"Математикадан қўрқмаслик керак!" Ўзбекистон халқ ўқитувчиси Феруза Ғаффаровадан бир шингил сабоқ

Худди шундай, ҳаётимиздаги кичик муаммолар, кимнингдир аччиқ гапи, ноўрин муомаласи ҳам юрагимизда сақланиб юраверса, бизни ҳолдан тойдиради ҳамда вақтимизни ўғирлайди. Вақтимиз эса эзгу ишларга йўналтирилмоғи даркор. Ахир бизнинг ҳар бир соатимиз болажонларга билим, уларнинг келажагига ишонч бериш билан ўтиши керак. Хўш, ўзимиз майда-чуйда гаплардан сиқилиб юрган            ҳолатда болаларни қандай қилиб олдинга бошлай оламиз?".
Самарқанд шаҳридаги 6-умумтаълим мактаби математика фани ўқитувчиси, "Меҳнат шуҳрати" ордени, Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси унвони соҳиби Феруза Гаффарованинг касбдошлари иштирокида ўтказилган кеча худди шундай фикрлар билан бошланди. Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлими ташаббуси билан ўтказилган учрашув иштирокчилари бу сўзлардан сўнг ҳушёр тортди, муаллимани диққат билан тинглай бошлашди. 
– Дарсни ҳам аксар ҳолларда худди шу тахлит бошлашга ҳаракат қиламан, – дейди Ф.Гаффарова. – Болалар дарсга киришиб олгач, мавзуни шунга монанд тарзда тушунтираман. Кўпчиликдан математика жуда оғир фан, уни ўзлаштириш қийин, ҳамма болаям бу фанни тушуниб кетавермайди, бунинг учун иқтидор бўлиши лозим каби фикрларни эшитганман. Дарс жадвалида алгебра сўзини кўргач, юзини буриштирадиган ўқувчиларни ҳам учратганман. Нега? Шу тушунчаларни ўқувчилар онгидан олиб ташлаш учун авваламбор, уларга математика оламини ҳаётий мисоллар билан тушунтиришга интиламан. Ҳар бир бола, унутманг, ҳатто синфда сиз ўзлаштира олмайди, деб ҳисоблайдиган ўқувчини ҳам унинг кўп нарсаларга қодирлигини ишонтиришга уринаман. 


Муаллиманинг математикани ўқитиш борасидаги ушбу фикрлари баландпарвоз гаплар эмаслиги учрашувда ўқитувчиларга намойиш этилган кўргазмадан ҳам маълум бўлди. Оддий чизғичдан тайёрланган кўргазмали воситалар, ишлатиб бўлинган ручкалардан ясалган геометрик шакллар, қоғоздан турли шаклларга кирувчи фигуралар, ҳисоб-китобларни амалга оширишда қўлланиладиган, ишлатилиши оддий бўлган токли мослама. Уларни томоша қиларкансиз, беихтиёр рақамлар оламига қизиқиб қолганингизни сезмай қоласиз. Айниқса, аксариятини устознинг ўқувчилари ясаганини билгач, Феруза Гаффарованинг ўқувчиларига ҳавасингиз келади.
Дарвоқе, Феруза опа юздан ортиқ дарс ишланмалари муаллифи, 20 дан ортиқ методик тавсиялари нашр этилган. "Атрофимиз геометрия" номли 3D шаклида китоб-қўлланмаси республика миқёсида оммалаштирилган. Ўқувчилари вилоят, республика бўйича фан олимпиадаларида муносиб иштирок этган.
Кеча бошланишида кириб келган иштирокчиларнинг юз ифодаси билан уларнинг чиқиб кетаётганидаги ҳолатида анчагина фарқ бор эди. Барчанинг юзида ҳайрат ва ҳавас, фидойи ўқитувчи билан янаям кўпроқ суҳбатлашиш истаги балқиб турарди.