“Маънавият фестивали” тарғиботчилари Нарпайда

Пойтахтдан келган бир гуруҳ таниқли олим, адабиёт ва санъат намояндаларидан иборат тарғиботчилар иштирокида Самарқанднинг қатор маҳалла, қишлоқ, жамоат ташкилотларида мулоқотлар, маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этиляпти.

Маънавият фестивали тадбирлари Нарпай, Каттақўрғон ва Нуробод туманларидан бошланди. Нарпай туманидаги 2-касб-ҳунар мактабида таниқли ижодкорлар билан учрашувда жамоатчилик вакиллари, хотин-қизлар ва туман ёшлари иштирок этди. Тарғибот гуруҳи аъзолари - Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Сирожиддин Раупов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Меҳмонали Салимов ҳамда фалсафа фанлари доктори Мунира Қаҳҳорова мамлакатимизда кейинги йилларда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий ислоҳотларнинг туб моҳиятига тўхталди. Ёшлар ижодкорларга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилди.

- Ҳар бир миллат, мамлакат тарихида буюк саналар бисёр, уларнинг ҳаммаси ҳам қадрли, ўзига хос, - дейди актёр Меҳмонали Салимов. - Аммо шундай саналар бўладики, унинг аҳамиятини ўлчайдиган мезон йўқ. Энг улуғ, энг азиз байрам - Ватанимиз мустақилликни қўлга киритган сана биз учун ана шундай қадрли ва суюкли кун. Бундай тадбирлар ёшларни Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга. 

Маънавият фестивали доирасида “Маърифат соатлари”, “Менинг илк китоб жавоним”, “Ватан мадҳи”, концерт-дастурлари ўтказилиши режалаштирилган. 

Бу каби маърифий тадбирлар вилоятимизнинг бошқа туман ва шаҳарларида давом этмоқда.