Миллий гвардия кам таъминланганлар ҳолидан хабар олмоқда

Бугун дунё аҳлини саросимага солиб қўйган коронавирус пандемияси тарқалган бир пайтда кекса, ногирон ва кам таъминланганлар ҳолидан хабар олиш энг хайрли амаллардан бири ҳисобланади.
Вилоят Миллий гвардияси ходимлари томонидан аҳолига ижтимоий ёрдам кўрсатиш мақсадида ишчи гуруҳ ташкил қилинган бўлиб, улар шаҳар ва туманларда моддий ёрдамга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олишяпти.
Кеча ишчи гуруҳ Самарқанд шаҳридаги Тож Маҳал маҳалласида яшовчи Марат Қурбонов хонадонида бўлиб, рўзғорга зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари топширди.
Шунингдек, Али Қушчи маҳалласида яшовчи Людмила Раззаковага ҳам амалий ёрдам кўрсатилди.
- Мен онам билан яшайман, - деди Людмила. - Ҳозирда ишсизман. Карантин даврида вилоят Миллий гвардияси ходимлари томонидан олиб келинган маҳсулотлар оиламиз учун жуда зарур эди. Уларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Вилоят Миллий гвардияси ходимлари Нуробод тумани, Оқсой маҳалласида яшовчи Фазилат Раззоқованинг хонадонида ҳам бўлди. Аёлнинг турмуш ўртоғи эрта оламдан ўтган бўлиб, 5 нафар фарзандни ёлғиз катта қилиб келмоқда. Унинг уйи таъмирталаб аҳволга келиб қолгани сабаб, ишчи гуруҳ ёлғиз аёлнинг уйини таъмирлаб берди. Шунингдек, хонадон соҳибасининг 20 сотих томорқаси трактор билан ҳайдаб берилди ва баҳорги ишлар амалга оширилди.