Мобил алоқа компаниялари учун солиқдан имтиёз қўлланилади
Самарқанд вилояти ҳокимининг ҚАРОРИ
Самарқанд вилоятидаги антенна-мачта иншоотлари ва улар эгаллаган ер участкаларини юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқдан ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғидан озод этиладиган қишлоқ жойларга кирадиган аҳоли пунктлари рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 январдаги “Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-104-сонли қарори билан тасдиқланган “Йўл харитаси”нинг 6-банди ижросини таъминлаш ҳамда ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, алоҳида ёндашувлар асосида хизматлар соҳасини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларини молиявий ресурслар ва инфратузилма билан таъминлаш ҳамда уларга қулай солиқ режимини жорий этиш мақсадида “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунининг 6 ва 25-моддаларига асосан ҚАРОР ҚИЛАМАН:
1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Туризм ва спорт вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2022 йил 1 апрелдан бошлаб қишлоқ жойларда антенна-мачта металл конструкцияларини, уларга ўрнатилган ва уларнинг ажралмас қисми бўлган конструкциялар ҳамда улар эгаллаган ер участкаларини юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқдан ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғидан озод этиш бўйича таклифига розилик берилганлиги инобатга олинсин.
2. Ҳудудларда хизматлар соҳасини ривожлантириш мақсадида антенна-мачта иншоотлари ва улар эгаллаган ер участкалари юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқдан ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғидан озод этиладиган қишлоқ жойларига кирадиган аҳоли пунктлари рўйхати иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари (Ж.Ўроқов), вилоят давлат солиқ бошқармаси (А.Иноғомов) рўйхатга киритилган қишлоқлар ҳудудида мобил алоқа компаниялари бўйича қўлланилаётган имтиёзларга қатъий риоя қилинишини таъминласин.
4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўроқов зиммасига юклансин.
Вилоят ҳокими Э.Турдимов
2022 йил 4 апрель
155-7-0-Q/22
***
Қарор ва унинг иловаси билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин.
|