари ўртасида тузиладиган меҳнат шартномалари мазмуни ва меҳнатга ҳақ тўлаш, бу жараёнда ижро ҳокимияти органларининг мажбуриятлари, пандемия шароитида теримчилар хавфсизлигини таъминлаш каби масалалар юзасидан ўз фикрларини баён этишди.