Малайзияда ҳам Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази очилиши мумкин

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Малайзия Бош вазирининг махсус вакили, Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Марзуки Яхья ва Малайзиянинг Ўзбекистондаги фавқуллодда ва мухтор элчиси Хенди Ассан бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.

Мартабали меҳмонлар Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилди, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилган ушбу марказ фаолияти билан танишди.

Ташриф доирасида меҳмонлар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.

- Ўзбекистонга саёҳатимиз унутилмас таассуротларга бой ўтмоқда, - деди Марзуки Яхья. – Бу ердаги ўзгаришлар, улкан қурилиш ва бунёдкорлик ишларини кўриб ҳайратландим. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири билан суҳбатлашиб, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази хусусида маълумотлар олдик. Биз Малайзияда Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказини очишни режалаштираяпмиз.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази Малайзиядаги  ислом тадқиқот марказлари ва университетлари билан ҳамкорликни йўлга қўйгани айни муддао. Яқинда малайзиялик бир гуруҳ исломшунос олимларнинг Самарқандга саёҳатини ташкил қиламиз. Улар ҳам мазкур марказ ва Ҳадис илми мактаби фаолияти билан яқиндан танишади. Бу илмий ҳамкорлик алоқаларимизнинг янада кенгайиши, биргаликда кўплаб тадқиқот ишларини амалга оширишга хизмат қилади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази матбуот хизмати.