МИБ: Самарқандда беш кунда 443 та автомашина жарима майдончасига қўйилган
18-24 ноябрь кунлари Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ва вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан қўшма рейдлар ўтказилди. Рейдлар давомида маъмурий жарималарни муддатида тўламаган транспорт воситаси ҳайдовчилари замонавий технологиялар ёрдамида аниқланиб, 1955 нафар қоидабузар ҳайдовчидан 3 миллиард сўмдан ортиқ қарздорлик ундирилган.
Шунингдек, жаримани тўлашдан бош тортганларга тегишли бўлган 443 та автотранспорт воситалари жарима майдонларига жойлаштирилган.
Амалдаги тартибларга кўра, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун солинган жаримани ҳайдовчи жарима солиш тўғрисидаги қарор чиқарилган кундан эътиборан 60 кундан кечиктирмай тўлаши лозим. Ана шу муддатда тўланмаган жарималар МИБ иш юритувига ўтказилади ва мажбурий тарзда ундириш чоралари кўрилади.
Маълумот учун, МИБ органлари томонидан ижро иши доирасида автотранспорт воситаларига тақиқ қўйиш, уларни хатлаш, жарима майдончасига жойлаштириш, реализация қилиш, қарздорга тегишли пластик карталардан пул маблағини ечиб олиш, ундирувни иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларга қаратиш каби мажбурий ижро ҳаракатлари амалга оширилиши мумкин.
МИБнинг қидирув шуъбаси инспектори Нодир Баҳроновга кўра, йилнинг ўтган даври мобайнида Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси томонидан вилоят ИИБ ЙҲХБ органлари қарорлари асосида йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчилардан ўз вақтида тўланмаган 2,4 млрд. сўмлик (5611 та) жарималар ундирилган.