Манманлик қонимиздами? Ёки менталитетимизга хос бўлмаган одатларимизга чизгилар

Филадельфиядаги (АҚШ) “VATAN” жамияти раҳбари Шуҳрат Қодировдан айрим иллатларимиз ҳақида мулоҳазалар.

Инсоннинг инсонлиги шайтон алдовларига учмаслигидадир. Афсус, минг афсус! Биз ҳалигача ҳою-ҳавасларга ўчлигимиз туфайли ғалати йўлдан чиқолмай овораи жаҳонмиз.

Гап, биз ўтказаётган тўй-маъракаларимиз хусусида бормоқда. Яна ҳам аниқроғи, тўйлардаги меъёрдан ортиқча дабдабаларимиз ҳақида.

Умуман олганда, Ўрта Осиё халқлари тўйсевар одамлар. Тўй хурсандчилик кундир. Азал-азалдан фарзандларимизни суннат тўйини, никоҳ тўйларини чиройли, тартибли, халқона ўтказганмиз. Энди савол туғилади: шу кунларда ўтказилаётган тўй-ҳашамлар-чи, улар ҳавас қилгуликми? Ундан ибрат оладиган қандай жиҳат бор?

Афсуски, ўзини билган одам бу саволга салбий жавоб бериши аниқ. Хусусан, биз, самарқандликлар бу борада олдинги ўринларда бораётганлигимиз ҳам бор гап. Тўйлардаги дастурхонларни уч-тўрт қават қилиб, меъёридан ортиқ безаш ҳам айнан бизда. Тўйларда санъаткорлар устидан даста-даста пул сочишлар ҳам бизда. Ҳиндистонликларга ўхшаб, пулдан гулчамбар ясаб, қудалар бўйнига илиш ҳам бизда. Ёш-ёш йигитлар даврага чиқиб, ярашмаган “тутқаноқ ўйин”га ўйнаётганлар ҳам бизда. Таъзия маросимларида тўйникидек дастурхон безаётганлар, меҳмонларга тугун тарқатаётганлар ҳам бизда! Бундай тизгинсиз орзу-ҳавасларимизнинг адоғи йўқ!

Одамга алам қиладигани, инсонни фикрлашга мажбур қиладигани - ана шу номақбул “қилиқ”лар Америкага ҳам кўчаётгани ва бу дабдабани бу ерда ҳам биз қилаётганимиз. Ахир, бир ўйлаб кўрайлик, биз тўқлигимиздан мусофир юртларда юрганимиз йўқ! Пул топиш учун келганмиз. Биринчи келган кунларимиздаги қийинчиликларни унутмайлик.

Бу нима, тўқликка шўхликми? Бойлик ҳамиша бирдай бўлмайди! Ақлимизни йиғайлик. Ажлодларимиз кимлар эканлигини унутмайлик. Ярим жаҳонни забт этган Амир Темур бизнинг бобомиз. Ҳадис илмининг билимдони, бутун мусулмон дунёси эътироф этган Имом Бухорий Самарқандда ётибдилар. Хожа Аҳрори Валий тупроғи Самарқандда. Мотуридий, Даҳбедий... эҳҳе, яна қанча авлиёлар Самарқандда.

Энди қаранг, биз қай томондан ўзимизни кўрсатяпмиз: Машиналаримизни “мингга қўйиб” ҳайдаб, қизил чироқдан ўтиб кетганимиз, дабдабали тўй-маросимларимиз билан, маъракаларда қўйилаётган тугунларимиз биланми? Айтишга ҳам уялади одам: ёши улуғларимизни назар-писанд қилмаслигимиз билан ҳам мақтаняпмиз.

Дунёга боқайлик, бугун илм аҳли иззатда. Дунёни билимлилар бошқармоқда. Меҳнат қилиб топган пулимизни бу дабдаба-ю ҳашамлар ўрнига фарзандларимизни ўқитишга сарфлайлик! Шу билан бирга яхши тарбия ҳам берайлик. Ўзимиз уларга эзгу ишларимиз, фидойилигимиз билан ибрат бўлайлик!

***

Таҳририятдан: Тўғри, Шуҳрат Қодиров ўз мулоҳазаларини бугунги кунда АҚШда истиқомат қилаётган ватандошларимизга қарата айтган. Аммо ўйлаб қарасак, ана шу дабдабаларнинг илдизи, афсуски, ўзимизга келиб тақалади. Ва тилга олинган бу иллатларнинг аксарияти шу ерда кўпроқ учраяпти. Муаллифнинг куйинганича бор, юртимизда ҳам, хорижда ҳам биз шу иллатлардан қутулолмаяпмиз. Сиз нима дейсиз? Фикр-мулоҳазаларингизни кутамиз.