Марваридлар ҳақида нималарни биламиз?

Марварид асрлар давомида аёллар бўйнини безаб келган. Уни Нил маликаси Клеопатра ва экран маликаси Элизабет Тейлор таққан. Шубҳасиз, бир қатор улуғвор маржонлар аёллар кечки либосининг муносиб безагидир.

Бугун марваридлар, уларнинг тарихи ва рамзийлиги ҳақида маълум бўлган фактлар билан танишамиз.

Марвариднинг кўп турлари бор

Кенг тарқалган фикрдан фарқли ўлароқ, денгиз моллюскалари табиий марвариднинг ягона манбаи эмас. Маржоннинг камида тўққиз тури бор, энг нодири эса қора марварид. Қадимги Хитойда қора марваридлар аждарнинг бошида пайдо бўлганлигига ишонишган.

Марвариднинг бошқа турлари ҳам бор. Буларга маданий (одамлар томонидан ўстирилган), барокко (тартибсиз ҳолда), бива (фақат Бива кўлида ўсадиган), блистер (улар чиғаноқда ёпишиб қолади), чучук сувдаги Мабе (маданий марварид) ва мунчоқлар (Викториан давридаги майда марваридлар) киради.

Дунёдаги энг машҳур марварид

Биласизми, дунёда каптар тухумининг катталигига тенг келадиган “Ла Перегрина” деб номланган марварид бор. Испан тилида марварид номи “кезиб юрувчи” маъносини англатади. Бу марварид 1513 йилда кашф этилганидан буён қироллар ва маликаларнинг бўйнини безаб келган.

Энг қадимги марварид

Инсониятга маълум бўлган биринчи марварид форс саркофагларининг бирида топилган. “Ум-ал-Кувайн” деб номланган бу маржоннинг тайёрлангани милоддан аввалги 5500 йилларга бориб тақалади. Унинг диаметри 0,07 дюйм (25,5мм)га тенг. Қизиғи, қадимги тош тобут очилганда маржон зарар кўрмаган.

Табиий марварид бир кунда ўсмайди

Марваридларнинг табиий ўсиши олти ойдан йигирма тўрт ойгача давом этади. Жараён узоқ давом этиши ҳам мумкин: ҳаммаси сувга ва ундаги моллюскаларга боғлиқ.

Биринчи маданий марваридлар

XIX аср охирига келиб, марваридларга бўлган талаб шу қадар юқори бўлдики, марварид овловчилари маржон етказишда улгуролмай қолишди. Бу масала 1900 йил атрофида Тасухей Миз, Токичи Нишикава ва Кичичи Микимото биринчи марваридларни ўстиришга муваффақ бўлганида ҳал этилди. Бу жараён йигирма йилдан кўпроқ давом этди ва охир-оқибат уларнинг машаққатли меҳнати ўз самарасини берди. Бугунги кунда бозорда мавжуд марваридларнинг 90 фоизидан ортиғи фермер хўжаликларда етиштирилади.

Марвариднинг ҳақиқийлигини текширишнинг кўплаб усуллари бор

Технология маданий марваридларни шу қадар бенуқсон қилиб қўйганки, баъзида ҳатто мутахассислар уни аниқлашда қийналади. Бироқ, марваридларни ҳақиқийлигини текшириш усули бор. Уни тишларга суртиш керак. Агар сирти нотекис ва қўпол бўлса, марварид ҳақиқий ҳисобланади.

Марваридларнинг аҳамияти

Асрлар мобайнида марваридлар кишиларга турли таассуротларни уйғотиб келган. Қадим замонларда марварид дўстлик, унумдорлик ва садоқат рамзи бўлиб хизмат қилган. Демак, марваридлар бутунлай ўзига хос тарихга эга экан. Бу инсоният гўзалликни қандай қабул қилгани билан чамбарчас боғлиқ. Унинг рамзийлиги эса кўп маротаба дўстлик, садоқат, ўлимдан тортиб, хотира ва нафисликкача ўзгариб келмоқда.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.