Макрон Украинани қутқарган “қаҳрамон”га айланмоқчи
Франция президенти Эммануэль Макрон 10 апрелдаги президент сайловлари олдидан Россия президенти Владимир Путин билан музокараларда катта муваффақиятга эришмоқчи ва Украинани Россия босқинидан қутқарган «қаҳрамон» бўлмоқчи. Бу ҳақда Politiko газетаси ёзмоқда.
Россия ва Франция президентлари бугун, 7 февраль куни Кремлда учрашади. Владимир Путин ва Эммануэль Макрон, биринчи навбатда, Россия Федерацияси учун хавфсизлик кафолатлари масаласини муҳокама қилади. Ташриф арафасида Макрон Франция ОАВларига берган интервьюсида Россия билан мулоқотсиз халқаро вазиятни нормаллаштириш мумкин эмаслигига ишонч билдирди. Кузатувчиларга кўра, Франция президенти Москвада деэскалация жавобини олишга умид қилмоқда. Учрашув арафасида у АҚШ президенти Жо Байден билан Украина атрофидаги вазиятни муҳокама қилган эди.
«Макрон россиялик ҳамкасби билан тинчлик битими туза оладиган, ўзини жаҳон етакчиси деб атаган ҳолда “хийла-найранг ишлатмоқчи” чоғи. Агар у муваффақиятга эришса, Украинага ҳужумнинг олдини олган «қаҳрамон»га айланиши турган гап. Буларнинг барчаси эса баҳорда Францияда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида айни муддао бўлади», деб таъкидлайди газета.
“Ташқи сиёсат билан сайловларда ғалаба қозона олмайсиз, бироқ бу Эммануэль Макроннинг халқаро давлат арбоби сифатидаги мавқеини эслатиб туради ва унга сайловолди ташвиқоти бошланишидан олдин Франциянинг халқаро майдонда мавжудлигини таъминлашнинг уддасидан чиқишини кўрсатган ҳолда қолган номзодлардан ажралиб туришга имкон беради", - дейди халқаро муносабатлар эксперти Сирил Брет.
Шу билан бирга, Макрон гўё Ғарб давлатлари Россия билан муроса қилишига тўғри келишига шама қилмоқда. Бироқ, НАТО аъзолари Россия Федерацияси фақат куч кўрсатиш ва Украина ҳудудида қурол-яроғни оширган тақдирдагина орқага чекинишига ишонишади.
Бир кун аввал НАТО бош котиби Йенс Столтенберг ва Эммануэль Макрон Россия қўшинларининг Украина чегаралари яқинида тўпланиши билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилган эди. Столтенбергнинг таъкидлашича, НАТО бирлиги ҳозирги зиддиятли дақиқада муҳим аҳамиятга эга.