Муаллифлик ҳуқуқи ҳимояси: хорижда қандай, бизда-чи?
Самарқанд шаҳрида Шарқ ва Европа мамлакатлари муаллифлар мулкий ҳуқуқларини жамоавий бошқарувчи ташкилотлар Халқаро ассоциацияси (ASIPREEC)нинг навбатдаги йиғилиши доирасида “Муаллифлар ва бошқа ҳуқуқ эгаларининг ҳуқуқларини бошқариш: муаммолар ва уларни ҳал этиш механизмлари” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Анжуманда Қозоғистон, Молдова, Грузия, Швеция, Чехиянинг муаллифлар ва турдош ҳуқуқларини жамоавий асосда бошқарувчи ташкилотлар вакиллари, республика Санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш палатаси ҳамда Олий Мажлис Сенати аъзолари бевосита ва Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (WIPO-Женева), Муаллифлар ва композиторлар жамиятлари халқаро конфередерацияси (SIZAK-Париж) ва Озарбайжон ташкилоти вакиллари ZOOM платформаси орқали иштирок этди.
- Мазкур конференцияни ўтказишдан мақсад муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бу борадаги халқаро алоқаларни кенгайтириш, тузилган ҳамкорлик шартномаларини амалда қўллаш, мулкий ҳуқуқларни минтақа ва халқаро доирада бошқариш механизмларини жорий этиш, республикамизнинг соҳага оид халқаро мажбуриятларини бажаришга кўмаклашиш, ташкилотлар ўртасида ахборот алмашинувини кенгайтиришдан иборат, - дейди Санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш палатаси раиси Б.Тошев. - Муаллифлик ҳуқуқларининг бузилиши бугунги кунда ўта долзарб масалага айланди. Рақамли технологиянинг ривожланиши ва интернет тармоғи имконияти кенгайиши билан интеллектуал мулк улкан таҳдид остида қолди. Интеллектуал мулк объекти бўлган фан ва адабиёт, санъат асарлари, фильмлар, фонограммалар интернет туфайли ҳамманинг “қўли етадиган” “матоҳ” га айланди.
Аммо аксарият давлатларда интеллектуал мулк давлат томонидан ҳимояланади. Юртимизда ҳам муаллифлик ҳуқуқи муҳофазасига қаратилган қатор қонун ҳужжатлари бор. Хусусан, “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонуннинг 19, 39-моддаларида муаллифнинг асаридан фойдаланилганлик учун муаллифлик ҳақининг тўланиши хусусида ҳуқуқий нормалар келтирилган. Фақат бу қонунларга қатъий амал қилиш, ижросини таъминлаш керак.
Конференцияда соҳага оид муаммоларга ечим топиш, халқаро ҳамкорликни янада кучайтириш, дунёда юзага келаётган воқеликлар ва рақамли муҳит шароитларини инобатга олиб, соҳага замонавий ва таъсирчан механизмларни жорий этиб бориш, хориж тажрибасини чуқур ўрганиш асосида амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш ва ҳуқуқий тарғибот ишларини янада кенгайтиршга келишиб олинди.
- Қозоғистонда муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи 20 дан ортиқ ташкилот тузилган, - дейди Қозоғистондаги “КазАК” бош директори Б.Есеналиев. – Лекин бундай ташкилотларнинг кўплиги ва келишмовчиликлар натижасида муаллифлар ҳамда бошқа ҳуқуқ эгалари ўзларининг мулкий ҳуқуқларини амалга оширишда турли қийинчиликларга дуч келмоқда. Масалан, аудиоасарлар, телесериаллар ёки мультфильмлар муаллифларини бошқарадиган битта ташкилот тузиш ва уни тартибга солиш мумкин. Бугунги конференцияда шу каби муаммоларга ечим хусусида экспертлар билан тажриба алмашдик.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.