Майиз бренд сифатида жаҳон бозорида ўз мавқеига эга бўлади

Республикада мавжуд майизбоп узумзор майдонлар ва уларда етиштириладиган майизнинг 65 фоизи, шунингдек, умумий майиз экспортининг 65 фоизи Самарқанд вилояти ҳиссасига тўғри келади.

Майизчилик соҳасини тузилмавий асосда ривожлантириш мақсадида, Қўшработ тумани базавий туман сифатида белгиланди. "Қўшработ-Агро Стар" МЧЖ ташкил этилиб, унинг фаолияти Иштихон, Ургут ва Хатирчи туманларини қамраб олади. Ушбу лойиҳанинг инвестицион ва молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватланиши учун Халқ банки масъул этиб белгиланди.

Самарқанд шаҳрида вилоят ҳокимлиги, Марказий банк ва Халқ банки ҳамкорлигида Ўзбекистоннинг майиз бозоридаги рақобатбардош ўрнини мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган “Ўзбекистон майизини дунёда энг харидоргир даражага олиб чиқиш” мавзусида очиқ мулоқот ташкил этилди.

Унда фермерлар, экспортчилар, давлат идоралари вакиллари ва хорижий экспертлар иштирок этди. Мулоқотда Ўзбекистон майизининг жаҳон бозорида ўз ўрнига эга бўлиши ҳамда бренд сифатида танилишига доир муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Бренд бўлиш учун фақат сифатнинг ўзигина етарли эмас. Тизим, қўллаб-қувватлаш, халқаро стандартлар ҳам муҳим. Самарқандда ташкил этилган очиқ мулоқотда айни шу масалалар муҳокама марказида бўлди.