МИБ: 34 марта йўл қоидаси бузиб жаримасини тўламаган фуқаро машинасида ушланганда унинг 118 млн. cўмлик кредит қарзи борлиги ҳам аниқланди

Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ва вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари ҳамкорлигида йўл ҳаракати қоидаларини бузгани учун қўлланилган маъмурий жарималарни ундириш юзасидан рейд тадбирлари ўтказилди.

Тадбир чоғида йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва муқаддам йўл ҳаракати қоидаларини бузиб, жарималарни ўз вақтида тўлашдан бўйин товлаган қарздорларнинг автотранспорт воситалари аниқланиб, юзага келган қарздорлик ундириб олинмоқда.

Маълумки, маъмурий жарималарни ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати МИБ органлари иш юритувига қабул қилингач, қарздор тегишли тартибда огоҳлантирилиб, ихтиёрий муддат белгиланади. Қарздорлик ўз вақтида бартараф этилмаса, автотранспорт воситасига нисбатан қидирув эълон қилиниб, қарздорнинг бошқа даромадлари аниқланади ва ундиришга йўналтирилади.

Айни пайтда МИБ органлари иш юритувидаги ижро ҳужжатларига кўра, вилоятда энг кўп қоидабузарлик содир этган 158 нафар қарздор жисмоний шахслардан 48 нафари топилиб, жазо муқаррарлиги таъминланди.

– Масалан, 34 марта йўл ҳаракати қоидасини бузган Каттақўрғон туманида яшовчи фуқаро К.М.нинг "Nexia-3" русумли автотранспорт воситаси Тошкент шаҳридан топилиб вақтинчалик сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилиш вақтида унинг яна 118 млн. 140 минг cўмлик кредит қарзи ва 4 млн. 823 минг сўмлик давлат божи тўлови борлиги аниқланган.
Ҳозирда қарздорликлар тўлиқ бартараф этмаса, транспорт воситаси тегишли тартибда "E-AUKSION" савдоларида сотилиб, тушган маблағлар қарздорликка йўналтирилади.

Ҳамкорликдаги рейдда маъмурий жарималарни белгиланган муддатда тўламаган фуқаролар замонавий технологиялар ёрдамида аниқланиб, жаримани тўлашдан бош тортган қарздорларга тегишли 320 та автотранспорт воситаси вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилди.

Фирдас Маҳмудов,
МИБнинг Самарқанд вилоят бошқармаси қидирув шуъбаси инспектори.