Мотуридий ва Маҳдуми Аъзам қадамжоси обод бўлади, янги объектлар ва уй-жойлар барпо этилади

Вилоят ҳокимлиги, вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси ҳамкорлигида Имом Мотуридий ва Маҳдуми Аъзам зиёратгоҳларини реконструкция ва реставрация қилиш, шунингдек, вилоятда барпо этилаётган лойиҳалар билан  танишиш мақсадида пресс-тур ташкил этилди.

Дастлаб калом илмининг султони Имом Абу Мансур Мотуридийнинг Самарқанд шаҳридаги мажмуаси билан танишилди. Яқинда давлатимиз раҳбари Самарқандга ташрифи давомида Имом Мотуридий мажмуасида қурилиш ва таъмирлаш ишларини олиб бориш, Оқдарё туманидаги нақшбандия таълимотининг раҳнамоларидан бири Маҳдуми Аъзам қадамжосини таъмирлаш ва ободонлаштириш ҳақида айтиб ўтган эди.

Дунё мусулмонларининг 70 фоизи Мотуридий таълимоти асосида Ислом динига эътиқод қилади

- Ушбу мақбара 2000 йилда Биринчи Президентимиз ташаббуси билан буюк имом, фақиҳ, калом илмининг соҳиби, Мотуридия таълимотининг асосчиси Абу Мансур Мотуридий, ал-Ханафий, ас-Самарқандий шарафига бунёд этилган, - дейди Имом Мотуридий мажмуаси раҳбари Улуғбек Амиров. - Мотуридий 870 йилда Самарқанднинг Мотурид қишлоғида  таваллуд топган ва умрининг охири (944 йил)га  қадар шу ерда яшаган.  Мадинадаги Боқеъа ва Маккадаги Муъалло қабристонларидан кейинги учинчи ўринда турадиган Чокардиза қабристонига дафн этилади. Бу манзилда юзлаб улуғ алломалар, саййидлар, шайхлар, имомлар ва ғозийлар дафн қилинган.

Мотуридий Имом Аъзам Абу Ҳанифа  мазҳабини ривожлантиради, Ислом динини турли оқим ва гуруҳларга бўлиниб кетишини олдиндан кўра олган ва уни олдини олишга уринган илоҳиёт илмининг асосчиларидан бири бўлган. Дунё мусулмонларининг 70 фоизи ал-Мотуридий таълимоти асосида Ислом динига эътиқод қилиши олим яратган "Мотуридия" таълимот мактаби ғояларининг қанчалик аҳамиятли эканидан далолат беради.

Президентимиз қарорига кўра, бу йил юртимизда аллома таваллудининг 1155 йиллиги кенг нишонланади. Қайд этилганидек, Мотуридий мажмуасида 1500 кишига мўлжалланган жоме масжид, маъмурий бино қурилиши кўзда тутилган. У ерда кутубхона, мажлислар зали, инновацион музей ҳамда мутахассислар учун хоналар бўлади. Мажмуа яқинида зиёратчилар учун автотураргоҳ, таҳоратхона қурилади. Албатта, бу эзгу ишлар Мотуридий бобомизнинг бой илмий-маънавий мероси ва таълимотини чуқур ўрганиш, тадқиқ этиш ҳамда мамлакатимизда ислом қадриятларини асл ҳолатда тарғиб қилиш ва соф ақидавий йўналишни кенг ёйишда муҳим аҳамият касб этади.

Маҳдуми Аъзам пайғамбарлар авлодидан бўлган(ми?)

Оқдарё туманидаги Маҳдуми Аъзам қадамжосидамиз. Бу зот 1461 йилда Наманган вилоятининг Косонсой туманида туғилган. Манбаларга кўра, Маҳдуми Аъзам ҳазратлари 21 аждод билан пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга етиб боради, яъни пайғамбар авлодидан. Ёшлик чоғларида Фарғонадаги мадрасада савод чиқариб, Самарқандда Хожа Аҳрор Валининг шогирди мавлоно Муҳаммад Қозий қўлида пирлик даражасига етишади. Кейинчалик ўзи тариқат илмига доир 40 зиёд асар ёзади ва 60 нафар шогирдини пирлик даражасига етказади. Бу зотга илм ва дин йўлидаги хизматлари учун Маҳдуми Аъзам унвони берилади. Аъзам арабчада улуғ маъносини билдиради, яъни аллома улуғлик даражасига эришган. 1542 йилда 81 ёшида Самарқандда вафот этган. Мажмуа Маҳдуми Аъзамнинг набираси Хўжа Ҳошим даврида 1618 йилда Самарқанд шаҳар ҳокими Ялангтўш Баҳодир томонидан бунёд этилган. 

Аллома мангу қўним топган зиёратгоҳ Президентимиз ташаббуси билан реконструкция қилинадиган бўлди. Маҳдуми Аъзам зиёратгоҳининг умумий майдони 4,7 гектарни ташкил этади. Мақбара ёнида уч қаватли автотураргоҳ, таҳоратхона, масжидга қўшимча айвонлар қурилиши режалаштирилмоқда. Шунингдек, ҳудудда обонлаштириш ишлари олиб борилиб, зиёратчилар учун дам олиш масканлари ҳам барпо этилади.

180 минг аҳоли учун замонавий шаҳарча барпо этилмоқда

Кейинги манзил Ширин дирекцияси бўлди. “Ширин” бизнес шаҳри Самарқанднинг шимолий қисмида, Зарафшон дарёси бўйида жойлашган. Умумий майдони 665 гектарни ташкил этади. Лойиҳа 180 минг нафар аҳоли учун мўлжалланган бўлиб, тураржой ҳудудлари, маъмурий ва бизнес марказлари, таълим ва тиббиёт муассасалари, шунингдек, замонавий транспорт ва муҳандислик коммуникацияларини ўз ичига олади. Шаҳар қурилиши Самарқанд минтақасини ривожлантиришга қаратилган урбанистик стратегиянинг бир қисми бўлиб, замонавий меъморий ечимлар ва илғор қурилиш технологияларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади. Лойиҳа юқори даражадаги энергия самарадорлиги ва экологик хавфсизликни таъминлашга қаратилган.

- Шаҳарнинг энергия таъминотининг 30 фоизи қуёш панеллари, 60 фоизи сув ва чиқиндиларни қайта ишлаш технологияларидан фойдаланган ҳолда таъминланади, - дейди  Ширин дирекцияси бош муҳандиси Ботир Пардаев. - Шунингдек, шаҳарчада когенерация қурилмалари жорий этилади. Ушбу тизимлар бир вақтнинг ўзида иссиқлик ва электр энергиясини ишлаб чиқариш имконини беради. Шаҳарда “ақлли” сув таъминоти, автоматлаштирилган энергия бошқаруви ва экологик тоза транспорт тизимлари жорий этилади. Лойиҳанинг биринчи босқичи 100 гектар ҳудудни қамраб олиб, 30 минг аҳоли истиқомат қилиши учун мўлжалланган. Ушбу босқич доирасида 6 та асосий лот турли функциялар учун қурилиши режалаштирилган.

Дастлаб халқаро таълим стандартларига жавоб берувчи университет қурилади. Ушбу олий ўқув юртига дунё миқёсидаги профессорлар жалб қилиниб, илмий-тадқиқот лабораториялари яратилади. Кейин аҳоли учун юқори технологияли тиббий хизмат кўрсатиш маркази - кўп тармоқли клиника барпо этилади. Зарафшон дарёси бўйлаб дам олиш масканлари, кафелар, ресторанлар ва туристик объектлар билан жиҳозланган махсус зона бунёд этилади. Навбатдаги босқич болалар боғчалари, мактаблар, спорт майдончалари ва дам олиш масканларини ўз ичига олган замонавий тураржой мажмуаларидан иборат бўлади. Шунингдек, йирик савдо-кўнгилочар марказлари – савдо дўконлари, ресторанлар, концерт заллари ва дам олиш объектлари жойлашади.

Бундан ташқари, чиқиндиларни саралаш имкониятига эга замонавий чиқинди йиғиш пунктлари ташкил этилади. Шаҳарсозликнинг замонавий транспорт инфратузилмасини яратиш мақсадида монорельс тизими ва осма кўприклар қурилиши режалаштирилган. Монорельс тизими аҳоли ва сайёҳлар учун тез ва қулай жамоат транспорти бўлиб, шаҳарнинг асосий ҳудудларини бирлаштиради. Бу эса йўллардаги тирбандликни камайтириш ва экологик тоза транспорт воситаларидан фойдаланиш имконини беради.

Таъкидланишича, шаҳарчада аҳоли учун қулайлик яратиш мақсадида, 70 фоиз тураржой биноларининг биринчи икки қавати савдо ва хизмат кўрсатиш майдонлари учун ажратилади. Биринчи босқич қурилиши доирасида 88 та тураржой биноси барпо 3060 ўринли 8 та болалар боғчаси ва умумий 10 минг 80 ўринли 6 та умумтаълим мактаби қурилади. Автомобиллар учун 7 минг ўринли ерости автотураргоҳлари барпо этилади. Мазкур лойиҳа доирасида таълим, тиббиёт, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида 10 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.

Ҳарбий госпитал ўрнида болалар ва жамоат парклари ташкил этилади

Вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси маълумотига кўра, Самарқанд шаҳрида аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида замонавий турар жойлар барпо этилади. Жумладан,  шаҳардаги Барака, Ипак йўли, Темирйўлчилар, Майсазор, Меҳнат ва Матонат маҳаллалари ҳудудида реновация асосида уй-жойлар бунёд этилади. Ушбу  массив 301 гектар майдонни эгаллаб, 141,2 гектарида турар жойлар қурилади. Массивда маъмурий марказ, хизмат кўрсатиш бинолари, лойиҳавий саноат ҳудуди ҳам бўлади. Шу билан бирга, Самарқанд шаҳридаги Ўзбекистон кўчасида жойлашган ҳарбий госпитал негизида болалар ва яшил жамоат парклари барпо этилиши режалаштирилмоқда.

- Болалар ва яшил жамоат парклари қурилиши режалаштирилаётган ҳудуднинг ер майдони 5,4 гектар бўлиб, бинолар сони 20 та,  шундан учтаси маданий мерос объекти, - дейди вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Сарвар Бобоназаров. - 1870 йилларда қурилган мазкур тарихий объектлар атрофида кўп йиллик дарахтлар мавжуд.  Бугунги кунда ушбу госпитал ўрнида истироҳат боғи ташкил қилиш мақсадида мукаммал лойиҳа ишлаб чиқилмоқда. Яъни, бино ва дарахтларга зарар етказмаган ҳолда музей, креатив тўгараклар, павильонлар, ёпиқ ва очиқ аттракционлар, асосийси, ҳудуддаги аҳоли ва сайёҳлар учун дам олиш маскани ташкил этилади.

Фазлиддин Рўзибоев.