Марказий Осиёлик мигрантлар ишлаган пулларини Россиянинг ўзида қолдириб келишга мажбур бўлмоқдалар

Россия ҳукумати турли мамлакатлардан келаётган меҳнат мигрантларига тобора оғирдан–оғир шартлар қўйишда давом этмоқда. Мутахассисларнинг фикрига кўра, Россия ҳукумати шу йўл билан мамлакатда меҳнат қилаётган мавсумий мигрантларнинг Россиядан камроқ маблағ олиб чиқиб кетишлари учун йилдан йил турли тўловларни ошириб бормоқда. Масалан, илк маротаба жорий қилинганида ойига 1000 рубль бўлган мигрантлар патенти бугун турли ҳудудларда 4-5  минг рублгача оширилди. Бу ҳақда sputnik.uz хабар бермоқда.

Куни кеча айни шу мавзуда бўлиб ўтган брифингда Москва шаҳар маъмурияти вакиллари мигрантлар патенти Москва бюджетига қанча даромад келтиргани маълум қилдилар.

Уларнинг ҳисоботларига кўра 2019 йилнинг дастлабки тўрт ойи давомида меҳнат мигрантлари патентидан олинган даромадни маълум қилди.

Жорий йилнинг дастлабки тўрт ойи мобайнида Москва шаҳрида меҳнат мигрантлари патентлари тўловидан олинган даромад қарийб 5,6 миллиард рублни ташкил қилди. Бу ҳақда Москва ҳукумати матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, Москва кўп тармоқли миграция марказида 2018 йилда  Москва шаҳрида ишлаш учун 451,6 минг дона меҳнат патентлари берилган ва патент тўловларидан пойтахт бюджетига тушган даромад 17,4 миллиард рублни ташкил этган.

Бу шуни англатадики Москва ҳукумати ҳам Россиянинг бошқа ҳудудлари каби мамлакатда меҳнат қилаётган мигрантлардан тобора кўпроқ пул ундириш пайида бўляпти ва ҳар йили патент нархини ошириб бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 1 январдан Москва шаҳрида мигрантлар учун патент тўлови нархи 4,5 мингдан 5 минг рублгача оширилди.