Мактабгача таълим тизими рақамлаштирилди

Нима ўзгарди? Барча тизимларда бўлгани каби мактабгача таълим тизимида ҳам янгиликлар кўп. Аммо бу янгиликлардан аҳоли тўлиқ хабардор эмас. Боғчалардаги ўзгаришларнинг мазмун-моҳияти хусусида яхшироқ тушунтириш мақсадида Самарқанд туманидаги 11-давлат мактабгача таълим ташкилоти директори Зарнигор Абдуллаева билан суҳбатлашдик.
- Кейинги йиллар мактабгача таълим тизимида қандай ислоҳотлар амалга оширилди? Уларнинг ижобий ва салбий жиҳатлари ҳақида нима дея оласиз?
- Бугун мактабгача таълим тизимидаги янгиликлардан бири фаолиятимизнинг электрон шаклга ўтилганлигидир. Ташкилотга болани навбатга қўйиш, қабул қилиш, кунлик йўқламалар, ҳатто ҳамшира тузадиган меню ҳам онлайн шаклга ўтди. Бундай тартиб биз, директор ва ўринбосарларга масъулият юклади. Электрон шаклга ўтишдан олдин барча давлат мактабгача таълим ташкилотлари компьютер ва wi-fi билан таъминланди. Жорий йилнинг 1сентябридан барча давлат мактабгача таълим ташкилотлари электрон йўқламага ўтди. Тизимдаги айрим камчиликларни бартараф этиш учун давлат мактабгача таълим ташкилотларида июнь ойидан буён электрон йўқлама тажриба сифатида олиб борилди.
Болаларнинг касаллиги билан боғлиқ маълумотномалар ҳам онлайн бўлган. Агар бола касал бўлса, ота-онаси уни поликлиникага олиб бориб, касаллиги тўғрисида рўйхатга қўяди. Шундан сўнг боланинг касаллиги ҳақидаги маълумотнома базада кўринади. Мактабгача таълим ташкилотларини бошқариш тизимининг платформаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳам интеграция қилинган. Платформанинг афзаллиги боланинг келмаган кунига овқат пули ҳисобланмайди. Хуллас, барча ишимиз рақамлаштирилган.
Ушбу ўзгаришларнинг бир камчилиги бор. Ҳали бу тизим янги бўлганлиги учун эрталаб ва кечқурун платформа қотиб қоляпти. Бу камчилик ҳам вақти-соати билан ўз изига тушиб кетади.
- Болага бир кунда мактабгача таълим ташкилотида неча пуллик овқат берилади?
- Нархлар ҳудудларда ҳар хил бўлганлиги учун суммаси кўрсатилмаган. Аммо ўртача 15-30 минг сўм бўлиши мумкин. Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 январдаги “Давлат мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 1-сонли қарорига кўра вазирлик томонидан “Ягона мавсумий таомнома” ишлаб чиқилди. Шунингдек, “Ақлвой ошпаз” китоби барча давлат мактабгача таълим ташкилотларига тарқатилди. Платформада ҳам “Ақлвой ошпаз” деган бўлим бор. Эрталабки йўқламадан сўнг, платформага боланинг сони ёзилади ва эрталабки, тушлик овқатлар танланади. Шундан сўнг таомномадаги барча меъёрлар санитария қоидалари ва тартибларига риоя қилинган ҳолда электрон тарзда чиқади. Авваллари ҳамшира бола сонига қараб бериладиган озиқ-овқат миқдорини ҳисоблаб чиқарди. Энди эса бу юмушлар платформада осон бажарилади. Бу ҳамширалар ишига анча енгиллик берди. Фақат компьютерни билмайдиган ҳамширалар қийналиши мумкин.
- Нега ижтимоий тармоқларда боғча опа болани урган ҳолатлар кўпайиб кетяпти? Тарбиячилар қандай талаблар асосида ишга олинади?
- Мактабгача таълим тизими ҳали ривожланиш даврида, десак бўлади. Чунки шу пайтгача мутахассислиги тўғри келмаса ҳам ўрта махсус дипломга эга ходимлар ишга олинди. Кейинги йилларда мактабгача таълим ташкилотларида номутахассис кадрлар қолмади. Олий ёки ўрта таълимда ўқиган мактабгача таълим тизими мутахассислари ишга олиняпти. Эндиликда мактабгача таълим ташкилотларига олий маълумотли мутахассислар ҳам ишга келяпти ёки ишлаётган мутахассислар олий таълимга ҳужжат топшириб, ўқияпти. Масалан, боғчамизда 17 нафар ходим бўлса, шулардан 8 нафари олий маълумотли мутахассис. 2026-2027 йилдан ўрта махсус маълумотга эга бўлганлар боғчага ишга олинмайди.
Давлат мактабгача таълим ташкилотларида ҳамшира ва хўжалик ишлари мудири бўлим томонидан, қолган ходимлар ташкилот директори томонидан ишга қабул қилинади.
Булардан ташқари, боғча тарбиячиларига педагог деган лавозим берилди, яъни мактаб педагогларига қандай талаб ва вазифалар белгиланган бўлса, тарбиячиларга ҳам худди шундай талаб ва вазифалар қўйилди. Илгари мактабгача таълим ташкилотлари ходимларига тоифа берилмасди. Энди аттестациядан ўтиб, тоифаси кўтарилган боғча педагогларининг ҳам иш ҳақи ошади.
Тўғри, бола боғчада шўхлик қилиб, ёнидаги тенгдошини итариб юбориши, тишлаши, уриши мумкин. Аммо тарбиячи болани айбини дўппослаш орқали тартибга чақириши умуман хато. Тарбиячи шундай йўл тутиши керакки, бола айбини тушунсин. Мен тарбиячиларимга гуруҳда тартиб ўрнатишни талаб қиламан. Болага хушмуомала бўлиш, уни тинглаш, нима истаётганини билишга чақираман. Тарбиячи тажрибали бўлса, болалар билан тиллаша олади ва ҳар хил кўнгилсизликлар содир бўлмайди.
- Боғча мудиралар ҳақида турли миш-мишлар юради. Масалан, мудиралар болаларнинг овқат пулидан, боғчага ноқонуний бола қабул қилиш ёки ишчиларни пора эвазига ишга олиш кабилар ортидан бойлик орттириши айтилади. Бу қанчалик ҳақиқатга тўғри келади?
- Шахсан ўзимдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, мақсадим – ривожланиш, шу тизимда яхши ном қолдириш. Коррупция ҳолатлари йўқ эмас, бор, деймиз, лекин кейинги вақтларда бундай ҳолатлар анча камайган. Масалан, мен бир-икки сўм пул учун обрўйимни тўкишни хоҳламайман.
Боғчамизда ота-оналарнинг талабига кўра, қўшимча дарслар олиб борилади. Масалан, инглиз тили тўгараги мавжуд, унга қатнашадиган болалар учун қўшимча тўлов қилинади. Агар мен шу тўгаракни очмасам, айрим ота-оналар болани боғчадан олиб, бошқа жойдаги инглиз тили тўгарагига беради. Баъзилар боласини гимнастикага ёки таэквандога бериши мумкин. Шунинг учун биз ота-оналар билан шартнома қилган ҳолда қўшимча тўгарак очганмиз. Менимча, бундай ҳолат бошқа боғчаларда ҳам бор. Одамлар қўшимча тўгаракларни боғчанинг ҳисобидан деб ўйлашади ва ҳар хил гап-сўзлар ҳам шунинг ортидан чиқади.
- Нега баъзи боғча мудиралари аутсорсингни унча хушламайди? Аутсорсинг тизимининг афзалликлари нимада?
- Аутсорсинг тизимига энди ўтамиз. Шу пайтгача аутсорсинг тизимида ишламаганман, шунинг учун нега хушламаслигини билмайман. Лекин мактабгача таълим ташкилоти директорининг энг оғриқли нуқтаси шу. Биласизми, Нуробод, Қўшработ каби узоқ туманларда шундай ҳамкасбларим бор, улар бола оч қолмасин деб, кечаси 2-3 та газ балонини тўлдириб, боғчага олиб келиб қўяди. Боғчанинг бу каби оғриқли томонларини бошқалар билмайди, фақат директор билади. Аутсорсинг бўлса, бизнинг битта юкимиз камаяди, деб ўйлайман. Шунингдек, таълим-тарбиядаги сифат самарадорлигимиз ошади. Ҳозир бизда озиқ-овқат масъуллиги, қишда иситиш масъуллиги бор. Умуман, ташкилотнинг барча муаммоси директорнинг бўйнида.
- Давлат мактабгача таълим ташкилотларини қийнайдиган муаммо нимада?
- Боғчамиз Захлик маҳалласида жойлашган. Маҳаллада 700 нафардан ортиқ 3-7 ёшли болалар мавжуд. Ташкилотимиз 300 ўринли бўлиб, атрофимиздаги бошқа маҳаллаларда давлат боғчаси йўқ. Бу ҳолат давлат боғчасига бўлган талабни оширади ва эътирозларга олиб келади. Давлат мактабгача таълим ташкилотларида овқат пули қиммат бўлмаганлиги учун кўпчилик ота-оналар боласини давлат боғчасига қўйишни истайди. Оилавий боғчаларнинг овқат пули қиммат. Шунинг учун ота-оналар боласини онлайн рўйхатга қўйиб, навбати келгунга қадар оилавий боғчага бериб туради. Давлат боғчасига навбати келиши билан болани оилавий боғчадан олиб, давлат боғчасига беради.
Бу ҳолат статистикага таъсир қилганлиги сабабли, апрелдан бошлаб бола бирор мактабгача таълим ташкилотига қабул қилинса, бошқа боғчаларга қўйган онлайн навбати куйиб кетади. Ота-она бу тизимни тушунмаганлиги сабабли эътирозлар келиб чиқяпти. Авваллари болани икки-учта боғчага навбатга қўйса бўларди. Энди бундай тартиб бекор бўлди.
- Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА
суҳбатлашди.