Маромийлик ҳаракати Самарқанд тўйларида сезиляптими?
Бундан бир аср олдин, яъни жадид боболаримиз тўй ва маросимларни қисқартириш борасида курашган, ўз фикр-мулоҳазаларини ўша давр газеталарида ёзиб кетган. Ҳамон биз ушбу иллатга қарши курашяпмиз, бироқ аҳолини соғлом фикрлашга ўргатиш, йиллаб машаққат билан тўплаган пулини бир кунда совуриб юбориш нотўғри эканини тушунтириш қийин бўляпти. Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Холбек Кубаев билан суҳбатимиз шу ҳақда бўлди.
- Маромийлик, яъни тўй ва маъракаларни қисқартириш ҳақида чора-тадбирлар дастури вилоятимиздаги масъул идора раҳбарлари томонидан имзоланди. Хўш, бу борада жойларда қандай тарғибот ишлари олиб бориляпти?
- Республика бўйича тўйларни қисқартириш борасида 2019 йилда ҳаракатлар бошланганди. Пандемия сабабли бу ҳаракат тўхтаб қолган эди. 2025 йилда маромийлик дастурига қайтадан киришилди. Аслида “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да маромийлик сўзи бирор иш, фаолият ёки жараённинг меъёри, ўлчови деган маъноларни билдиради. Бу ҳаракат аҳоли ўртасида бевосита исрофгарчиликнинг олдини олиш, шукроналик қилиш ҳамда бағрикенглик фазилатларини тарғиб этишга қаратилган дастур сифатида қабул қилиниб, бутун Ўзбекистон бўйлаб жорий этилмоқда. Жорий йилнинг октябрь ойининг охиридан бошлаб Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Мусулмонлар идораси, “Маҳалла” уюшмаси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда “Нуронийлар” жамғармаси биргаликда дабдабали тўй ёки оилавий маросимларни ихчамлаштиришга қаратилган тарғибот компанияси бошланди. Республикада ушбу бешта ташкилот раҳбарлари қўшма меморандум имзолашиб, бунинг ижросини қуйига юборди. Шу асосда бизда ҳам вилоятдаги ташкилотлар ўртасида меморандум тузилди. Қуйи ташкилотларда ҳам ушбу меморандум қўллаб-қувватланиб, бугунги кунда ҳаётга жорий қилинди.
Дастур бошланишидан олдин ҳам вилоятда тўйларни қисқартириш бўйича ҳаракатлар бошланганди. Дастлаб тажрибани Самарқанд туманидан бошладик. Кейинги йилларда Самарқанд, Ургут, Тойлоқ туманларида тўйларни ўтказиш бўйича маромийлик деган тушунча йўқолиб кетганди. Тўй ва маросимларнинг харажатлари ҳаддан зиёд ошиб, аҳолига кўп қийинчиликлар олиб келаётганди. Масалан, Самарқанд туманида ўғил уйлантиришга ўртача 300 миллион сўм маблағ кетар экан. Аслида энг кам тўй харажати 200 миллион сўмга тушаётган бўлса, бу ёғи 1 миллиард сўмгача никоҳ тўйини ўтказаётганлар борлиги ачинарли ҳолатдир.
2024 йилда вилоятда 31 мингдан зиёд никоҳлар қайд қилинган. Агар буни пулга ҳисоблайдиган бўлсак, салкам 2 триллионга яқин маблағ бўляпти. Қайта-қайта ўтказилаётган маросимларни бирлаштириш орқали сарф-харажатларни 2-2,5 бараварга қисқартириш мумкин.
Ривожланган давлатлардан бири бўлган Германияда яшаш шароити биздан анча юқори бўлса-да, никоҳ тўйига 50 киши таклиф қилинар экан. Туркия давлатида ўртача 100-150 кишилик никоҳ тўйи ўтказиларкан. Бунинг устига уларда “швед дастурхони” қилиниб, одамлар эҳтиёжига яраша озиқ-овқат маҳсулотларини олиб келиб ейишаркан ва исрофгарчиликка йўл қўйилмаскан. Бизнинг тўйларимизда маромийликнинг ўзи йўқ, сабаби энг камида 400-500 кишилик тўй қилинади. Баъзилар умри давомида тўй учун пул йиғади, хорижда ишлаб келган пулини бир кунлик тўйга сарфлаб юборади. Албатта, кўпчиликнинг муҳожир сифатида чет элга кетишининг сабаби ҳам тўй ва маросимларни катта ўтказиш натижасидир.
Юқорида айтилган бешликка чора-тадбирлар режаси берилган. Ҳар ҳафта Самарқанд-105 радиоканалида бир туманнинг бўлим раҳбари, имоми ва бошқа масъуллар иштирокида чиқиш қилиняпти. Шунингдек, телевидениеда “Маърифат шуъласи” номли кўрсатувимиз бўлиб, ҳар ойда битта туман мисолида тўйларни ихчамлаштириш борасида айтиляпти. Бундан ташқари, туманларда ўтказилаётган тарғибот-ташвиқот ишларининг натижаси мониторинг қилиб бориляпти. Кейинги пайтда аҳоли орасида ҳашаматли тўй қилиш, тўйлардаги салбий одатларни ижтимоий тармоқларга жойлаштириш ҳолатлари бирмунча камайди. Бу ҳам одамларнинг онгида яхши томонга ўзгаришларнинг натижаси бўлса керак.
- Ресторан эгалари билан ҳам тўйларни қисқартириш борасида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб бориляптими? Демоқчи бўлганим, бундан 2-3 йил аввал ҳам тўйларни қисқартириш таклифи ўртага ташланганида, тўйларга кам киши айтилса, дастурхон янада қиммат бўлиши, тўйхона эгалари даромадининг камайишини хоҳламаётгани каби гаплар тарқалганди.
- Маромийликка риоя қилган ҳолда ресторанларда тўй ўтказишга аввало, солиқ идоралари маълум бир меъёрларни белгилаб бериши керак. Масалан, стол-стуллар сони ва сарфланадиган харажатлар белгиланиши лозим. Тўйларни ихчамлаштириш борасида туманларда ўтказилаётган тарғибот-ташвиқот ишларига тўйхона эгалари ҳам таклиф қилиняпти. Айни кунда 16 та туман (шаҳар)да бу нарса аниқ йўлга қўйилди, деб айтолмайман. Мисол келтирадиган бўлсам, Қўшработ туманида ихчам тўй ўтказиш йўлга қўйилди. Шу сабабли Қўшработда катта тўй қилмоқчи бўлганлар бошқа туманда тўйини ўтказишни режалаштираётганини эшитдим. Энди бу ишлар бошланиши, албатта, бошида ҳамма бирданига бўйсунмайди. Тарғибот-ташвиқот ишларимизнинг кейинги босқичида чораларимиз янаям қаттиқроқ бўлса керак. “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг 1921-моддасида тўй ва маросим қилувчиларга ҳам, тўйхона эгаларига ҳам жавобгарлик белгиланган. Тўй эгасига базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида, тўйхона эгасига 30 баравар жарима белгиланган. Бу ҳолат бир йил давомида яна қайтарилса, тўйхона эгаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида жаримага тортилади. Бу йигирма миллиондан ортиқ маблағ дегани. Бунинг назорати тўхтовсиз олиб бориладиган бўлса, натижага эришсак бўлади.
- Самарқанд туманида авж олган дабдабали тўйлар ҳақиқатда ҳам ихчамлашдими? Масалан, ҳамма таниган зиёли инсонни яқинда ихчам тўй қилганини эшитдингизми?
- Самарқанд туманининг деярли ҳамма маҳаллалари билан гаплашяпмиз. Масалан, Хўжа Ахрори Валий зиёратгоҳи атрофи Чоршанба маҳалласида жойлашган. Ушбу маҳаллада мақтовга сазовор ишлар бўляпти. Яқинда маҳаллада тўй бўлган, унга 200 га яқин киши таклиф этилиб, ортиқча сарф-харажатга йўл қўйилмаган. Тўй эгаси тўйга атаган пулига ўғлига машина олиб борибди, у шу билан тирикчилик ўтказяпти. Шунингдек, маҳаллада ҳар бир маросимга кетадиган маҳсулотларнинг таннархи чиқарилган ҳамда қатнашадиган одамларнинг сони ҳам аниқ кўрсатилган. Масалан, никоҳ тўйига қанча, фотиҳа тўйича қанча одам бориши белгиланган. Чоршанба маҳалласида амалга оширилаётган ишларни вилоятимиз бўйича намуна сифатида кўрсатсак бўлади.
- Пандемия даврида одамлар 30 кишилик тўйга ҳам рози бўлишди, нега яна тўй-маросимлар кундан кунга авж оляпти? Бу одамларнинг яшаш тарзи яхшиланаётганидан даракми ёки аксинча?
- Агар аҳолидан сўровнома ўтказилса, тўй қиладиган одамларнинг саксон фоизи дабдабали тўй қилишга қаршилигини билдиради. Кимдир ота-она орзуси деб, кимдир ўғил ёки қизининг орзуси деб дабдабали тўй қилади. Аҳолининг асосий қисми катта тўй ўтказишга шароити бўлмаса-да, одамлар нима дейди, тарзида йўл тутади. Аслида одам ўзи учун, фарзандларнинг таълим-тарбияси, келажаги учун яшаши керак. Одамлар сизнинг тўйингизни бир кун гапиради, ундан кейин эсламайди. Аммо қарз бўйнингизда қолади. Афсуски, орамизда кредит ёки қарз олиб тўй қилаётганлар бор. Тўйдан кейин қарзни тўлаш учун оиланинг бир қисми чет элга кетяпти. Кўп ўтмай ҳар-хил гаплар тарқаляпти ва янги оила бузиляпти.
- Дабдабали тўй қилмоқчи бўлганларга бирон мактаб ёки боғчани таъмирлаш, жиҳоз олиб бериш каби савобли ишларга йўналтириш борасида ҳам ўйлаб кўряпсизларми?
- Аслида савоб иш қилаётганларнинг бир қисми буни ҳеч кимга айтмайди. Савобли ишни тушунганлар ҳаж ёки умра сафарига бормасдан йиққан маблағини маҳалла кўчасига асфальт ётқизиш ёки кўприк қуриб беришга сарфлаётганлар бор. Аммо бундай кишилар бармоқ билан санарли даражада кам. Қолганлари эса ҳою-ҳавасга берилган, маънавий қашшоқ кишилардир. Масалан, охирги вақтда янги одатлар чиққан. Улардан бири тўйларда келин-куёвнинг кийимларини кўргазма сифатида махсус “Сарпо.uz” деган машинада олиб боришади. Ушбу машиналар хизмати 400-500 доллар турар экан. Янаям ачинарлиси, Самарқанд туманидаги “талбон” тўйда бир нарсанинг гувоҳи бўлдик. Келин неча хил кийими бўлса, ҳаммасини кийиб чиқиб, меҳмонларга кўрсатар экан. Афсуски, мана шундай бемаъни одатлар кўпайиб кетяпти. Тўйларда келин томон куёв томонга, куёв томон келин томонга нафақат тилла тақинчоқлар, балки ундан ҳам қимматбаҳо совғаларни тарқатяпти. Лекин 1 млрд пул сарфлаб тўй қилаётган фуқарога шунинг 100 миллионини маҳаллани обод қилиш ёки мактаб учун жиҳоз олиб беришга сўрасангиз бермайди. Аслида тушунчаси кенг бўлган инсон дабдабали тўй қилмайди. Янаям кўпчилик бўлиб, таъсир қилишга уринсак, ишларимиз яхши томонга ўзгаради, деган умиддаман.
- Сизнингча, ихчам никоҳ тўйи қандай бўлиши керак? Ўз оилангизда қандай тўй ўтказмоқчисиз?
- Қизларимни узатганман, ҳаммаси худога шукр бахтли яшашяпти. Мен томондан қилинадиган тўйларни ҳовлимда камхарж тарзда ўтказганман. Яқинда укам ўғил уйлантирмоқчи. У ҳам 200 кишига яқин меҳмон айтмоқчи. Шунингдек, дастурхонга тортиладиган овқати ҳам битта бўлади, икки-уч хил овқат тортилмайди. Аслида Самарқанд шаҳридаги тўйларда бор-йўғи 20 фоиз овқат ейилади. Қолгани исроф бўлади. Шунинг учун одамлар меъёрни тушуниб етиши керак.
- Ўзингизнинг никоҳ тўйингиз қандай ўтган?
- Никоҳ тўйим 1995 йилнинг 12 августида ҳовлимизда бўлган. Қишлоқ тўйларида деярли дабдабага берилмайди, ўша пайтда бунинг имкони ҳам йўқ эди. Биз ЗАГСга боришга бир дона “Газ-24” машинасини топганимизга хурсанд бўлганмиз. Ўттиз йил олдинги тўйларни кўз олдингизга келтиринг, темирдан ясалган узун столлар, гиламга пахта билан келин-куёвнинг исми ёзиларди. Дастурхонда ош, нон ва салат бўларди холос. Деярли ҳамма шундай тўй ўтказарди. Одамлар исрофдан қўрқарди.
- Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА суҳбатлашди.