Меҳнат, ҳарбий ватанпарварлик йиғини” якунланди

Аввал хабар қилганимиздек, 25 октябрдан 1 ноябрга қадар вилоят ҳарбий-маъмурий сектори ташаббуси билан ташкил этилган “Меҳнат, ҳарбий ватанпарварлик йиғини” лойиҳаси ниҳоясига етди.

Лойиҳа  доирасида “Ёшлар дафтари”га киритилган, турли тадбирларда ғолибликни қўлга киритган ҳамда кам таъминланган 80 нафар оила фарзандлари кичик мутахассисларни тайёрлаш марказида маънавий-маърифий, жанговар мутахассисликлар бўйича тайёргарлик машғулотлари, маданий тадбирлар, тадбиркорлар билан учрашувлар ва спорт мусобақаларида қатнашди.

Бугун мазкур лойиҳанинг ёпилишига бағишланган тадбирда вилоят ҳокимлиги, Марказий ҳарбий округ ва Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси мутасаддилари иштирок этиб, ёшларнинг келгуси ишларига омад тилади. 

Тадбирда лойиҳа доирасида ўтказилган танлов ва мусобақаларда фаол иштирок этган ёшлар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди. 

- Етти кун давомида ҳарбий хизматчиларнинг яшаш тарзи, кундалик юмушлари, машғулотлари, спорт мусобақалари ва турли учрашувларда иштирок этдик, - дейди Иштихон тумани Миришкор маҳалласида яшовчи Асомиддин Жозилов. - Бу тадбирлар биз, ёшлар учун касб-ҳунар ўрганиш, мустақил ҳаётга қадам қўйишга асқотадиган бўлди. Айниқса, аскар акаларнинг вазифасини сидқидилдан бажардим ва келгусида ҳарбий бўлишни дилимга тугдим.