Майизчилик: Халқаро бозорда учинчи ўринга чиқиш имкониятимиз бор
Жорий йил февраль ойида Президентимиз имзолаган қарорга асосан “Uzagrostar xolding” компанияси таъсисчилигида майизчиликни ривожлантиришга ихтисослаштирилган “Қўшработ агро-стар” МЧЖ ташкил этилган.
Қарор билан корхонамизга майизчилик соҳасини ривожлантириш учун тўлиқ молиявий манбалар таъминлаб берилди. Жумладан, “Uzagrostar xolding” компанияси томонидан 20 миллиард сўм устав капитали маблағлари шакллантирилди, Халқ банки билан 10 миллион доллар инвестиция киритиш борасида шартнома расмийлаштирилиб, банк томонидан дастлабки босқичда 20 миллиард сўм маблағ ўтказиб берилди.
Таълим, тадқиқот, тажриба ва бизнес
Қайд этиш лозим, ишимизни бошлашдан олдин жаҳон майиз бозорини ўргандик. Халқаро майиз экспорти бозори бўйича олиб борилган ўрганиш ва таҳлилларимизга кўра, бир йиллик маҳсулот айланмаси ўртача 1,6-1,7 миллиард долларни ташкил этади. Бунда Ўзбекистон йиллик 5-6 фоизлик улуш (80 миллион доллар) билан Туркия, АҚШ, Чили, Жанубий Африка республикаси, Афғонистон ва Эрон мамлакатларидан кейин 7-ўринда туради.
Ҳар йили ўртача 550 миллион доллардан кам бўлмаган қийматдаги майиз экспорти билан, яъни жаҳон майиз бозорининг 30-32 фоиз улуш билан, мутлақ етакчи ҳисобланган, экспортининг 65-70 фоизини - энг йирик харидорлар бозорига йўналтирган Туркиянинг илғор майиз етиштирувчи, қайта ишловчи ва экспорт қилувчи корхоналари билан музокаралар олиб борилди. Уларнинг таклифига биноан тажриба алмашиш мақсадида корхонамиз вакиллари ҳамда майизчи боғбонлардан ташкил топган гуруҳ жорий йил сентябрь ойида мамлакатдаги майизнинг 97 фоиз қисмини етиштирувчи Маниса ва Измир вилоятларида хизмат сафарида бўлдик.
Сафаримиз давомида шу нарса аён бўлдики, уларнинг ютуқларининг манбаси бу – “таълим, тадқиқот, тажриба ва бизнес” жараёнларнинг интеграция қилинганлиги экан.
Мисол учун, майизчилик компаниялари ўз фаолиятларини Эгей университетининг қишлоқ хўжалиги факультети, Маниса Желал Баяр университети инжинерлик факультети ва Маниса узумчилик илмий-тадқиқот институти каби муассасалар билан ҳамкорликда олиб боришига гувоҳ бўлдик.
Майиз халқаро стандарт бўйича тайёрланади
Ўзбекистонда майиз навларини яхшилаш, аҳоли даромадини ошириш ҳамда майиз экспортини ошириш учун бир қатор чора-тадбирларни белгилаб олдик.
Биринчидан, Туркияда бўлган сафаримизда у ерда узумзорларнинг барчаси шпалерга ўтказилганлиги, бу ҳосилдорликнинг ва сифатнинг юқори бўлишини таъминлаши, 1 гектар узумзордан 25-30 тонна узум ҳосили олинишини кўрдик. Аҳоли орасида буни кенг тарғиб қилган ҳолда 2026 йилда тўрт тумандаги майизбоп узумзорларнинг 10 фоизи, яъни 3300 гектар токзорларни шпалерга ўтказишни режа қиляпмиз.
Давлат раҳбарининг тегишли қарорида кўчатларни шпалерга ўтказишда ҳар бир шпалер учун 15 минг сўмгача субсидия берилиши белгиланиб, масаланинг молиявий ечими таъминланган.
Бундан ташқари, “Қўшработ агро стар” томонидан ҳам қўшимча 200 гектар майдонда шпалер асосида узумзорлар ташкил қилинади ва кооперация шартномалари расмийлаштирилиб, ишсиз ёшларга 0,5 гектардан бўлиб берилади. Етиштирилган ҳосил кафолатланган харидор сифатида “Қўшработ агро стар” томонидан сотиб олиниб экспортга йўналтирилади.
Иккинчидан, бугунги кунда органик озиқ-овқат маҳсулотларига жаҳон бозорида талаб ортиб бормоқда. Шу сабабли ушбу йўналиш бўйича ҳам ишларни бошлаб юбордик. Қўшработ туманида ташкил этиладиган агросаноат мажмуи таркибида 2026-2028 йилларда босқичма-босқич 100 гектарлик Organic халқаро сертификатлаш стандартларига уйғун майизбоп узум етиштиришни ташкил қиляпмиз.
Шунингдек, Португалиянинг “Agricert”, Туркиянинг “Natursert”, “Sia analiz laboratuvarlari” компаниялари билан ҳамкорликда тўрт тумандаги камида 30-40 та томорқа ер эгалари, деҳқон ва фермер хўжаликлари фаолиятига 2026 йилда “Organic”, “Global GAP” халқаро сертификатларини жорий этиш бўйича ишлар бошланди. Ҳамкор компаниялар мутахассислари томонидан агроном ва мутахассислар халқаро сертификация стандартлари бўйича ўқитилиб, агротехник тадбирларнинг улар томонидан мувофиқлаштириб борилиши таъминланади.
Учинчидан, кўчатчилик буйича ҳам бир қатор камчиликларимиз борлиги кузатилди. Бу борада “Текбағ”, “Агротек”, “Biofeffectory” компаниялари билан ҳамкорлик қилиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон учун тўлиқ янгилик бўлган, турли касалликларга, тупроқ таркибидаги тузнинг ортиши, сувсизлик кабиларга чидамлилиги юқори бўлган, ҳосилдорликнинг оширилишига қаратилган Америка пайвандтокларига ҳосилдор ва экспортбоп маҳаллий ва хорижий ток навларини пайвандлаш орқали янгича “Ток кўчатчилиги мактаби”ни ташкил этиш борасида “Текбағ” компанияси билан ҳамкорлик олиб борилмоқда. Бундан ташқари, ҳосилдор ва экспортбоп хорижий ток навларини олиб келиш бўйича карантин агенлиги билан келишиб олдик.
Тўртинчидан, жорий йил 10 ойида юртимиздан 109,5 миллион долларлик 84,1 минг тонна майиз экспорт қилиниб, бу ўтган йилнинг мос давридаги (49,5 миллион долларлик, 33,3 минг тонна) га нисбатан суммада 221 фоизга, тоннада 253 фоизга ошди.
Корхонамиз томонидан аҳолидан узум ва майиз сотиб олиб, уни экспортга йўналтиришни йўлга қўйдик. Аҳолидан сотиб олинган узумларни янги техналогиялар асосида қуритиш учун замонавий қуритиш айвонлари қурилди. Натижада жами 650,9 минг долларлик 306,8 тонна майиз экспорт қилинди. 2026 йилда 5 миллион долларлик экспорт қилишни режалаштириб турибмиз.
Миллион-миллион доллар келади
Корхона фаолиятини кенгайтириш учун Қўшработ туманининг 303 гектар ер майдонида агросаноат мажмуи ташкил этиш юзасидан ишларни бошлаб юбордик.
Ушбу мажмуа ишга тушиши натижасижа йилига 500 минг дона юқори сифатдаги майизбоп узум кўчатлари етиштириш, йилига 5 минг тонна майизни қайта ишлаш, миллий бренд номи остида ҳар йили 5 миллион долларлик экспортни амалга оширишга эришилади.
Жорий йилги мавсумда лойиҳанинг дастлабки босқичи сифатида агросаноат мажмуаси ҳудудида қуритиш айвони тайёрланди ҳамда томорқа ва деҳқон хўжаликларидан 200 тонна узум харид қилиниб, 50 тонна сифатли майиз олишга эришилди.
Давлатимиз раҳбарининг қарорида кўрсатилганидек, майизчиликда юртимизда мавжуд бўлган потенциал ҳамда илғор халқаро тажриба ютуқлари билан бирлаштирган ҳолда ишласак, халқаро майиз бозорида 3-ўринга кўтарилишга имконимиз бор, деб ўйлайман.
Ҳозирда жаҳон майиз бозорида майизларимизнинг бренд номини кенг ёйиш мақсадида вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда “Самарқанд майизи” географик кўрсаткичи ва “Қўшработ майизи” товар белгиси давлат рўйхатидан ўтказилди.
Маъруф АБДУРАЗЗОҚОВ,
“Қўшработ агро стар” МЧЖ раҳбари.