Масофавий таълим: Сабоқ, хулоса, режа

Масофадан таълим бериш республикамизда қатор йиллардан бери режалаштириб келинаётган эди. Тўғрироғи, айрим олий таълим муассасаларида босқичма-босқич ўтиш жараёни кетаётганди. Пандемия эса буни тезлаштириб юборди. Ўқувчилар мактабга бормасдан телевидениеда берилаётган онлайн дарсларни кузатди. Ўқитувчилар телеграм ижтимоий тармоғидаги каналлар орқали ўқувчиларга масофадан топшириқлар бериб, натижасини баҳолаб борди. 

Олий таълим муассасалари ўз сайти ва ижтимоий тармоқдаги каналларида талабаларни масофадан ўқита бошлади. Карантин шароитида ўқувчи ва талабалар уйда таълим олишга жалб қилинди. Оддий қилиб айтганда, ҳамма бирдек масофадан таълим олишга кўникди. Аслида-чи? 

Аслида бу жараён биз ўйлагандек осонгина ҳал бўлдими? Ўқувчи ва талабаларда масофадан таълим олишга кўникма бор эдими? Мактаб, коллеж, лицей, олий таълим муассасалари ўқитувчилари масофадан дарс беришга тайёрмиди? Масофавий таълим телевизор ва смартфонлар қаршисига барчани бирдек михлаб қўймадими? Энг муҳими, ўқувчи ва талабалар масофадан дарсларни ўзлаштира олдими?

Келинг, бу саволларга жавобни жараённи бевосита иштирокчиларидан олайлик.

Масофавий таълим қандай камчиликларни кўрсатди?

Рустам ХОЛМУРОДОВ, 

Самарқанд давлат университети ректори:

- Бизда олий ўқув юртларига ўқишга кириш ваҳима, ўқишни битириб чиқиш осон. Чет эл олий таълим муассасаларида аксинча, ўқишга кириш осон, диплом олиш жуда қийин. Шунингдек, хорижда талабалар истаса дарсларда қатнашади, истамаса масофадан таълим олади. Муҳими, дарсни ўзлаштириш, топшириқларни бажаришдир. Бизда ҳам бу тартиб пандемия сабаб йўлга қўйилди. Ютуғимиз барча олий таълим муассасалари бирдек масофадан таълим беришга жалб қилингани ва бунга эришгани бўлди. Бундай тартиб илк бор жорий этилаётгани учун ўзига яраша камчиликлар бўлиши табиий ҳол, албатта. Бундан асло қўрқмаслигимиз, балки камчиликларни тузатишимиз керак. Масофавий таълим тизимига қачондир ўтишимиз керак эди. Энди бу таълим тизимини такомиллаштиришимиз лозим. Истаса талабалар келиб ўқисин, шароити бўлмаса, масофадан ўқисин. 

Қулмамат МИРЗАЕВ, 

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти проректори:

- Масофавий таълимнинг камчиликларидан бири шу бўлдики, талаба билан ўқитувчи ўртасида жонли мулоқот узилди. Шунингдек, интернет сифати ёмонлиги cабабли бир қатор муаммолар пайдо бўлди. Талабаларнинг ҳаммасида ҳам ўз устида ишлаш кўникмаси шаклланмаганлиги туфайли, топшириқларни бажаришда кўчирмакашлик кўпайиб кетди.

Ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланишни максимал ўрганишимиз шартлиги, компьютер дастурларида эркин ишлашни ўзлаштиришимиз кераклигини кўпчилик тушуниб етди. Бундан ташқари, аудитория имкониятларини виртуал таълим жараёнларига кўчириш мумкинлигини англадик. Дарс ўтувчи томонидан юксак билим ва малака, ўрганувчи, томонидан масъулият, билим олишга интилиш, ўз устида ишлай олиш иқтидори бўлиши лозим эканини тушундик.

Машҳура ҲАСАНОВА, 

СамДУ филология факультети ўқитувчиси: 

- АҚШ мутафаккири Рей Бредбери “Мен институт ва университетларга ишонмайман. Мен кутубхоналарга ишонаман” деганда нақадар ҳақ гапни айтганини бугун тан оладиган пайтимиз. Негаки бутун дунё пандемия сабабли карантинда турган бир пайтда жуда кўп мамлакатлар масофавий таълимдан фойдаланди. Хусусан, биз ҳам. Ва албатта, бундай шароитда талаба ва ўқувчилар ўз устида ишлашга, онлайн кутубхоналардан фойдаланишга мажбур бўлди. 

Масофавий таълимнинг ютуқларидан кўра камчиликлари кўпроқ кўзга ташланди. Мамлакатимизда интернет тезлиги билан боғлиқ шароит бир хил эмас. Пойтахтдаги интернет тезлиги билан вилоятлар марказидагини, вилоятлар маркази билан туманлар марказини, туманлар марказидаги интернет тезлиги билан чекка қишлоқларни солиштириб бўлмайди. Шунинг учун томда дарс ўтаётган ўқитувчилар, “HP” ноутбук излаган талабалар тилидан ёзилган шеърлар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлдики, бу албатта, бизнинг энг оғриқли нуқтамиз саналади. 

Иккинчидан, бу, айниқса, умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари билан боғлиқ жараён – ўқитувчининг зуғумидан, директорнинг қовоғидан қўрқибгина дарс тайёрлайдиган ўқувчилардан масофавий таълим орқали бирор нарса кутиб бўлмайди. 1-синфга қабул қилинаётган ўқувчиларда эса ундан ҳам каттароқ муаммо пайдо бўлади. Ёзишни ҳамма бола ҳам ота-онасидан ўргана олмайди. 

Учинчидан, аудитория. Ўқитувчи аудиторияда дарс ўтиш жараёнида унинг овози, мимикалари, меҳри, жаҳли (бу табиий ҳолат. Ахир, ҳеч бўлмаса битта ўқувчи ёки талаба дакки эшитиб турмаса бўлармиди?) ўқувчи-талабага таъсир қилади. Бирор асардан парчани бутун аудитория бир ҳаяжонда ўқийди. Баъзан ўқувчи-талаба ҳеч бир китобда дуч келмаган, аммо мавзу билан боғлиқ ривоят, эртак ёки ҳикояни ўқитувчи тилидан эшитади. Буларнинг ҳеч бирини масофавий таълимдан топиб бўлмайди. 

Фаррух УСМОНОВ, 

ТАТУ Самарқанд филиали кафедра мудири:

- Бугунги шароитдан келиб чиқиб, баъзи халқаро экспертлар онлайн таълимга тўлиқ ўтиб бўлмаслиги, бу жараёнга муаммоли вазиятдан чиқиш йўли сифатида қараш лозимлигини, акс ҳолда таълим сифати тушиб кетишини таъкидласа, баъзилар замонавий таълим учун янги давр бошланганини эътироф этмоқда. Айрим давлатлар зиёлилари эса масофавий таълимга қамраб олишда таъминот масаласини илгари сурмоқда. 

Ҳозирги пайтда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишга асосланган масофали ўқитиш жараёни жуда кўп олий таълим муассасалари фаолиятида муваффақиятли қўлланилмоқда. Унинг асосий характерли томонларидан бири талаба ва ўқитувчи орасидаги масофанинг аҳамияти йўқлигидир.

Таълим тизимида масофали ўқитиш технологиясидан фойдаланишнинг ижобий томонлари: 

• ўқиш харажатларини камайтиради; 

• кўп сонли ўқувчиларни ўқитиш имкониятини яратади; 

• замонавий воситалар, катта ҳажмли электрон кутубхоналардан фойдаланиш имконияти бўлганлиги сабабли ўқиш сифатини оширади; 

• ягона таълим муҳитини яратади. 

Бугун мамлакатимизнинг барча олий таълим муассасалари виртуал таълим муҳитида ўқитиш модели, яъни Moodle тизимидан фойдаланмоқда. Ҳозирги вақтда дунёнинг 193 мамлакатининг етакчи университетларида Moodle тизими асосида масофавий таълим ташкиллаштирилган.

Ғайрат ИБРАГИМОВ, 

Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиали ассистенти:

- Масофавий таълимда таълим узлуксизлиги таъминланади, ўқитувчининг ҳам ўз устида ишлаш имкони яратилади, Moodle орқали ҳар бир талаба билан ишлаш имкони юзага келади. Moodle тизимини бир марта материалга тўлдириб олса, кейинги йилдан вақт тежалади. Аммо, бу тизимда талабаларни назорат қилиш қийин. Айрим талабалар ўқитувчини чалғитишга уринади. Масалан, талаба эрталаб Moodle тизими орқали ҳамма фанларга кириб чиқади ва у дарсга кирганини исботламоқчи бўлади. Масофавий таълимнинг камчилиги шундаки, кимдир логин парол билан Moodle тизимига кириб, талаба ўрнига тестларни ечиши мумкин. Агар фанни яхши биладиган ўртоғига талаба логин паролини берса, у ўртоғининг тестларини ечиб бера олади. Мана шундай фирибгарликлар бўлгани қулоғимга чалинди. 

Moodle тизимида ҳамма талаба ҳам мустақил таълимда топшириқларни тушуна олмайди. Ўқитувчи баъзан талаба билимини нисбатан баҳолашга мажбур бўлади. Мустақил таълим зерикарлироқ, шу сабаб, талабанинг билим олишга иштиёқи пасаяди.

Масофавий таълимнинг яхши томони талабалар учун яшаш, ижара, транспорт каби моддий сарфлар камаяди. Уларга интернет алоқаси мавжуд жойда дарс қилиш имкони берилади. Шаффофлик кучаяди, талаба олган баҳосини қачон ва ким қўйганини билади. 

Хуршида ЭРНАЗАРОВА ёзиб олди.