Мақсад - эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ва бандлигини таъминлаш
Пахтачида халқ депутатлари туман кенгашининг тўққизинчи сессияси бўлиб ўтди.
Унда туман ҳокимининг ўринбосарлари, сектор раҳбарлари ва депутатлар карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда иштирок этди. Шунингдек, сессияда Ўзбекистон Pеспубликаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Ф.Тошев қатнашди.
Сессияни туман кенгаши раиси, туман ҳокими М.Ҳамдамов олиб борди.
Сессияда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида туман кенгаши депутатларининг ролини ошириш, сайлов округлари кесимида шакллантирилган муҳтож оилалар ва улардаги ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш ҳамда моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш масаласи муҳокама қилинди.
Кун тартибидаги масала юзасидан туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ш.Қудратовнинг ахбороти тингланди.
- Бугунги кунда туманимизда 43 минг 445 оила мавжуд бўлиб, 152 минг 317 нафар аҳоли истиқомат қилмоқда, - деди Ш.Қудратов. - Ўтказилган ўрганишлар давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож 2 766 та камбағал оила ва уларнинг 12 минг
288 нафар аъзоси мавжудлиги аниқланди. Туман «Маҳалла» хайрия жамоат фонди қошида ташкил этилган "Саховат ва кўмак" жамғармасига бугунгача 45 та саховатпеша тадбиркор ҳамда ташкилотлар ҳисобидан 511,5 миллион сўм маблағ келиб тушди. 2715 та муҳтож оилага озиқ-овқат маҳсулотлари берилди ва 97 та бошқа кўринишдаги кўмаклар кўрсатилди.
Камбағал оилаларни фақат озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш эмас, балки уларнинг меҳнатга лаёқатли аъзоларини ишга жойлаштириш устида сектор раҳбарлари ҳамда тумандаги корхона ва ташкилотлар билан бирга тумандаги корхона ва ташкилотларда мавжуд бўлган бўш иш ўринларига ҳамда ташаббускор корхоналарга ишга жойлаштириш орқали бандлигини таъминлаш устида иш олиб бормоқдамиз.
Сессиясида кун тартибидаги масалалар бўйича Олий Мажлис Сенати аъзоси Ф.Тошев, депутатлар - А.Чоршаев, И.Санаев, Э.Нурбоев ҳамда Ж.Қурбонов сўзга чиқиб, ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.
Билдирилган фикр-мулоҳазалар, таклифлар инобатга олиниб, кун тартибидаги масала юзасидан туман кенгаши қарори қабул қилинди.