Молия бошқармаси: Ички йўлларни таъмирлаш фақат битта туманда бошланган

Жорий йилда вилоятимиздаги шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармаларига 2022 йил бюджети параметрларида ички хўжалик йўлларини таъмирлаш учун 23,2 миллиард сўм сўм маблағ ажратилган.

Шундан 36 фоизи, 8,3 миллиард сўмга туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан манзилли дастур тасдиқланган, 17,7 километрдаги йўллар асфальт ва цемент бетон қопламали йўллар таъмирланиши режалаштирилган.

Бу ҳақда вилоят матбуот уйида вилоят молия бош бошқармаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида маълумот берилди.

Бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Ойбек Оқбўтаевнинг маълум қилишича, 2022 йилнинг 6 ойида ички хўжалик йўлларини таъмирлаш ишлари Самарқанд шаҳрида бажарилган, қолган туманлар ободонлаштириш бошқармаларида лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланиб, пудратчилар аниқлаш учун тендер танловлари ўтказилган. 14,8 миллиард сўм маблағ Президент ва Ҳукуматнинг қарорига асосан 27,3 километр ички йўлни таъмирлаш учун жамоатчилик фикри билан дастур қабул қилинган. Бироқ, Иштихон туманидан бошқа шаҳар ва туманларда ички йўлларни таъмирлаш ишлари бошланмаган.

Бундан ташқари, шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармаларига мавжуд қабристонлар атрофини 13,1 километр девор билан ўраш ва таъмирлаш учун 2022 йилда 3,27 миллиард сўм маблағ ажратилган.

Бугунги кунда 8 та шаҳар ва туманларда 798 миллион сўмлик иш бажарилиб, қабристонлар атрофини ўраш учун 2,6 километр девор қурилган.

Уй-жой коммунал хизмати бошқармасининг инжиниринг компаниясига Иссиқлик манбаи ДУК тармоқларини таъмирлаш учун 3,15 миллиард сўм, кўп қаватли уйлар лифтларини таъмирлаш учун 7,6 миллиард сўм, кўп қаватли уйлар атрофини ободонлаштириш, болалар майдончалари қуриш учун 2,1 миллиард сўм маблағ ажратилган.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.