Миллат келажаги тарбия билан

Бугун инсоният улкан ўзгаришлар, тараққиёт омиллари ва фан ютуқларига эришди. Унинг онги, тафаккури юксаклик сари интилмоқда. Афсуски, шу билан бирга инсонлар онгида турли иллатлар, ўзгалар ҳаётини издан чиқаришга қаратилган бузғунчи, вайронкор ғоялар бўй чўзяпти.
Бугунги ёшлар турли мафкуралар, маънавий таҳдидлар тажовузи кучайиб бораётган шароитда яшаяпти. Соғлом дунёқарашни шакллантирмасдан туриб, ёшларни маънавий таҳдидлардан, “оммавий маданият” таъсирлари ёки маргинал маънавият унсурларидан халос қилиб бўлмайди. Чунки маънавий таҳдид сифатида намоён бўлаётган гедонизм, эвтаназия, эвдомонизм, бир жинсли никоҳ, кибертерроризм ва бошқа шу каби омиллар ахборот ва технологиялар ривожланган асрда ёшлар онги, тафаккурига ва маънавий ҳаётига таъсир қилмай қолмайди.
Таъкидлаш ўринлики, бу каби иллатларга қарши битта жабҳадагина курашиб бўлмайди. Аввало, ёшларнинг дунёқарашини шакллантириш, уларнинг соғлом руҳиятини тарбиялаш оила, таълим муассасалари ва оммавий ахборот воситаларининг асосий вазифаси бўлиши лозим. Соғлом руҳда тарбия топган ва ўз миллий маънавияти, маданиятига эга жамиятгина ўзини миллат сифатида сақлаб қолади.
Руҳий олам шахс ички дунёсига алоқадор ахлоқий ҳодисалар ва жараёнлардир. Улар ўзаро боғлиқ, хилма-хил ва мураккаб бўлиб, таркибига ташқи оламни билиш ва маданият, санъат ҳамда фаолият воситалари орқали ўзини намоён этиш каби руҳий ва маънавий эҳтиёжлар, қизиқишлар, табиат, жамият, инсон ва ўзи ҳақидаги тасаввурлар ҳамда билимлар, ҳис-туйғулар, қобилият ва мақсадлари, эътиқоди ва қадриятлар киради. Инсон бузғунчи ғоялар таъсири остида вояга етса ва тарбияланса, шу муҳитда камол топса, носоғлом руҳий ҳолатдаги инсонга айланади. Соғлом руҳни шакллантиришнинг асоси ва мезони билим, ахлоқ ва маънавият бирлиги ҳисобланади.
Фарҳод НАЗАРОВ,
Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари.