Маст ҳолатда автотранспорт бошқарган фуқаро профилактика инспекторининг ўлимига сабабчи бўлди

Жорий йилнинг 29 июль куни соат 01:40 лар чамасида Қўнғирот тумани ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси таянч пунктлари профилактика катта инспектори, подполковник Ганибаев Мансур Жангабаевич ва олдин профилактика инспектори ёрдамчиси лавозимида хизмат қилган, ҳозирги вақтда жамоатчилик асосида хизмат олиб бораётган фуқаро Танатов Жанибек Асановичнинг бошқарувида бўлган «Nexia-1» русумли давлат белгиси 95 S 992 CА автомашинасида ўзига бириктирилган маъмурий ҳудудда хизмат олиб бориб, ушбу автомашина билан А-380-Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу автомагистрали йўлининг 868-869-километри оралиғида йўлнинг четида турган пайтида, Қонликўл туманида яшовчи, 1988 йилда туғилган фуқаро К.Б. маст ҳолатда ўз бошқарувида бўлган «Nexia-3» русумли автомашинаси йўлнинг қарама-қарши йўналишида ҳаракатланиб келиб, фуқаро Ж.Танатовнинг «Nexia-1» русумли автомашинасига келиб урилиши оқибатида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Мазкур йўл транспорти ҳодисаси туфайли фуқаро Ж.Танатовнинг автомашинасида бўлган, Қўнғирот тумани ИИБ ҲПБ ТП профилактика катта инспектори, подполковник М.Ганибаев олган тан жароҳатлари туфайли воқеа жойида вафот этган.

Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ахборот хизмати хабарига кўра, ҳозирда ҳолат юзасидан Қўнғирот тумани прокуратураси томонидан текширув ишлари олиб борилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти ва шахсий таркиби, Қўнғирот тумани ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси таянч пунктлари профилактика катта инспектори, подполковник Ганибаев Мансур Жангабаевичнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқин қариндошларига чуқур таъзия изҳор этади.