"Менинг диктатор бобом". Саддам Ҳусайннинг набираси оиласи ва бобоси ҳақида китоб ёзди

Собиқ Ироқ президенти марҳум Саддам Ҳусайннинг набираси Ҳарир Ҳусайн Комил бобосининг қатлидан сўнг тирик қолган оила аъзоларининг бугунги кунгача кечган ҳаётлари ҳақида хотираларини ёзиб, китоб ҳолида чоп эттирди. Китобда Саддамнинг қўлга олиниб қатл қилинишидан сўнг, оила аъзоларининг қандай қилиб хорижга қочганлари ва қийналиб яшаганлари батафсил ҳикоя қилинади. Китоб араб тилида ёзилиб чоп этилди ва ҳали инглиз тилига таржима қилинмаган. Аммо, китобга жаҳон ноширлари томонидан жуда катта қизиқиш билдирилмоқда ва аллақачон китоб муаллифига китобнинг бир нечта тилларга таржима қилиш бўйича таклифлар келиб тушган.
"Мен ҳақиқатни ҳикоя қилиб беришни хоҳладим. Саддам Ҳусайн ўз вақтида Ироқ президенти бўлиш билан бирга менинг севимли бобом ва қаҳрамоним бўлган.
Одамлар бобомнинг асл қиёфасини бир марта, уни АҚШликлар суд қилаётганда ва қатл қилаётганларида кўришди. Бобом судда ҳам, ўлим ҳукмини ижро этишаётганда ҳам ўзини мардона тутди. Ўшангача аксарият одамлар онгида бобом ҳақида турли гаплар юрарди. "Саддам қўрқоқ, эртага АҚШ қўшинлари Боғдодга яқинлашса у юртини ва фуқароларини ташлаб, ўз жонини қутқариш учун мамлакатдан қочиб қолади" дейишар эди. Аммо, бобом ундай қилмади. Бобомни қанчалик билсам, ўша машъум уруш бошлангандан кейин уни янада яхшироқ билдим. Унда мамлакатдан қочиш режаси бўлмаган. Акс ҳолда, унда бунга имконият бор эди. Аммо қочмади. Саддамдай одам қоча олмасди ҳам. У ҳаммасига ўзини руҳан тайёрлаб келган эди. Уни ҳанузгача "Тикритдаги бункерда яшириниб ётган жойидан ушлаганмиз", дейишади. Бу ёлғон. У Тикритда туриб армияга қўмондонлик қилаётган эди", деб ёзади Ҳарир Ҳусайн Комил, ўз эсдаликларида.
Ўшанда Ироқ президенти Саддам Ҳусайнни 12 та модда бўйича: 1988 йилда Халабжа шаҳрида курдларга қарши кимёвий қурол ишлатишда, 1980-1988 йилларда бўлиб ўтган Ироқ-Эрон урушида, уруш жиноятларида, 1990 йилда Қувайтни босиб олишда, инсон ҳуқуқларини бузишда, аҳолига нисбатан ваҳшийликлар қилганликда ва яна бошқа бир нечта жиноятларда айблашди.
Судда, Саддам Ҳусайн ва унинг икки ёрдамчисига ўлим жазоси ҳукми берилди. Ҳукм қисқа муддатда ижро этилди ва 2006 йил, 30 декабрь куни Қурбон ҳайити тонгида қатл этишди.
"Ўшанда унинг қатл этилишини кузатиш бизга осон бўлмади" деб ёзади 32 ёшли Ҳарир ўз китобида.
Ироқдан қочиш
Бугун Ҳарирнинг китобини инглиз тилига таржима қилинишини миллионлаб китоб ихлосмандлари, шунингдек Саддам Ҳусайннинг қатл этилишидан сўнг унинг оила аъзолари тақдири нима бўлганига қизиқаётган кишилар интиқлик билан кутмоқдалар.
Ҳозирча муаллиф китобнинг араб тилида чиққан нусхасига дастхат қўйиш ва интервью бериш билан чекланаяпти. Аммо, тез орада китоб дунёнинг турли тилларига таржима қилинади.
"Биз бобом қатл этилаётганда Мосулда эдик. Мен, онам, холам, иккинчи опам болаларни олиб ҳар бир дақиқани ғанимат билиб, зудлик билан Сурияга қараб қочдик. Чегарада Сурия чегарачилари бизни ўққа тутишди. Ҳолат жуда таҳликали ва қўрқинчли эди. Бахтли тасодиф туфайли ҳеч биримизга зарар етмади. Ўшанда бизда олдиндан қилинган режа бўлмаган. Яратганга таваккал қилиб кетаверганмиз" , деб оиланинг Ироқни қандай тарк этганини эслайди Ҳарир.
"Ўшанда мамлакатдаги вазият жуда чигал эди. Онамнинг режаси билан бўлиниб юришга қарор қилдик. Чунки, ҳаммамиз биргаликда юрадиган бўлсак осонгина топиб олишади деб ўйладик. Ўшанда бобомнинг қатл этилишидан сўнг ҳукумат тепасига келган қўғирчоқ ҳукумат мамлакатни тарк этмоқчи бўлганларга чет элларга чиқиш учун ҳеч қандай ҳужжат берилмаслиги ҳақида эълон қилди. Шу туфайли кўплаб ироқликлар ҳужжатсиз бўлса ҳам хорижга қочдилар. Шу жумладан, биз ҳам. Аммо, биз ўша қарор туфайли эмас, шунчаки бизни таниб қолмасликлари ва осонгина топиб олмасликлари учун ҳужжатларимизни ўзимиз йўқ қилгандик", дейди Ҳарир.
Саддам Ҳусайннинг оиласи Сурияда эканлигида Иордания ҳукуматидан уларга таклифнома келади. "Бизни аввалига Иорданияда, сўнгра Қатарга таклиф этишди. Биз Иорданияни танладик. Сабаби, бу мамлакатда бизнинг хавфсизлигимизни таъминлашларига ишонар эдик. Иорданияда бизни хуш кайфият билан кутиб олдилар. Паспорт бердилар. Ойлик маош тайинладилар ва қўриқчилар бердилар. Ўшанда биз набиралар жами 15 нафар эдик. Иорданияликлар бизга меҳр кўрсатишди. Оддий аҳолидан тортиб ҳукумат вакилларигача бизга ғамхўрлик қилиб, қўлларидан келганча ёрдамларини аямадилар. Биз ўз ҳаётимизнинг охиригача иорданияликлардан миннатдормиз. Иорданияликлар мен билганлар орасида энг яхши халқ", деб тўлқинланиб эслайди Ҳарир. Шунингдек, у бугун Ироқдаги ўқиган мактабини, яшаган уйини соғинишини ёзади. "Саддам Ҳусайннинг оиласи унинг бойликларини бир қисмини олиб чиқиб кетди" деган айбловларга нисбатан у "Ўшанда биз ўзимизга йўлда лозим бўладиган озгина кийимдан бошқа ҳеч нарса олмаганмиз. Жонимизни сақлаш, қандай қилиб тирик қолиш олдимизда катта бир муаммо бўлиб турганда кимнинг хаёлига пул ёки бойликлар келади? Қолаверса, бобомнинг қатлидан сўнг ҳамма нарса қўғирчоқ ҳукумат ва АҚШ ҳарбийлари назоратида эди. Мамлакатдан игна олиб чиқишнинг ҳам иложи йўқ эди" дейди у.
Ўшанда Иорданиядан паноҳ топган Саддам Ҳусайннинг набиралари бугун дунё бўйлаб сочилиб кетишди. Кимдир ўқияпти, кимдир ишлаяпти. Ҳарир эса шу ерда яшаб қолди. Университетни битирди. Турмушга чиқди.
У Ироқ халқи бошига тушган кўргуликларда АҚШни айблайди: "АҚШ Ироқни босиб олгандан сўнг бу ажиб мамлакатни ва унда яшайдиган одамларни қандай оғир аҳволга солганини бутун дунё кўрди. Мен бобомни мақтамайман, шахс сифатида унинг ҳам хато ва камчиликлари бўлган. Аммо, юртни бегоналар келиб бошқарганда аҳвол энг оғир даражага чиқишини ироқликлар ҳам, бутун дунё ҳам кўрди". Ҳарир АҚШ Ироқни оғир аҳволга солгани учун товон тўлаши лозимлигини ёзади.
"Мен орзу қиламан, кун келиб Ироқ тикланишини, яхлит бир мамлакатга айланишини, унда яшайдиган одамлар ирқидан, миллатидан, эътиқодидан қатъи назар бир оиладай бўлиб яшашларини", деб ёзади у.
Ҳарир Хусайн Комилнинг бобоси ҳақидаги китоби дунё афкор оммасида кучли реакция берди. Баъзиларнинг фикрича, ушбу китоб Ироқнинг тезроқ қайта тикланишида ироқликларга ғайрат, шижоат беради. Бошқа баъзиларнинг фикрига кўра муаллиф китоб ортидан келиши кутилаётган маблағ билан Иорданияда қийинчилик билан кун кечираётган оила аъзоларининг моддий аҳволини яхшилаб олишни мўлжаллаган.
Умуман олганда, Ҳарирнинг бобоси Саддам Ҳусайн ҳақида ва унинг қатлидан кейинги оиланинг кечмишлари ҳақида ёзилган хотира китоби кўпчиликка ёқди. Китоб моҳирона ёзилган. Кўпчиликнинг фикрига кўра Ҳарирдаги адиблик маҳорати бобосидан ўтган. Ўз вақтида Саддам Ҳусайн ҳам китоб ёзган, аммо бошқалардан фарқли равишда уни ўз номидан эмас, балки тахаллус билан чоп эттирган ва китоб ёзгани ҳақида оммага билдирмаган. Унинг адиблигини фақат ёнидаги яқин одамлари билишган холос.
Китобни танқид қилувчиларнинг фикрларига кўра Ҳарир бобоси ҳақида ёзганда кўп нарсаларни ёзмай қолдириб кетган ёки ўша ишлар ҳақида етарлича билмаган. Масалан, Саддам Ҳусайн 24 йил давомида Ироқни бошқарган бўлса, у мамлакатни иқтисодий ривожлантирмай, фақат асосан нефть сотувидан келган пуллар билан мамлакатни бошқарган. Қолаверса, сотилган нефтнинг 5 фоиз пули тўғридан-тўғри Саддамнинг шахсий жамғармасига тушган.
Лекин тан олиш керак, нефть экспортидан келаётган маблағлар ҳисобидан мамлакатда анча ишлар қилинган. Таълим ва тиббиёт мутлақо бепул бўлган. Халқнинг турмуш даражаси ҳам ёмон бўлмаган. Ҳатто, 1980 йилда Саддам Ҳусайнга "Ироқда аҳоли турмуш тарзини яхшилаш учун қилган хизматлари, мамлакатда саводсизликни тугатишдаги ва тиббиёт соҳасида эришилган ютуқлари учун ЮНЕСКОнинг махсус мукофотини беришган. Бугунги кунда кўпчилик сиёсий шарҳловчиларнинг фикрларига кўра, АҚШ Ироқни босиб олишига сабаб қилиб, аввалига Ироқнинг Қувайтга бостириб кириши, кейинчалик ёлғондан "Ироқда ядро қуроли тайёрланаяпти" деган баҳоналар кўрсатилган. Аслида эса АҚШга Ироқнинг нефтга бой конлари керак эди. Чунки, ўша даврда Форс кўрфазида ўз нефть конларини АҚШ компаниялари билан биргаликда ўзлаштирмаган ва уларни мамлакатга киритмаган битта Ироқ қолган эди холос. Кўрфаздаги қолган барча нефть заҳираларига эга давлатлар нефть конларини ўзлаштиришда АҚШ компаниялари билан яқин ҳамкорлик қилар эдилар. Шунинг ортидан АҚШ ҳукумати билан ҳам дўстона алоқаларга эга эдилар. Саддам Ҳусайн бошлиқ Ироқ билан эса бундай эмас эди. Ироқ ўша пайтда АҚШ компанияларининг "нефтни бирга ковлаб олиш" ҳақидаги таклифларини эътиборсиз қолдириб келаётган эди. Юқоридаги иккита баҳона туфайли босиб олиниб, уруш натижасида вайрон этилган Ироқда бугун нефть конлари АҚШ нефть компаниялари билан шерикчиликда ишлатилаяпти.
Қолаверса, АҚШ Боғдодни эгаллагандан сўнг мамлакат банкларида сақланган долларлар ва олтинлар, шунингдек мамлакатнинг хориж банкларида сақланган миллиардлаб доллар қийматидаги активларининг бир қисми музлатилган бўлса, яна бир катта қисми халқаро санкция сабаб қилиб кўрсатилиб АҚШ томонидан ўзлаштирилди.
Ўз вақтида Саддам Ҳусайн мамлакатни ривожлантириш билан бирга ўзини ҳам эсдан чиқармаган. Президент оиласи учун қимматбаҳо яхталар, машиналар, самолётлар, вертолётлар сотиб олинган. Ироқ бўйлаб кўплаб резинденциялар тикланган. Аммо, буларнинг биронтаси ўша пайтда Ироқ халқини ўз президентидан норози бўлишига сабаб бўлмаган. Норозилик кайфияти 2000 йиллардан, АҚШ халқаро майдонда Ироқни яккалаб қўйгандан сўнг иқтисодий қийинчиликлар ортидан кучайди.
Аммо, бугунги кунда Ироқ аҳолисининг Саддам Ҳусайнга бўлган муносабати том маънода таомила ижобий тарафга ўзгариб бўлган. Охирги 10-15 йилдаги АҚШ босқини, фуқаролар уруши, ИШИД билан бўлган урушлар, миллат, эътиқод талашиб содир бўлган урушлар ироқликларни ниҳоятда ҳолдан тойдирди. Аҳвол шу даражага келдики, бугун ироқликлар Саддам Ҳусайн даврини эртакдай эслайдиган бўлишди.