Мактаб ўқувчилари давлат тилида имтиҳон топширади: Бу қандай амалга оширилади?

Бугун вилоятдаги умумий ўрта таълим мактабларида жами 776905 нафар ўқувчи таълим олса, улардан 62607 нафари рус, 7171 нафари тожик синфларда ўқийди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2025 йил 20 февралдаги тегишли буйруғига биноан умумий ўрта таълим муассасалари 9- ва 11-синф битирувчилари учун жорий йилги якуний давлат аттестацияси имтиҳонлари 26 майдан бошланади.
Жорий ўқув йилидан бошлаб таълим ўзбек тилида олиб борилмайдиган синф битирувчилари учун давлат тили фани мажбурий имтиҳон сифатида белгиланмоқда. Хўш, таълим ўзбек тилида олиб борилмайдиган синф битирувчилари учун давлат тили фанидан имтиҳонлар қай тартибда олинади?
- Бу йил рус синфлар иккинчи йил давлат тилидан ёзма имтиҳон топширишади, - дейди Самарқанд шаҳар 33-умумий ўрта таълим мактаби ўзбек тили фани ўқитувчиси Мастура Абдураҳимова. - Имтиҳон билетларидаги саволларнинг барчаси ўтилган мавзулар бўйича тайёрланган. Саволлар қийин эмас, ўқувчи яхши тайёрланса, имтиҳондан бемалол ўтиб кетади. Фақат муаммо айрим болаларнинг ўқишга қизиқмаслигида. Афсуски, имтиҳон масъулиятини сезмайдиганлар ҳам бор.
9-синфлар учун имтиҳон қай тартибда ўтказилади?
Таълим бошқа тилларда олиб бориладиган мактабларнинг 9-синф ўқувчиларига имтиҳонда берилган топшириқлар бўйича 120 дақиқа вақт берилади. Ўқувчиларга таклиф этилган база саволларидан ташкил топган 2 та билет тақдим этилади. Билетда ўқувчига битта матн ва 5 та топшириқ берилади.
Топшириқларнинг 2 таси билишга, 2 таси қўллашга, 1 таси мулоҳазага оид бўлади. Ёзма саволларга жавобларни ёзиш учун мактаб томонидан олдиндан тайёрлаб (мактаб штампи босилган) қўйилган А4 форматдаги қоғозлар берилади. Билет саволларига тайёргарлик кўриш ва жавоб бериши учун умумий 120 дақиқа вақт берилади.
11-синфларга имтиҳон қандай олинади?
Имтиҳон ишининг ҳар бир варианти шакли ва мураккаблик даражаси турлича бўлган 20 та саволдан иборат бўлиб, қисқа жавобли, кўп жавобли, таққослама ва бир жавобли топшириқлардан иборат бўлади. Шулардан 3 топшириққа ёзма жавоб берилади. Бир жавобли саволларга танлаш учун вариант берилмайди.
Ҳар бир имтиҳон билетининг савол ва топшириқлари ўзбек тили фани бўйича умумтаълим мактабларининг ўзбек тили фани дастурини қамраб олган. Шунингдек, тавсияда билишга оид саволлар, қўллашга ва мулоҳазага оид топшириқлар бўйича баҳолаш мезонлари келтирилган.
Билетда ўқувчига 17 та қисқа жавобли, кўп жавобли, таққослама ва бир жавобли, 3 та ёзма шаклда топшириқлар берилади. Билет саволларига жавоб бериши учун 150 дақиқа вақт берилади.
- Билет саволига жавоб бера олмаган битирувчига якуний аттестация комиссияси томонидан иккинчи маротаба билет олишга рухсат берилади, - дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси умумий ўрта таълим ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш шуъбаси бошлиғи Розиқ Файзиев. - Битирувчи олган иккинчи билетга ҳам жавоб бера олмаса, унга якуний аттестациянинг баҳоси сифатида «қониқарсиз» баҳо қўйилади ва учинчи маротаба билет олишга рухсат берилмайди.
Мактаб педагогик кенгашининг қарори асосида унга якуний аттестация тугаган кундан кейин икки ҳафта ўтгач, мазкур фандан қайта якуний аттестациядан ўтишга рухсат берилиши мумкин.
Бир ёки икки фандан ўтказилган якуний аттестацияда қониқарсиз баҳо олган битирувчиларга охирги якуний аттестациядан кейин икки ҳафта ўтгач, қониқарсиз баҳо олган фанидан қайта якуний аттестациядан ўтиш ҳуқуқи берилади.
Умумий ўрта таълим олувчиларнинг якуний давлат аттестацияси тўғрисидаги Низомга асосан йиллик баҳо ва якуний аттестациядан «қониқарсиз» баҳо олган битирувчилар шу синфда қайта ўқишга қолдирилади.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.