Мактаб ўқувчиларининг полда ўтиргани ҳолати ўрганиб чиқилди

Кеча интернет нашрларида Фарғонадаги мактабда 1-синф ўқувчилари  полда дарс ўтаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Фарғона шаҳридаги 24-умумтаълим мактабида ўқувчиларнинг полда ўтиргани акс этган суратдаги ҳолат вилоят халқ таълими бошқармаси, вилоят ва шаҳар ҳокимияти ҳамда бошқа ташкилот мутасаддилари томонидан ўрганиб чиқилди, дея маълум қилди ХТВ матбуот хизмати.

Маълум бўлишича, мактабдаги барча синфларда дарслар белгиланган жадвал асосида ўз вақтида ўтилмоқда. Ўқувчиларга жой етишмаслиги муаммоси йўқ. 1-синфларда ҳам одатдаги тартибда дарс ўтилмоқда.

Мактаб директори Ихтиёр Мамажоновнинг таъкидлашича, таълим муассасасида 2 октябрь куни эски парталар янгиларига алмаштирилган. Янгилари қўйилгунча айрим хоналарда парталар бўлмаган ва интернетда тарқалган сурат шу жараёнда олинган. Синфда парталар 20 дақиқа давомида бўлмаган. Ҳозирда синфхоналар парта ва стуллар билан тўлиқ таъминланган.

Маълумот учун, 24-умумтаълим мактаби биноси 1973 йилда 1250 ўринга мўлжаллаб қурилган. Мактаб 2018 йилда Давлат инвестиция дастури асосида мукаммал таъмирланган. Барча ўқув жиҳозлар ва мебеллар билан тўлиқ таъминланган. Айни пайтда мактабда 2635 нафар ўқувчи таълим олмоқда.