Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мирзо Улуғбек ҳайкалини қўйиш учун йиғилган маблағ нега бошқа мақсадда сарфланган?

Мирзо Улуғбек вафотидан кейин маълум муддат ўтгач, унинг расадхонаси ҳам бузилиб, жойлашув ўрни ҳақида бирор нишона ҳам қолмайди.

Йиллар ўтиб Мирзо Улуғбекнинг асарлари дунёга ёйилгач, турли Европа мамлакатлари вакиллари Улуғбек эришган натижаларнинг аниқлиги ва мукаммаллигидан ҳайратга тушиб, ушбу маълумотлар қўлга киритилган жой ва муҳит ҳақида билишга қизиқишлар пайдо бўлади.

Ўз даврида Самарқандга келган англиялик А.Борне маҳаллий аҳолининг гапларига таяниб, расадхонани Регистон майдонида бунёд этилган Мирзо Улуғбек мадрасаси ўрнида бўлганлигини айтса, 1863 йилда Самарқандга дарвеш кўринишида саёҳатга келган венгриялик А.Вамбери маҳаллий аҳоли вакиллари унга ҳаттоки расадхона жойлашув ўрнини кўрсатишганини, лекин расадхонадан бирор из бўлмаганлиги сабабли у ҳам аниқ маълумот тўплай олмаганлигини таъкидлайди.

Расадхона жойлашуви ҳақидаги аниқ маълумотлар ХIХ аср охири ХХ аср бошларида олиб борилган изланишлар натижасида қўлга киритилади. Ушбу бино ҳақида аниқ маълумотларни тўплаш 1895-1917 йилларда Тошкентда фаолият юритган В.Бартольд бошчилигида ўз таркибига кўплаб ўлкашунос тарихчиларни жамлаган «Туркистон ҳаваскор археологлар жамоаси» вакилларини ҳам қизиқтирган.

Ушбу жамоа вакиллари В.Наливкин ва В.Стратоновлар ҳам расадхона ҳақидаги ўз тахминларини илгари суради. Расадхона ҳақидаги аниқ маълумотлар ушбу жамоа аъзоси В.Вяткин ва самарқандлик Абу Саид Мағзум томонидан аниқланади.

Абу Саиднинг Қўқон хонлиги архивида сақланаётган ҳужжатларни ўрганиш жараёнида XVII асрга тегишли ҳужжатдаги маълумотлар орасида Тал-и расад ҳақидаги маълумотларни ўқиб қолиб, гап Мирзо Улуғбек расадхонаси қурилган тепалик ҳақида кетаётганлигини англайди ва ҳужжатни Вяткинга тақдим этади. Вяткин ушбу ҳужжатдаги маълумотларни ўзида мавжуд З.Бобурнинг «Бобурнома» асаридаги, Абу Тоҳирхожанинг «Самария» рисоласида келтирилган маълумотлар билан таққослаб ушбу ҳужжатдаги маълумотлар айнан расадхона жойлашув ўрни ҳақида эканлигига амин бўлади ва тўпланган маълумотлар асосида 1908 йилда Вяткин бошчилигида қазиш ишлари бошланади. Мирзо Улуғбек расадхонасида ишлатилган, Вяткин томонидан бу ускуна квадрант ускунаси бўлиши мумкинлиги тахмин қилинган ускунанинг сақланиб қолинган ер ости қисми қазиб очилади. Вяткин томонидан амалга оширилган ишлар оламшумул воқеа сифатида баҳоланиб, ўша давр матбуотида асосий эътибор қаратилган мавзуга айланади.

Улуғбек ҳайкалини у яшаб, ижод этган Самарқанд шаҳрида қўйиш таклифи илгари сурилади. Мирзо Улуғбекка ҳайкал ўрнатиш фикри олимлар томонидан ҳам турлича қабул қилинди. Масалан, Н.Веселовский ушбу ғояни қўллаб-қувватлаган бўлса, В.Бартольд ушбу маблағни Мирзо Улуғбек расадхонасини келажак авлод учун сақлаб қолиш чораларини кўришга сарфлаш таклифини киритади.

Бу фикр кўпчиликка маъқул тушиб, йиғилган маблағ таъмирлаш ишлари учун сарфланади. 1914 йили Улуғбекка ҳайкал ўрнатиш мақсадида рус астрономик жамияти томонидан йиғилган маблағга расадхона тепалигининг усти (50 метрли диаметрга эга бўлган майдон) текисланади. 1915 йили инженер Лебедевнинг лойиҳасига кўра, секстантнинг қазиб очилган қолдиқ қисмининг тепасига ёйли гумбаз қурилади.

Ҳозирги кунда ҳам расадхонанинг ушбу қисми Самарқандда мавжуд бўлиб, бинонинг рўпарасида очилган музей биносида расадхонанинг тарихи ва иш жараёнлари ҳақида маълумотлар берилган.

А.Умаров,

Мирзо Улуғбек музей-мажмуаси катта илмий ходими.