Мамлакатда эътибор қозонган ижодий жамоа

Газета – жамият ва давлат ҳаётининг кўзгуси. У энг аввало, жамият ҳаётини холисона кузатган ҳолда, содир бўлаётган ўзгариш, воқеа ва ҳодисалар, янгиликлардан ўз ўқувчиларини хабардор қилиб боради. Фаолиятида газетхонларни фақат эзгуликка даъват этиб, кенг ва ранг-баранг имкониятларидан оқилона фойдаланиш орқали бунга эришади. Давлат ва жамиятни ривожлантиришда фаол иштирок этиб, унга муносиб ҳисса қўшади.

Шу жиҳатдан олиб қараганда, “Зарафшон” газетасига фақат ҳавас қилиш мумкин. Газета ижодий жамоаси мана 110 йилдирки, мамлакатимиз, унинг йирик таркибий қисмларидан саналган  вилоятда ана шундай масъулиятли ҳамда шарафли вазифани муносиб уддалаб келмоқда. Шунинг учун ҳам ушбу қутлуғ сана нафақат вилоятимизда, балки мамлакатимизда кенг нишонланмоқда. “Зарафшон” газетасининг 110,  “Самаркандский вестник” газетасининг 105 йиллиги юбилейи мамлакатимиз пойтахти Тошкентда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида турли маънавий-маданий тадбирлар билан нишонланганлиги, унда Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан ОАВ вакиллари иштирок этганлиги бежиз эмас. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раиси, таниқли журналист Муҳаммаджон Обидовнинг “Биз бу санани Фарғонада ҳам нишонлаймиз”, дегани эса газетанинг бутун мамлакатимизда катта ҳурмат-эътиборга сазовор эканлигидан далолат.

“Зарафшон” хусусида ҳар қанча ижобий фикрлар билдирилса ҳам кам.

Ҳар қандай газетанинг шаклу шамойили унда фаолият юритаётган ижодий жамоанинг салоҳиятига боғлиқ. Бу борада газетада турли даврларда ўта муносиб ва юксак маҳоратли журналистлар фаолият кўрсатганлиги ва кўрсатаётганлигини таъкидлаш жоиз.

Олим ХЎЖАЕВ, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.