Мактаб ярмаркалари: нархлар арзонми, қиммат?
Янги ўқув йили бошланишига саноқли кунлар қолди. Жойларда 10 августдан мактаб ярмаркалари ташкил этилди. Мактаб ярмаркаларида ўқувчилар учун мактаб формаси ва ўқув қуроллари савдога чиқарилди.
Шаҳарда
Самарқанд шаҳрида бешта ҳудудда, яъни Бўстонсарой кўчасидаги “Китоб олами”, Буюк Ипак йўли кўчасидаги “ATLAS” савдо комплекси, Қорасув масканидаги “XALQSEVAR” дўкони, “Самарқанд Ипак йўли” МЧЖ савдо мажмуаси ва “Шодиёна” савдо мажмуаларида мактаб ярмаркалари ташкил этилган.
Самарқанд шаҳар “Самарқанд Ипак йўли” МЧЖ савдо мажмуасида ўқув қуроллари ташқарида алоҳида расталарда сотиляпти. Оддий 12 варақли дафтарнинг донаси 1200-1500 сўмдан экан. 1200 сўмлик дафтарнинг орқа томонида “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган”, деган ёзув бор, холос. Аммо ишлаб чиқарувчи фирма номи, манзили кўрсатилмаган. Аслида бундай ўқув қуроллари савдога чиқарилиши мумкин эмас. 1500 сўмлик дафтарнинг орқасида Тошкентда ишлаб чиқарилгани, манзили, фирма номи кўрсатилган.
Савдо мажмуасининг иккинчи қаватдаги болалар бўлимида ўқувчилар учун мактаб формалари сотилмоқда. Кичик ёшдаги ўғил болалар учун костюм-шим, нимча комплекти 450 минг сўмдан, оқ кўйлак ўзимизда ишлаб чиқарилгани 190 минг, Туркияники 400-450 минг сўм. Шунингдек, қиз болалар учун ҳам турли ўлчамдаги оқ кофта, юбка савдога чиқарилган. Сотувчининг айтишича, мажбурий мактаб формаси 2025 йилгача босқичма-босқич жорий этилиши сабабли савдога қўйилмаган. Мажбурий мактаб формасини фақат мактаблар буюртма асосида тиктирган. Шунинг учун бўлса керак, мактаб ярмаркасида харидорлар жуда кам. Бошқа жойга нисбатан бу ерда нархларнинг бироз қимматлиги ҳам харидорларни чўчитган бўлса ажаб эмас.
Туманларда-чи?
- Ўқув йили бошланиши олдидан ҳар йили туманимиз марказида “Мактаб ярмаркаси” ташкил этилиб, ўқув қуроллари арзон нархда сотилиши йўлга қўйилади, - дейди булунғурлик Раббим Ҳотамов. - Бу йил ҳам “Булунғур буюм бозори” ташаббуси билан туман марказида мактаб ярмаркаси ташкил этилганидан ота-оналар хурсанд. Ярмаркада мактаб ўқувчилари учун ҳамма ўқув қуроллари бор.
- Мактаб ўқувчилари бўлган фарзандларимизга ўқув қуролларини сотиб олиш учун ҳар йили Самарқанд шаҳрига бориб келардик, - дейди ота-оналардан бири Матлуба Худоёрова. - Бу ярмаркадан болаларимизга керакли бўлган ҳамма ўқув қуролларини сотиб олдик.
Айни кунда бошқа туман марказларида ҳам мактаб ярмаркалари иш бошлаган. Шаҳардагига қараганда туман мактаб ярмаркаларидаги маҳсулотлар анча арзон.
Кимларга бепул мактаб формаси берилди?
Самарқанд шаҳрида 1747 та оила “Темир дафтар”га киритилган бўлиб, улардан 594 оиланинг 1078 нафар фарзанди умумтаълим мактабларида таҳсил олаётганлиги аниқланди. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 19 майдаги “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан ушбу кам таъминланган оилаларнинг фарзандларига бепул мактаб формаси тарқатилди.
Самарқанд туманида эса 421 оила “Темир дафтар”га киритилган бўлиб, уларнинг мактабда таҳсил оладиган 544 нафар фарзанди учун “Ургут саноат сервис” оилавий корхонаси томонидан тикилган мактаб формалари “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан бепул тарқатилди.
Хуршида Эрназарова.