Мирас университетига ўқишга кириш 5500 долларми? 

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Тойлоқ тумани бўлимига қилинган мурожаатга кўра, 2020 йил 24 август куни Самарқанд шаҳрида Давлат хавфсизлиги хизмати Тойлоқ тумани бўлими, департаментнинг Самарқанд вилояти бошқармаси ва Тойлоқ тумани бўлими ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилди. 

Тадбир давомида Самарқанд шаҳридаги 45-умумий ўрта таълим мактаби директори ўринбосари Д.М. таниши Қ.М.ни Қозоғистон Республикасидаги Мирас университетига киритиб қўйиш эвазига Самарқанд шаҳридаги МИБ вилоят бошқармаси маъмурий биноси ёнида ундан 5500 АҚШ долларини олаётганда ушланиб, ушбу пуллар ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинди. 

Тўпланган ҳужжатлардан кўринишича, 45-умумий ўрта таълим мактаби директори ўринбосари Д.М. томонидан фирибгарлик, яъни алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг анча миқдордаги мулкини қўлга киритиш ҳамда мансабдор шахсга пора беришга далолат қилишда ифодаланган ҳаракатлар аён бўлди. Шунга кўра, Д.М.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “а” банди ва 28-, 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. 

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Самарқанд вилояти бошқармаси ахборот хизмати.